Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 17 / Иш берувчига ёрдам

Тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича қандай ишдан бўшатиш мумкин

 

Меҳнат муносабатларини давом эттиришга объектив сабаблар тўсиқ бўлиши мумкин, улар ходимга ҳам, иш берувчига ҳам боғлиқ бўлмайди. Бундай ҳолатлар МКнинг 106-моддасида санаб ўтилган.

 

Ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда (МК 106-м. 1-б.)

Ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда, бу асосга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Буйруқни мудофаа ишлари органининг чақирув қоғозига асосан расмийлаштиринг. Ходимдан ўз ихтиёрига кўра ариза ёзишини талаб қилманг. Ишдан бўшатилаётган ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланг (МК 109-м. 1-қ. 3-хатбошиси).

 

ВАЗИЯТ. Ходим муддатли ҳарбий хизматга чақирилди

Ходим мудофаа бўлимидан келган чақирув қоғозини кадрлар бўлимига тақдим этди. Бироқ унга ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишини айтишди. Шу тўғрими?

Йўқ, нотўғри. Ходимни МКнинг 99-моддасига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга мажбурлаш мумкин эмас. Бу ноқонунийдир. Буйруқни МКнинг 106-моддаси 1-бандига биноан расмийлаштиринг.

 

Амалдаги қонун ҳужжатларида ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш учун муайян муддат белгиланмаган. Шу боисдан ишдан бўшатиш санасини ходим чақирув қоғозини тақдим этган пайтдан эътиборан тарафларнинг келишувига кўра белгиланг.

Ҳарбий хизматга чақирилган ходимнинг иш жойини сақлаб турманг, бу назарда тутилмаган. Бироқ захирага бўшатилган ходим қайта ишга қабул қилишларини сўраб мурожаат қилганда – чақирув кунидан бошлаб мурожаат қилинган кунгача 3 ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қабул қилинг (МК 68-м. 5-қ.; «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 43-м.). Мазкур ҳолатда ишга жойлаштиришни рад қилиш мумкин эмас. Ҳарбий хизматга чақирилган ходим ўрнига қабул қилинган ходим билан тузилган меҳнат шартномасини МКнинг 106-моддаси 2-бандига биноан бекор қилинг.

Ҳарбий билим юртларига ўқишга кирган ёки шартнома бўйича ҳарбий хизматга кетган ходимларни ишдан бўшатиш учун МКнинг 106-моддаси 1-бандини қўлламанг. Бундай ҳолатларда ходимнинг ташаббуси билан ёки тарафларнинг келишувига кўра меҳнат муносабатларини бекор қилинг (МК 97-м. 1-б., 99-м.).

 

Ҳарбий йиғинларга чақирилган ходимларни ишдан бўшатманг, корхона тугатиладиган ҳолатлар бундан мустасно («Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг 32-м. 5-қ.). Йиғин пайтида (15 суткадан 30 суткагача) ҳамда белгиланган жойга бориш ва қайтишга кетадиган вақтда ходимнинг иш жойини (лавозимини) ва ўртача иш ҳақини сақлаб туринг.

 

Шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда (МК 106-м. 2-б.)

Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ушбу асос бўйича қуйидаги ҳолатларда бекор қилинг:

1) унинг ўрнига ишга қабул қилинган ва ноқонуний равишда ишдан бўшатилган ходим суднинг, юқори турувчи органнинг қарорига кўра ёки иш берувчининг қарори билан ишга қайта тикланганда;

2) ноқонуний тарзда бошқа ишга ўтказилган ходим юқори турувчи органнинг, шунингдек меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қарорига кўра ўз ишига қайта тикланганда;

3) муддатли (муқобил) ҳарбий хизматдан қайтган ходимни унинг ҳарбий хизматга чақирилган кунидан бошлаб 3 ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига қайта тикланганда (МК 68-м. 5-қ.);

4) ғайриқонуний равишда судланганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходим ишига қайта тикланганда (МК 271-м. 3-қ.);

5) аввал ноқонуний тарзда ишга қабул қилиш рад этилган шахс суднинг қарори билан ишга олинганда (ОСПнинг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарори 41-б.).

Ходимни бошқа ишга ўтказишнинг имкони бўлмасагина, меҳнат муносабатларини бекор қилинг. Аввало унга мутахассислиги ва малакасига мос келадиган ишни, бундай иш мавжуд бўлмаса – бошқа бўш лавозимни (шу жумладан қуйи лавозимни ва кам ҳақ тўланадиган ишни) таклиф қилинг. Бўш лавозимлар рўйхатини таклиф тариқасида ёзма шаклда тузиш мумкин. Унда ходим бошқа ишга розилиги ёки норозилигини ёзма равишда қайд этиши лозим. Ходим таклиф этилган бўш лавозимни рад қилса ва буни оғзаки билдирса, бу ҳақда далолатнома тузинг. Бу меҳнат низолари юзага келганда иш берувчининг хатти-ҳаракатлари тўғрилигини исботлаш учун керак бўлади.

Бўш иш ўрни бўлмаганда ёки ходим бошқа ишга ўтишни рад қилганда, меҳнат шартномасини умумий асосларда бекор қилинг (МК 92-м. 2-қ.). Буйруқни расмийлаштиринг. Ходимни ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантириш шарт эмас.

Ишдан бўшатилганда ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақасини тўланг, иш қидириш даврида ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда, бироқ 2 ойдан кўп бўлмаган муддатга ўртача иш ҳақини сақлаб туринг (МК 67-м., 109-м. 1-қ. 3-хатбошиси).

Ходимни МКнинг 106-моддаси ­2-бандига кўра ишдан бўшатишда касаба уюшмаси қўмитасининг ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг розилиги талаб этилмайди.

Кўриб чиқилаётган асос бўйича ҳомиладор аёллар ва 3 ёшгача болалари бўлган аёллар, шунингдек таътилда бўлган ва бетоб ходимлар билан меҳнат муносабатлари бекор қилиниши мумкин. Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлиқ тўланг, бунда ишдан бўшатилганидан кейин касаллик даври ҳам ҳисобга киритилади (АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 11-б.).

 

МИСОЛ. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа тўлаш 

5 сентябрда МКнинг 106-моддаси ­2-банди бўйича ходим билан тузилган меҳнат шартномасини 6 сентябрдан бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилди. Бироқ ишдан бўшатиладиган кунда ходим бетоб бўлиб қолди ва ишга чиқмади. Поликлиникада унга 5 кунга касаллик варақаси очилди, 10 сентябрь ҳам ҳисобга киритилди. 6 сентярдан ишдан бўшатилганига қарамай, унга касаллик даврида 10 сентябрга қадар вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланиши лозим. 

 

Суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда (МК 106-м. 3-б.)

Ходим маҳкум этилганлиги сабабли аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган тақдирда, қуйидаги ҳолатларда ушбу асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилинг:

1) озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, шу жумладан умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган, иш жойи бўлмаган жойларда ахлоқ тузатиш ишларига, муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум этилган бўлса,  бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имконияти бўлмаса;

2) ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига юборилганда.

Қуйидаги ҳолатларда ходимни ушбу асосга кўра ишдан бўшатманг:

ходим иш жойи бўйича ахлоқ тузатиш ишларига, жаримага, мажбурий жамоат ишларига тортилганда, озодлиги чекланганда ёки  ташкилотингизда ишлашни давом эттиришига тўсиқ бўлмайдиган шартли ҳукм қилинганда;

озодликдан маҳрум этилган муддат суднинг ҳукми кучга кирган пайтда дастлабки қамоққа олиш (ҳибсда сақлаш) даврини ҳисобга олиш натижасида тугаган ва ходим ишни давом эттириши мумкин бўлганда.

Бундан ташқари, ходим ҳибсга олинган, дастлабки тергов босқичида (ҳукм чиқарилгунига қадар) қамоқда ёки уй қамоғида ушлаб турилганда. Юқорида айтиб ўтилганлар жазо чоралари эмас, балки олдини олиш тадбирлари ҳисобланади. Мазкур ҳолатларда ходимнинг табелида ишга келмаган деб қайд этинг ва иш ҳақи ҳисобламанг. Бироқ МКнинг 106-моддаси 2-бандига кўра ишдан бўшатиш мумкин эмас.

Ходимга муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси белгиланганда уни дарҳол ишдан бўшатишингиз шарт эмас. Бўш иш лавозимлари мавжуд бўлганда, ходимнинг розилиги билан уни суд томонидан белгиланган чекловлар остига тушмайдиган бошқа ишга ўтказишингиз мумкин бўлади.

Суднинг ҳукми нусхасини олгандан кейин буйруқ чиқаринг. Меҳнат шартномаси бекор қилинган сана сифатида ҳукм кучга кирган санани кўрсатинг. Ҳукм эълон қилингандан кейин 10 кун ўтгач, агар ушбу даврда шикоят берилмаган бўлса, қонуний кучга киради. Шикоят берилган бўлса, иш юқори турувчи судда кўриб чиқилган санада кучга киради.

 

ВАЗИЯТ. Ходим суд қилинган ва умумий тартибдаги колонияда жазони ўташга маҳкум қилинган

Ходимнинг турмуш ўртоғи бу ҳақда иш берувчини хабардор қилган ва ҳукм устидан шикоят қилишларини айтган. Қандай йўл тутиш керак? Ходимни ҳозир ишдан бўшатиш керакми ёки шикоят натижаларини кутиш лозимми?

Суднинг ҳукми кучга кирмасдан МКнинг 106-моддаси 3-бандига кўра меҳнат шартномасини бекор қилманг. Сизга ҳукмнинг нусхасини юборишларини сўраб судга ёзма шаклдаги сўровни расмийлаштиринг (ЖПК 531-м. 5-қ.).

 

МКнинг 106-моддаси 3-бандига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди, вакиллик органининг розилиги талаб этилмайди.

Ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини ва меҳнат дафтарчасини ходимнинг вакиллик органига ишончнома мавжуд бўлганда бериш мумкин.

 

Озодликдан маҳрум қилиш жойидаги шахсларнинг ишончномалари тегишли муассасаларнинг бошлиқлари  томонидан тасдиқланади.

 

Бундан ташқари, ходимнинг ёзма шаклдаги розилиги билан меҳнатга дафтарчасини кўрсатилган манзилга етказиб бериш учун жўнатишингиз мумкин.

Ишдан бўшатиш кунида меҳнат дафтарчасини олгани ҳеч ким келмаган бўлса, ходимга прописка қилинган жойи бўйича келиб меҳнат дафтарчасини ва ҳисоб-китоб қилинган суммани олиб кетишни сўраб почта орқали хат юборинг. Хатга ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини илова қилинг.

Ишдан бўшатилганда ходимлар томонидан ўз вақтида олиб кетилганмаган меҳнат дафтарчаларини 2 йил мобайнида кадрлар бўлимида ишлаётган ходимларнинг меҳнат дафтарчаларидан алоҳида сақланг. 2 йил ичида сўраб олинмаган меҳнат дафтарчаларини корхонанинг архивига юборинг, у ерда яна 50 йил сақланиши лозим. Ушбу муддат тугагач меҳнат дафтарчалари йўқ қилиниши мумкин.

 

Ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганда, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса (МК 106-м. 4-б.)

Қуйидаги шахслар ишга қабул қилинган ҳолатларда ушбу асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилинг:

суднинг ҳукми билан муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян муддатда муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;

ўзаро яқин қариндошлар, башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади (МК 79-м.);

вояга етмаган шахслар тақиқланган ишларга қўйилганда;

зарур ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

қонунда белгиланган ёшга тўлмаган шахслар;

сайланмасдан ёки танловдан ўтмасдан ва бошқа ҳолатларда ишга қабул қилинган шахслар.

Кўриб чиқилган асос бўйича қуйидаги ҳолатларда ишдан бўшатиш мумкин:

1) ишга қабул қилишда йўл қўйилган хатоликни тузатиб бўлмаса;

2) ишга қабул қилишда йўл қўйилган хатолик ишни давом эттиришга тўсқинлик қилганда.

Иш берувчи йўл қўйилган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун барча чораларни кўриши лозим. Агар бундай қилмаса, ходимни МКнинг 106-моддаси 4-бандига кўра ишдан бўшатиш ноқонуний деб эътироф этилиши мумкин.

 

МИСОЛ. Вояга етмаган ўсмирнинг ишга қабул қилиниши

15 ёшли ўсмир ота-онасининг розилигисиз ишга қабул қилинди.

Бу МКнинг 77-моддаси 2-қисмини бузиш ҳисобланади. Бироқ иш берувчи ходимнинг ота-онасига мурожаат қилиб уларнинг ёзма розилигини олса, ҳуқуқбузарлик бартараф этилади ва тегишинча, бу ишдан бўшатиш учун асос деб ҳисобланмайди.

Ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг ва нафақани тўланг, ишга қабул қилиш қоидалари ходим томонидан бузилган ҳолатлар бундан мустасно. Масалан, суднинг муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги ҳукмини яшириш, сохта ҳужжатлар тақдим этиш ва ҳоказо (МК 109-м. 1-қ. 3-хатбошиси). МКнинг 106-моддаси 3-бандига кўра ишдан бўшатишда вакиллик органининг розилиги талаб этилмайди.

Агар ҳуқуқбузарлик ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ расмийлаштирилганига қадар бартараф этилган бўлса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилмаса, ушбу асос бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинмайди. Масалан, зарарли меҳнат шартларида ишлашга қабул қилинган вояга етмаган шахс ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтда 18 ёшга тўлган ёки ота-онасининг розилигини олмасдан 15 ёшли ўсмирнинг ишга қабул қилинганда, кейин эса уларнинг розилиги олинганда.

 

Ходимнинг вафоти муносабати билан (МК 106-м. 5-б.)

Ўлим тўғрисидаги гувоҳномага асосан буйруқ чиқаринг. Унда кўрсатилган сана меҳнат муносабатларини бекор қилинган сана ҳисобланади.

Қоидага кўра, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома вафот этган ходимнинг қариндошлари томонидан тақдим этилади. Улар бўлмаса ёки алоқа боғлашмаса, у ҳолда ўзингиз тегишли туман ФҲДЁ бўлимига ходимнинг вафот этганлиги тўғрисида яна қайта гувоҳнома беришларини сўраб мурожаат қилинг. Бунда ФҲДЁга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этинг:

гувоҳнома оладиган вакилга иш берувчининг ишончномасини;

ўлим тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун сўров бериш. Унда вафот этган ходимнинг қариндошларидан унинг вафоти тўғрисидаги ҳужжатларни олишнинг имкони бўлмаганлигини кўрсатиб ўтинг, бу меҳнат муносабатларини бекор қилишни ҳужжатлар билан тасдиқлаш учун зарур;

меҳнат шартномасининг нусхаси.

Ўлим тўғрисидаги гувоҳнома олинган кунда буйруқ чиқаринг. Яъни буйруқда ходимнинг вафоти муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси буйруқ санасидан олдинги сана бўлиши мумкин.

 

ВАЗИЯТ. Ташкилот ходими тўсатдан вафот этди

Вафот этган ходимнинг турмуш ўртоғи бир ойдан кейин кадрлар бўлимига ўлим тўғрисидаги гувоҳномани олиб келди. Ўлим қайд этилган сана 15 март деб кўрсатилган. Иш вақтини ҳисобга олиш табелига кўра ходим иш жойида бўлган сўнгги сана 13 март деб белгиланган. Қайси сана билан буйруқ чиқарилиши лозим? Сўнгги иш кунини меҳнат муносабатлари бекор қилинган сана деб кўрсатиш тўғри бўладими? Агар нотўғри бўлса, қайси сана кўрсатилиши лозим: ўлим қайд этилган санами ёки кадрлар бўлимига гувоҳнома тақдим этилган санами?

Меҳнат муносабатларини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни ўлим тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилган сана билан расмийлаштиринг. Буйруқда ўлим қайд этилган санани меҳнат муносабатлари бекор қилинган кун деб кўрсатинг. Сўнгги иш кунини меҳнат муносабатлари бекор қилинган кун деб кўрсатманг (МК 107-м. 2-қ.).

 

Буйруққа асосан меҳнат дафтарчасига ёзув киритинг ва ходимнинг шахсий варақасини ёпинг. Ходим томонидан имзоланиши назарда тутилган буйруқдаги ва шахсий карточкадаги устунларни тўлдирилмаган ҳолатда қолдиринг. Меҳнат дафтарчасида иш тўғрисидаги қайдларни ҳам иш берувчининг вакили имзоси ва унинг муҳри билан тасдиқланг.

Меҳнат дафтарчасини ходимнинг қариндошларига беринг. Бу ҳақда умумий тартибда меҳнат дафтарчалари ҳисоби юритиладиган дафтарга ёзув киритинг ҳамда меҳнат дафтарчасини олган шахсдан буни имзоси билан тасдиқлашини сўранг. Олинмай қолинган иш ҳақи ва ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни унинг оила аъзоларидан бирига беринг.

 

ВАЗИЯТ. Иш берувчи ходимнинг вафоти муносабати билан меҳнат дафтарчасини расмийлаштиради ва беради

Ходим вафот этди. Унинг меҳнат дафтарчасининг 2-устунида қайси сана кўрсатилиши лозим? Зарур ёзувлар қайд этилганидан кейин иш берувчи меҳнат дафтарчасини кимга бериши керак?

«Иш тўғрисидаги маълумотлар» бўлимининг 2-устунида ўлим тўғрисидаги гувоҳнома бўйича вафот этган сана кўрсатилади.

Меҳнат дафтарчасини вафот этган ходимнинг яқин қариндошига беринг ёки унинг талабига кўра почта орқали юборинг (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 3.4-б.). Қариндошнинг шахсини ҳамда вафот этган ходим билан қариндошлик алоқалари мавжудлигини ҳужжатлар бўйича текшириб кўринг. Масалан, эр-хотинлар учун – никоҳ тўғрисидаги гувоҳномага, ота-она ва фарзандлари, ака-укалар ва опа-сингиллар учун – паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўйича.

 

Дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган оила аъзосига ёки бошқа шахсга ПҲБМнинг 4 баравари миқдорида нафақа тўланади (Низомнинг 7, 10-б., ВМнинг 14.06.2011 йилдаги ­174-сон қарорига 1-илова).

Шахс нафақа олиш учун ходимнинг вафотидан кейин 60 кундан кечиктирмай мурожаат қилган тақдирда нафақа тўланади (Низомнинг 9-б.).

 

Александр Навотний,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқармаси бошлиғи,

Ленара Хикматова,
«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 832 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика