Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 16 / Паспорт масалалари

Фуқароликни қандай олиш мумкин

 

2001 йилда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олиш учун ариза тақдим этдим, бироқ менга рад жавобини беришди. Давлат тилини яхши билмаганлигим учун шундай бўлди деб ўйлайман. Яна бир март ҳужжатларни топшириб кўрмоқчиман.

Фуқароликни олиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилганми?

 

– Айни пайтда янги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом (10.03.2021 йилдаги ПФ-6185-сон Фармонга 1-илова) қабул қилинган.

Унга мувофиқ 18 ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга бўлган, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ЎзР фуқаролигига умумий тартибда қабул қилиш бўйича илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин, агар у:

а) чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса;

б) яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси олинган кундан эътиборан ва ЎзР фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз 5 йил давомида доимий яшаб келаётган бўлса. Ушбу шарт Ўзбекистон фуқароси билан никоҳда бўлган ва никоҳ тузилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмуш ўртоғи билан биргаликда узлуксиз 3 йил давомида яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан татбиқ этилмайди;

в) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;

г) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;

д) давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.

ЎзР фуқаролигига умумий тартибда қабул қилиш юзасидан мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ шаклдаги илтимоснома билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

● мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровнома;

● яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси;

● никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (мавжуд бўлса);

● илтимосномада ариза берувчи боласини кўрсатиб ўтган тақдирда, боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва яшаш гувоҳномаси (мавжуд бўлса), бунда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган боланинг нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олинади;

● тирикчиликнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (жисмоний шахснинг даромади ҳақидаги маълумотнома, солиқ инспекциясидан берилган жисмоний шахснинг даромади бўйича солиқ декларацияси, иш жойидан ойлик иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома, пенсия тайинланганлиги ҳақида маълумотнома, алимент тўланиши ҳақида маълумотнома, кредит ташкилотига қўйилган маблағи мавжудлиги ҳақидаги ҳисобварағи кўрсатилган ҳолда берилган маълумотнома, ариза берувчи кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг даромадлари ҳақида маълумотнома, шунингдек бошқа қонуний даромадларини тасдиқловчи ҳужжат);

● давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.

Давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билишини тасдиқловчи ҳужжат ваколатли орган томонидан идоралараро маълумот алмашинуви тизими орқали олинади. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қуйидаги шахсларга нисбатан давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур бўлган даражада билиш шарти татбиқ этилмайди:

● Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий ўрта таълимдан кам бўлмаган даражада таълим олган шахслар (тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади);

● 60 ёшга тўлган шахслар;

● муомала лаёқатига эга бўлмаган шахслар (ишончли вакили томонидан ушбу шахс муомала лаёқатига эга эмаслиги ёки муомала лаёқати чекланганлиги ҳақида қонуний кучга кирган суд қарори тақдим этилади);

● I гуруҳ ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар (ногиронликни тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилади) (Низомнинг 12–14-б., 10.03.2021 йилдаги ПФ-6185-сон Фармонга 1-илова).

Прочитано: 241 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика