Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 17 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Ёшлар қандай қўллаб-қувватланади

 

Президентнинг 20.04.2021 йилдаги ПФ-6208-сон Фармони билан ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар белгиланди (ҳужжат матни «СБХ» мазкур сонининг ҳужжатлар пакетида берилмоқда). 

 

Ҳужжатга мувофиқ белгиланган тартибга кўра:

а) 2021 йил 1 майдан бошлаб:

1.01.2023 йилга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Бунда ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар 6 ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан 7-ойдан бошлаб қайтарилади;

«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда «Ёшлар дафтари»га киритилган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади;

«Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкини ижарага олишда ижара тўловлари бўйича имтиёзлар тақдим этилади;

ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60%ига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50%и Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари, қолган ҳудудларда – БҲМнинг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим;

б) 2021 йил 1 июндан бошлаб:

«Ёшлар дафтари»га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30%и, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган миқдори «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан компенсация қилинади;

профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга улар ишлаб-чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда профессионал таълим ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан БҲМнинг икки баравари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратилади;

АТ «Халқ банки», АТ «Алоқа банк» ва «Микрокредитбанк» АТБ томонидан «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга компьютер (шу жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган) харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади. Бунда истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловлари Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;

«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50%и, бироқ умумий ҳисобда БҲМнинг 5 бараваригача бўлган миқдори ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;

хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ҳамда фаолият бошлаганига олти ойдан ошмаган «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми мазкур хусусий корхона ва ташкилотларга Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади;

«Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари БҲМнинг 4 баравари миқдоригача ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Шунингдек 2021 йил 1 майдан бошлаб:

деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларни сектор, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан патронажга олиш тизими жорий қилинади;

«Ёшлар дафтари»га киритилган деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларга «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» ҳамда «Аёллар дафтари» жамғармалари ҳисобидан уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун БҲМнинг 8 баравари миқдоригача субсидия ажратилади.

Белгиланишича, давлат олий таълим муассасаларига 10 тагача маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилади. Ушбу муассасалар ректорлари томонидан бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшайдиган уюшмаган ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш, шу жумладан уларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб қилиш чоралари кўрилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.04.2021 йилдан кучга кирди.

 

Наргиза Воҳидова.

Прочитано: 331 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика