Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 17 / Расмий ҳужжатлар

«Давлат маблағлари ҳисобидан банд бўлмаган аҳолига берилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш, шу жумладан, давлат маблағлари ҳисобидан банд бўлмаган аҳолига берилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Маҳаллий меҳнат органларига иш сўраб мурожаат қилган банд бўлмаган аҳоли учун қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларни тўлаш кўзда тутилганлиги ҳамда нафақа ва бошқа тўловларни амалга ошириш тартиби белгиланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан давлат маблағлари ҳисобидан субсидия ҳамда грант ажратиш тартиби тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликларининг 2021 йил 1 майдан бошлаб 1-иловада келтирилган туман (шаҳар)ларда тажриба-синов тариқасида давлат маблағлари ҳисобидан субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар ажратилган банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган банд бўлмаган аҳоли билан маҳаллий меҳнат органлари (аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари) ўртасида ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши ва бу борада тарафларнинг ижтимоий масъулиятини белгиловчи ижтимоий контракт тузиш амалиётини жорий этиш таклифи маъқуллансин.

3. Белгилансинки, ижтимоий контракт банд бўлмаган аҳолига давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида банд бўлмаган фуқаро ва туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ўртасида тузиладиган шартнома ҳисобланади.

Бунда ижтимоий контракт тузган банд бўлмаган аҳолига давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар 2-иловада келтирилган рўйхат асосида амалга оширилади.

4. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларни олувчи банд бўлмаган аҳоли билан ижтимоий контракт тузиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ижтимоий контракт тушунчаси, мазмуни ва ижтимоий контракт тизимини жорий этишнинг асосий тамойиллари;

ижтимоий контракт тузган банд бўлмаган аҳоли томонидан давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни баҳолаш мезонлари;

ижтимоий контрактни тузиш тартиби, шу жумладан ижтимоий контрактнинг намунавий шакли, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, контрактнинг амал қилиш муддати;

ижтимоий контрактга риоя қилиниши устидан маҳаллий меҳнат органи инспектори томонидан мониторинг олиб борилиши шакллари ва тартиби;

банд бўлмаган аҳолига ижтимоий контракт бўйича субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар ажратилишини рад этиш, шунингдек, ижтимоий контрактни муддатидан олдин бекор қилиш асослари.

5. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

2021 йил 1 июлга қадар «Бандлик хизмати» ахборот тизимида ижтимоий контракт тузган банд бўлмаган аҳолининг ФИО, ёши, жинси, яшаш жойи, маълумоти, ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг тури, миқдори, муддати, ижтимоий контрактга риоя қилиниши устидан юритилган мониторинг натижалари ва бошқа маълумотлар акс эттириладиган «шахсий профили»ни ишлаб чиқсин;

2021 йил 1 декабрга қадар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро меҳнат ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт жамғармаси ва ЮНИСЕФ кўмагида халқаро экспертларни жалб этиб ҳамда ижтимоий контракт тузиш амалиёти жорий этилган туман (шаҳар)ларнинг тажрибасини пухта таҳлил қилиб, келгусида ушбу амалиётни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклиф киритсин;

ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича тузилган ижтимоий контракт шартларининг банд бўлмаган аҳоли томонидан бажарилиши устидан доимий ва таъсирчан мониторинг юритилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ижтимоий контракт тузиш амалиётининг мазмуни ва моҳияти тўғрисида аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш тавсия этилсин.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б.Хусанов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 20 апрель

225-сон.

 

ЎзР ВМнинг2021 йил 20 апрелдаги 225-сон қарорига
2-ИЛОВА

ИЖТИМОИЙ КОНТРАКТ ТУЗГАН ҲОЛДА ДАВЛАТ МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИДАН АЖРАТИЛАДИГАН СУБСИДИЯ, ГРАНТ, НАФАҚА ВА БОШҚА ТЎЛОВЛАР
РЎЙХАТИ

Т/р


Субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар тури


1.


Ишсизлик нафақаси


2.


Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун субсидия


3.


Тадбиркорлик қилишни хоҳловчиларга кредит олишда суғурта полиси тўлови учун субсидия


4.


Тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган ишсиз фуқароларга тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг дастлабки уч ой мобайнида олинган бино ва иншоотнинг ижара тўлови учун субсидия


5.


Тадбиркорликка ўқиш учун субсидия


6.


Ҳунарманд сифатида «Ҳунармандчилик» уюшмасида рўйхатдан ўтиш учун субсидия


7.


Енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун субсидия


8.


Суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия


9.


Уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидия


10.


Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик) етиштириш, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ташкил этилган кооперативлар устав фондига улуш сифатида киритиш учун субсидия


11.


Тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна ва бошқа меҳнат воситаларини харид қилиш учун субсидия


12.


Касб-ҳунарга ўқитиш учун субсидия, грант, ўқиш харажатларини қоплаш учун тўловлар ва стипендиялар


 

 

ЎзР ВМнинг 2021 йил 20 апрелдаги 225-сон қарорига
3-ИЛОВА

ДАВЛАТ МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИДАН АЖРАТИЛАЁТГАН СУБСИДИЯ, ГРАНТ,
НАФАҚА ВА БОШҚА ТЎЛОВЛАРНИ ОЛУВЧИ БАНД БЎЛМАГАН АҲОЛИ БИЛАН
ИЖТИМОИЙ КОНТРАКТ ТУЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом маҳаллий меҳнат органларига иш сўраб мурожаат қилган, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган банд бўлмаган аҳоли билан туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ўртасида ижтимоий контракт тузиш тартибини белгилайди.

2. Ижтимоий контракт банд бўлмаган аҳоли учун давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш (ўзининг ва оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш ва яшаш шароитларини яхшилаш) мақсадида тузилади.

3. Ижтимоий контракт – банд бўлмаган аҳолига давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида банд бўлмаган аҳоли ва туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ўртасида тузиладиган шартнома ҳисобланади.

4. Ижтимоий контракт тизимини жорий этишнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

мақсадлилик – давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлардан банд бўлмаган аҳоли ҳамда уларнинг оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш ва яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида самарали фойдаланиш;

ўзаро мажбурият ва ижтимоий масъулият – ижтимоий контракт шартларини бажаришнинг мажбурийлиги ва бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги учун шартнома тараф(лар)ига ижтимоий масъулият юкланиши;

тўлиқ қамраб олинганлик – давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўлов тўлиқ ижтимоий контракт тизими билан қамраб олиниши;

индивидуал ёндашув – ижтимоий контрактни тузишда банд бўлмаган аҳолининг бандлик тури билан шуғулланишга хоҳиши, имконияти ва касб малакасини ҳисобга олиш.

 

2-БОБ. ИЖТИМОИЙ КОНТРАКТНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ, ТАРАФЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

5. Ижтимоий контракт маҳаллий меҳнат органларига давлат маблағлари ҳисобидан субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар ажратилишини сўраб мурожаат этган барча банд бўлмаган аҳоли билан ушбу Низомга иловада келтирилган шаклга мувофиқ тузилади.

6. Ижтимоий контракт қуйидагилардан иборат бўлади:

ижтимоий контракт тарафлари (банд бўлмаган аҳоли ва туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази);

ижтимоий контракт бўйича давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг тури ва миқдори;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

ижтимоий контрактнинг амал қилиш муддати ва уни бекор қилиш асослари.

7. Ижтимоий контрактни тузишда банд бўлмаган аҳоли белгиланган рўйхат асосида субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар турларини ихтиёрий равишда танлайди.

8. Ижтимоий контракт бўйича тарафлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази:

тараф (банд бўлмаган аҳоли) шартнома шартларини бажармаган тақдирда, шартномани бир томонлама бекор қилиш;

тараф (банд бўлмаган аҳоли) шартномадаги мажбуриятларни бажармаган тақдирда, ажратилган субсидиялар ва бошқа тўловлар қайтариб берилишини талаб қилиш;

тараф (банд бўлмаган аҳоли)нинг иш фаолияти ва шартномада белгиланган мажбуриятларини назорат қилиш;

б) банд бўлмаган аҳоли:

тараф (туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази) томонидан тақдим этилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар турларини мустақил равишда танлаш;

туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази шартнома шартларини бажармаган тақдирда, шартномани бир томонлама бекор қилиш;

тараф (туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази)дан ҳуқуқий маслаҳатлар олиш, шартнома шартлари тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини талаб қилиш.

9. Ижтимоий контракт бўйича тарафлар қуйидаги мажбуриятларни ўзига олади:

а) туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази:

ижтимоий контракт шартларини тўлиқ ва ўз вақтида бажариш;

ижтимоий контракт имзолангандан сўнг унда белгиланган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда тўлаб бериш;

субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар ажратилиши ҳисобига банд бўлмаган аҳолига тегишли хизматлар ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилиши устидан назорат ўрнатиш;

б) тараф (банд бўлмаган аҳоли) субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг турига қараб:

ишсизлик нафақаси тайинлангандан сўнг фаол иш қидириш ва маҳаллий меҳнат органлари томонидан таклиф қилинган мақбул иш жойларига ишга жойлашиш;

якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олишда суғурта полиси тўловини, давлат рўйхатидан ўтгандан кейин уч ой давомида ижара тўловини қоплаш учун субсидия ажратилгандан сўнг тадбиркорлик фаолияти билан фаол шуғулланиш;

ҳунарманд сифатида «Ҳунармандчилик» уюшмасида рўйхатдан ўтиш учун субсидия ажратилгандан сўнг ҳунармандчилик фаолияти билан фаол шуғулланиш;

субсидия ҳисобига енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатилгандан ҳамда суғориш воситалари, уруғликлар ва кўчатлар сотиб олингандан сўнг шахсий томорқасидан самарали фойдаланиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик) етиштириш, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ташкил этилган кооперативлар устав фондига улуш сифатида киритиш учун ажратилган субсидия ҳисобига ишлаб чиқариш жараёнларида кооператив аъзоси сифатида фаол иштирок этиш;

субсидия ҳисобига тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, бошқа меҳнат воситаларини сотиб олгандан сўнг тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ва фаолиятини юритиш;

касб-ҳунарга ўқитиш учун субсидия, грант, ўқиш харажатларини қоплаш тўловлари, стипендиялар ҳисобидан касб-ҳунар эгаллаш, касб-ҳунарга қайта ўқиш ва малакасини ошириш учун жалб этилганда ўқиш жараёнларида мунтазам иштирок этиш, эгаллаган касби бўйича ишга жойлашиш, ўзини ўзи банд қилиш ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;

контракт шартлари бажарилиши тўғрисида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мунтазам ахборот бериб бориш;

узрсиз сабабларга кўра контракт шартлари бажарилмаган тақдирда, ажратилган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг миқдорини тўлиқ қайтариш.

10. Ижтимоий контракт бир шахс билан бир йилда бир мартадан ортиқ тузилмайди.

 

3-БОБ. ИЖТИМОИЙ КОНТРАКТНИ ИЖРО ЭТИШ ВА МОНИТОРИНГ ОЛИБ БОРИШ ТАРТИБИ

11. Ижтимоий контракт бўйича маҳаллий меҳнат органлари томонидан субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг ажратилиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатилиши «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

12. Ижтимоий контракт бўйича субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатларни Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан молиялаштириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

13. Ижтимоий контракт бажарилиши мониторингини олиб бориш банд бўлмаган аҳолининг доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги маҳаллий меҳнат органи инспектори томонидан амалга оширилади.

Ижтимоий контракт шартлари бажарилиши мониторингини олиб бориш ҳар ойда банд бўлмаган аҳоли билан бевосита учрашиш орқали амалга оширилади.

14. Маҳаллий меҳнат органи меҳнат инспектори томонидан ҳар ойда тақдим қилинган маълумотнома асосида ижтимоий контрактнинг самарали бажарилишини баҳолаб боради.

Баҳолаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

доимий иш ўрнига жойлашиш;

тадбиркорлик фаолиятини бошлаш;

ҳунармандчилик фаолиятини бошлаш;

ўзини ўзи банд қилиш;

шахсий томорқалардан даромад олиш;

касб-ҳунар эгаллаш, касб-ҳунарга қайта ўқиш ва малакасини ошириш;

ўзининг ва оила аъзоларининг даромади ва тўлов қобилиятини ошириш;

уй-жой шароитларини ва маиший шароитларни яхшилаш;

оилавий даромадлар ошиши ҳисобига оила аъзолари учун таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа хизматларга харажатларни ошириш.

15. Ижтимоий контракт шартларини бажариш (бажармаслик) ҳолатлари ҳар ойда фуқаронинг шахсий профилига киритилади.

16. Ижтимоий контракт шартлари бажарилмаган тақдирда, маҳаллий меҳнат органи томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади.

17. Банд бўлмаган аҳоли томонидан узрсиз сабабларга кўра ижтимоий контракт шартлари бажарилмаган тақдирда, контракт бекор қилинган кундан эътиборан ўн икки ойгача ушбу шахс билан ижтимоий контракт тузилмайди.

 

4-БОБ. ИЖТИМОИЙ КОНТРАКТНИ БЕКОР ҚИЛИШ ШАРТЛАРИ

18. Қуйидаги ҳолатлар банд бўлмаган аҳолига ижтимоий контракт бўйича субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг ажратилишини рад этишга асос ҳисобланади:

банд бўлмаган аҳоли билан тузилган ижтимоий контракт муддати мурожаат этилган кунда амал қилаётган бўлса;

банд бўлмаган аҳоли билан олдин тузилган ижтимоий контракт муддати тугаган кундан бошлаб бир йил (ўн икки ой) ичида қайта мурожаат қилинган тақдирда;

банд бўлмаган аҳоли томонидан ижтимоий контрактни тузиш рад этилган тақдирда.

19. Банд бўлмаган аҳоли билан тузилган ижтимоий контракт қуйидаги ҳолларда маҳаллий меҳнат органи томонидан муддатидан олдин бекор қилинади:

ижтимоий контракт тузган банд бўлмаган аҳоли вафот этса;

ижтимоий контракт тузган банд бўлмаган аҳоли бошқа давлатга ёки ҳудудга доимий яшаш учун чиқиб кетса;

банд бўлмаган аҳоли томонидан ижтимоий контракт шартлари бажарилиши вақтида нотўғри, ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилган бўлса.

 

5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

20. Ижтимоий контрактнинг бажарилиши бўйича низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.

21. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

Вақтинчалик низомга
ИЛОВА

НАМУНА

_____-сон Ижтимоий контракт

20__й. «___»_________.

Ушбу ижтимоий контрактни (кейинги ўринларда – контракт) ______________ тумани (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази номидан __________________ асосида фаолият юритувчи _________________ (кейинги ўринларда – маҳаллий меҳнат органи) ва ____________________________ манзилида яшовчи фуқаро

___________________________ (кейинги ўринларда – банд бўлмаган аҳоли) қуйидагилар тўғрисида туздилар:

(паспорт серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги кўрсатилади)

 

I. КОНТРАКТНИНГ МАЗМУНИ

1. Ушбу контракт маҳаллий меҳнат органи билан банд бўлмаган аҳоли ўртасида унга давлат томонидан бандлигини таъминлаш мақсадида давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларни контракт бўйича олиш учун тузилди.

 

II. ТАРАФЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

2. Контракт бўйича томонлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маҳаллий меҳнат органи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тараф (банд бўлмаган аҳоли) контракт шартларини бажармаган тақдирда, контрактни бир томонлама бекор қилиш;

тараф (банд бўлмаган аҳоли) контрактдаги мажбуриятларни бажармаган тақдирда, ажратилган субсидиялар ва бошқа тўловлар қайтариб берилишини талаб қилиш;

тараф (банд бўлмаган аҳоли)нинг иш фаолияти ва контрактда белгиланган мажбуриятларини назорат қилиш;

банд бўлмаган аҳоли қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тараф маҳаллий меҳнат органи томонидан тақдим этилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар турларини мустақил равишда танлаш;

маҳаллий меҳнат органи томонидан контракт шартларини бажармаган тақдирда, контрактни бир томонлама бекор қилиш;

тараф маҳаллий меҳнат органи томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар олиш, шартнома шартлари тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини талаб қилиш.

3. Контракт бўйича томонлар қуйидаги мажбуриятларга эга:

маҳаллий меҳнат органи қуйидаги мажбуриятларни олади:

контракт шартларини тўлиқ ва ўз вақтида бажариш;

контракт имзолангандан сўнг унда белгиланган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда тўлаб бериш;

субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар ажратилиши ҳисобига банд бўлмаган аҳолига тегишли хизматлар ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилиши устидан назорат ўрнатиш;

банд бўлмаган аҳоли субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг турига қараб қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

ишсизлик нафақаси тайинлангандан сўнг фаол иш қидириш ва меҳнат органлари томонидан таклиф қилинган мақбул иш жойларига ишга жойлашиш;

якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олишда суғурта полиси тўловини, давлат рўйхатидан ўтгандан кейин уч ой давомида ижара тўловини қоплаш учун субсидия ажратилгандан сўнг тадбиркорлик фаолияти билан фаол шуғулланиш;

ҳунарманд сифатида «Ҳунармандчилик» уюшмасида рўйхатдан ўтиш учун субсидия ажратилгандан сўнг ҳунармандчилик фаолияти билан фаол шуғулланиш;

субсидия ҳисобига енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатилгандан ҳамда суғориш воситалари, уруғликлар ва кўчатлар сотиб олингандан сўнг шахсий томорқасидан самарали фойдаланиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик) етиштириш, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ташкил этилган кооперативлар устав фондига улуш сифатида киритиш учун ажратилган субсидия ҳисобига ишлаб чиқариш жараёнларида кооператив аъзоси сифатида фаол иштирок этиш;

субсидия ҳисобига тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, бошқа меҳнат воситаларини сотиб олгандан сўнг тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ва фаолиятини юритиш;

касб-ҳунарга ўқитиш учун субсидия, грант, ўқиш харажатларини қоплаш тўловлари, стипендиялар ҳисобидан касб-ҳунар эгаллаш, касб-ҳунарга қайта ўқиш ва малакасини ошириш учун жалб этилганда ўқиш жараёнларида мунтазам иштирок этиш, эгаллаган касби бўйича ишга жойлашиш, ўзини ўзи банд қилиш ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;

контракт шартлари бажарилиши тўғрисида маҳаллий меҳнат органига мунтазам ахборот бериб бориш;

узрсиз сабабларга кўра контракт шартлари бажарилмаган тақдирда, ажратилган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг миқдорини тўлиқ қайтариш.

Контракт имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва томонлар ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармагунига қадар амал қилади.

 

III. ТОМОНЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

4. Банд бўлмаган аҳоли давлат маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар контракт бўйича берилиши учун ёлғон, нотўғри ёки нотўлиқ маълумотларни тақдим этганлиги учун амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади ва контракт бекор қилинади.

5. Контракт бажарилиши мониторингини олиб бориш банд бўлмаган аҳолининг доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги маҳаллий меҳнат органлари инспектори томонидан амалга оширилади. Контракт шартлари бажарилиши мониторингини олиб бориш ҳар ойда банд бўлмаган аҳоли билан бевосита учрашиш орқали амалга оширилади. Контракт шартларини бажариш (бажармаслик) ҳолатлари ҳар ойда фуқаронинг шахсий профилига киритилади.

Контракт шартлари бажарилмаган ҳолларда маҳаллий меҳнат органи томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади. Ишсиз томонидан узрсиз сабабларга кўра контракт шартлари бажарилмаган тақдирда, контракт бекор қилинган кундан эътиборан ўн икки ойгача ушбу шахс билан контракт тузилмайди.

 

IV. ФОРС-МАЖОР ҲОЛАТЛАРИ

6. Тарафлардан ҳеч бири уларнинг иродаси ва хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолда келиб чиқадиган, яъни иштирокчиларга боғлиқ бўлмаган сабаблар, жумладан, касаллик, контракт бажарилмаслигига олиб келадиган холисона сабаблар туфайли бажарилмаган ҳолларда контрактнинг амал қилиш муддати узайтирилиши мумкин хамда мажбуриятларни бажармаганлик учун бошқа тараф олдида жавобгар бўлмайдилар.

 

V. КОНТРАКТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ

7. Контракт имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва ______________ гача амал қилади. Контракт бир шахс билан бир йилда бир мартадан ортиқ тузилмайди.

8. Ушбу Контракт икки нусхада тузилган бўлиб, бир хил юридик кучга эга.

 

Аҳоли бандлигига                     Банд бўлмаган аҳоли

кўмаклашиш маркази  

______________ (имзо)                            _____________ (имзо)

______________ (сана)                            _____________ (сана) 

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 20.04.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1-илова «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 698 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика