Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 17 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилади

 

Президентнинг 21.04.2021 йилдаги ПК-5088-сон қарори билан ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгиланди (ҳужжат матни «СБХ» мазкур сонининг ҳужжатлар пакетида берилмоқда).

 

Ҳужжатга мувофиқ қуйидагилар ташкил этилади:

белгиланган ҳудудларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини (кейинги ўринларда – Ёшлар саноат зоналари);

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма).

Ёшлар саноат зоналарининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари учун Ёшлар саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш;

ёшларга уларнинг саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳалари, ташаббуслари ва ғоялари амалга оширилишида кўмаклашиш ва қулай шарт-шароитлар яратиш;

«стартаплар» ташкил этиш мақсадида бизнес-инкубатор вазифаларини амалга ошириш, ёш тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини барқарор ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш;

ёшларга ўз инновацион ишланмаларини ишлаб чиқариш жараёнига жорий этиш ва натижаларини тижоратлаштириш, йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш борасида амалий ёрдам кўрсатиш;

банд бўлмаган, шу жумладан «Ёшлар дафтарига киритилган ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш.

Ёшлар саноат зоналари муҳандислик-техник коммуникациялари мавжуд бўлган ёки ўтказиш осон бўлган, фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларида ташкил этилади. Ёшлар саноат зоналарига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳалари туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан танлаб олинади.

Ёшлар саноат зоналари ҳудудида майдони 1 000 кв.м гача бўлган ер участкалари, истисно тариқасида, электрон аукцион савдоси ўтказмасдан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарори билан ажратилади. Бунда бўш бино ва иншоотлар (давлат кўчмас мулк объектлари) шартнома асосида ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун белгиланадиган ижара тўловининг энг кам миқдоридан ошмаган ставкаларида ижарага берилади.

Жамғарма маблағлари қуйидагиларга сарфланади:

ташқи бозорларда талаб юқори бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришга;

мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик, замонавий қурилиш материаллари, ҳунармандчилик ҳамда АКТ соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш ва бошқа йўналишларда янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга;

маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатишга ҳамда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиришга.

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан ажратиладиган 100 млн АҚШ доллари;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларининг қарзлари;

Жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида:

молиявий ресурслар тижорат банклари томонидан бир ёш тадбиркорлик субъекти учун бир йўла 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда 7 йилгача муддат билан тақдим этилади;

қиймати 100 минг АҚШ доллари эквивалентигача бўлган инвестиция лойиҳалари Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

тижорат банкларига инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун молиявий ресурслар Жамғарманинг мавжуд маблағлари доирасида, миллий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 10%, хорижий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 2% ставкалари билан тақдим этилади;

тижорат банклари миллий валютадаги кредитларни ўз маржаси миқдорини 4%дан оширмасдан йиллик 14%, хорижий валютадаги кредитларни – ўз маржаси миқдорини 1%дан оширмасдан йиллик фоиз ставкасини 3% миқдорида белгилаган ҳолда ажратади. Тижорат банклари ажратилган молиявий ресурсларнинг мақсадли фойдаланилиши ва тўлиқ қайтарилишини доимий мониторинг қилиб боради.

Шунингдек Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлашнинг манзилли дастури тасдиқланди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.04.2021 йилдан кучга кирди. 

 

Наргиза Воҳидова.

Прочитано: 41 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика