Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 16 / Кадрлар бўлими

Корхонангизда «алиментчи» ишлаётган бўлса…

 

Ташкилот ходимдан алимент ундириш масаласига биринчи маротаба дуч келди. Келиб тушган ижро ҳужжатларини қандай тўғри рўйхатдан ўтказиш, сақлаш ва ушлаб қолиш ҳақида меҳнат ҳуқуқи бўйича «Norma» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара Хикматова тушунтирди:

 

– Ижро ҳужжатлари – бу қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланиб, рўйхат рақамига эга бўлиш керак. Шунинг учун давлат ижрочисининг ижро ҳужжати илова қилинган талабномасини олгач, белгиланган тартибда уларнинг ҳисоби юритиладиган Ижрога келиб тушган ижро ҳужжатларини рўйхатга олиш китобида (Қоидаларга 2-илова, АВ рақами 1980, 8.07.2009 й.) рўйхатга олинг. Китоб қуйидаги устунларни ўз ичига олади:

● Ижро ҳужжатини ижрога қаратиш санаси ва давлат ижрочисининг Ф.И.Ш.;

● Ижро ҳужжатини ижрога қаратувчи;

● Қарздор;

● Ундирувчи;

● Ундирувчи манзили;

● Ижро ҳужжати талаби;

● Ундирув миқдори;

● Ижро ҳужжатини қайтариш санаси ва асоси.

Китоб тикилган, рақамланган, қарздорга иш ҳақини тўлаётган ташкилот раҳбарининг имзоси билан тасдиқланган ва сана кўрсатилган ҳолда муҳрланган бўлиши лозим. Агар китобга ўзгартириш киритилса ҳар бири бўйича шу варақнинг паст қисмига изоҳ киритиш керак.

Ижро ҳужжатларни пўлат сейфларда ёки махсус темир шкафларда сақланг. Бунда ҳар бир ижро ҳужжати қоида тариқасида ушбу ижро ҳужжатининг ижроси билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар билан бирга алоҳида жилдларда сақланади (Қоидалар 19, 20, 22, 23-б.)

 

– Ижро ҳужжатлари бўйича ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш қандай амалга оширилади? 

Ижро ҳужжати рўйхатдан ўтказилгандан кейинги кунидан кечиктирмай, давлат ижрочисини, ундирувчини ва қарздорни ҳужжатнинг рўйхатдан ўтказиш маълумотларини кўрсатган ҳолда хабардор қилинг.

Қарздорга иш ҳақи ижро ҳужжати бўйича ушлаб қолинган суммани ундирувчига тўлов амалга оширилган кундан эътиборан 3 кун ичида тўланг ёки ўтказинг. Пул маблағларини тўлаш ва ўтказиш қарздор ҳисобидан амалга оширилади.

Почта хизматлари орқали Ўзбекистондан ташқаридаги шахсларга ўтказиш фақат икки томонлама келишув тузилган давлатларга амалга оширилади (Қоидалар 14, 15, 21-б.)

 

– Иш ҳақининг қайси суммасидан пул маблағлари ушлаб қолиниши лозим – ҳисобланганми ёки солиқлар тўлангандан кейинги суммаданми?

– Қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинадиган миқдор солиқлар ушлаб қолинганидан сўнг қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади.

Қарз тўлиқ тўлангунга қадар қарздорнинг иш ҳақидан 50% ортиғини ушлаб қолиш мумкин эмас («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун 65, 66-м., Қоидалар 9-б.)

 

– Келиб тушган ижро ҳужжати асосида ходимдан алиментни ушлаб қолиш тўғрисида буйруқ чиқариш керакми?

–        Йўқ, ижро ҳужжати асосида маблағни ушлаб қолиш учун буйруқ расмийлаштирилиши талаб қилинмайди. Юқоридаги тартибда ижро хужжатини рўйхатдан ўтказиш ва ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш кифоя (Қоидалар 13-б.)

Прочитано: 703 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика