Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 27 / Мутахассис тушунтиради

Товар қайтарилганда солиқ базасига НКМ бўйича тушум юзасидан тузатиш киритиш

 

Савдо шохобчаси харидор-жисмоний шахснинг картасига пулни қайтаришни расмийлаштиради. Мижоздан қайтариш учун ариза мавжуд, шунингдек у НКМ ва терминал чекини қайтарди.

Бу ҳолда ҚҚС ҳисоб-китобини топширишда солиқ базасига қандай қилиб тузатиш киритиш мумкин?

 

Саволга ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ онлайн-НКМ ва виртуал кассалар бўлими бошлиғи Элнор ФОЗИЛОВ жавоб берди:

– НКМга киритилган суммаларни қайтариш қуйидаги ҳужжатлар билан тартибга солинган:

● онлайн-НКМ ва виртуал кассалар учун – Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом (23.11.2019 й. 943-сон ВМҚга 1-илова);

● фискал хотирали НКМ учун – Назорат-касса машиналарининг фискал хотирасига киритилган суммаларни қайтариш тартиби (Низомга 6-илова, 17.11.2011 й. 306-сон ВМҚ билан тасдиқланган). 

 

НКМ орқали ўтказилган пулни ҳар бир қайтариш таомилини якунлаш учун албатта у орқали қайтариш чекини уриш зарур. Айнан ушбу жиҳат ССБга тўғри тузатиш киритишда ҳал қилувчи ҳисобланади. Қайтариш чекини расмийлаштиришда НКМнинг ўзи солиқ базасига тузатиш киритади ва сизга солиқлар бўйича кейинчалик ҳисоб-китоблар учун тайёр натижани беради.

 

Агар қайтариш мижознинг банк картасига амалга оширилса, тадбиркорлар баъзан бу ҳолда қайтариш чекини онлайн-НКМ (виртуал касса) орқали уриш зарур эмас, деб хато ўйлашади. Бироқ нақд пулга ва пластик карталар ёрдамида чакана сотишнинг солиқ ҳисоби НКМ ёрдамида юритилади. Шу боис тадбиркорлар банк карталари орқали тўлов амалга оширилган барча сотишларни НКМ ёки виртуал касса орқали ўтказишлари шарт. Савдо (вендинг) автоматлари ёрдамида сотиш ҳолатлари бундан мустасно (6.09.2019 й. ПФ-5813-сон Фармон 5-б.; 4.06.2021 йилдаги ­ПҚ-5136-сон қарор 4-б.; 23.11.2019 й. 943-сон ВМҚга ­1-илова 6-б.).

Ҳам онлайн-НКМ (виртуал кассалар), ҳам фискал хотирали НКМ билан боғлиқ вазиятларда нормага ­эътибор қаратиш зарур, унга асосан товарларни реализация қилишдан олинган даромадларга пул маблағлари қайтарилган солиқ даврида тузатиш киритилади.

Агар сиз харидорга пулни товар сотилган солиқ давридан кейинги солиқ даврида қайтарсангиз, демак, жорий солиқ даврида сиз ҚҚСни сотиш даврида уни қанча ортиқча тўлаган бўлсангиз, шунча кам тўлайсиз.

Бунда маълумотларни солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда акс эттириш баъзи техник хусусиятларга боғлиқ бўлади.

1. Агар сиз онлайн-НКМ (виртуал касса)дан фойдалансангиз ва сизда солиқ ҳисоб-китобида онлайн-НКТ маълумотларини автоматик тарзда акс эттириш функцияси ўчирилмаган бўлса, 943-сон ВМҚга 1-илова 6-бобининг барча талабларига риоя қилинган тақдирда жорий солиқ даврида онлайн-НКМ бўйича сумма қайтариш амалга оширилганлиги ҳисобга олинган ҳолда акс эттирилади.

2. Агар онлайн-НКМ (виртуал касса)дан фойдаланилаётган ва автоматик тарзда акс эттириш функцияси ўчирилган бўлса, онлайн-НКТ маълумотлари солиқ ҳисоб-китобига умумлаштирилган ҳолдаги бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этиш йўли билан келиб тушади. У Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг 59-бандида белгиланган қоидалар бўйича шакллантирилади (14.08.2020 й. 489-сон ВМҚга ­2-илова). Бундай ҳисобварақ-фактурани шакллантиришда солиқ тўловчи унга онлайн-НКМ (виртуал касса)дан ёки шахсий кабинетдан умумлаштирилган маълумотларни олиб ўтади. Яъни, агар қайтариш 943-сон ВМҚга 1-илова 6-бобининг барча талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилган бўлса, кабинетга бир йўла амалга оширилган қайтариш ҳисобга олинган ҳолдаги сумма келиб тушади.

 

Солиқ ҳисоб-китобида онлайн-НКМ маълумотларини автоматик тарзда акс эттириш функциясини «Чек маълумотлари солиқ ҳисоботларида эттирилсинми?» сатри («Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида маълумот» солиқ тўловчининг шахсий кабинети электрон хизматининг «Тушумлар бўйича ҳисобот» менюси) олдида белги қўйиш (олиб ташлаш) орқали ёқиш (ўчириш) мумкин.

Шунингдек, савдо шохобчасида ассортиментда ҚҚСли ва ҚҚСсиз товарлар мавжуд бўлганда, ҚҚСли товарни қайтаришни фақат жорий Z-ҳисобот бошланган пайтдан эътиборан ҚҚСли товарларни сотишдан кассада зарур пул суммаси мавжуд бўлмаганда амалга ошириш мумкин бўлади. Савдо шохобчаси ишини ушбу хусусиятни ҳисобга олган ҳолда қандай йўлга қўйиш ҳақида биз «Кассада пул йўқ, мижоз эса пулни қайтаришни талаб қилмоқда…мақоласида ёзганмиз («СБХ»нинг 29.06.2021 й. 26-сони).

 

3. Агар сизда – фискал хотирали НКМ (эски намунадаги НКМ) бўлса, ундан маълумотлар солиқ бўйича ҳисоб-китобга умумлаштирилган ҳолдаги бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этиш йўли билан келиб тушади. У Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомнинг ­59-бандида белгиланган қоидалар бўйича шакллантирилади. Уни шакллантиришда солиқ тўловчи ҳисобот даври учун умумлаштирилган маълумотларни назорат-касса китобидан кўчиради. Шунингдек, улар, агар сиз Назорат-касса машиналарининг фискал хотирасига киритилган суммаларни қайтариш тартибига риоя қилган бўлсангиз, амалга оширилган қайтаришни ҳисобга олган ҳолда акс эттирилади.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

Прочитано: 106 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика