Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 14 / Божхона

Касбига садоқатли эди

 

Хотира

Ажойиб ва камтарин инсон,  улуғ устоз, ўз касбининг фидойи устаси Садуллаев Шарқин Нуруллаевич 63 ёшида оламдан ўтди. 

 

Шарқин Нуруллаевич 1958 йил 23 март куни Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. У Самарқанд шаҳар 46-сонли умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тамомлаб, ўзи ёшлигидан қизиққан ота касбини танлади. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз кураш олиб бориш ҳамда  ҳуқуқ соҳасининг билимдони бўлиш мақсадида 1975 йилда Омск Олий милиция мактабига ўқишга кирди.

Ўзи танлаган соҳанинг билимдони бўлиш учун у тинмасдан ўқиб-изланди, касбининг сир-асрорларини ўрганиш асносида ўқишни ­аъло баҳоларга тамомлади.

Шарқин Нуруллаевичнинг олий мактабда ўрганган билим ва кўникмалари унинг келгуси ҳаётида муҳим роль ўйнади.

Ўз меҳнат фаолиятини 1979 йилда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг жиноят-қидирув бўлимида бошлаган Шарқин Нуруллаевич ички ишлар тизимида милиция зобити сифатида 15 йилдан зиёд вақт мобайнида турли масъул вазифаларда самарали фаолият юритди.

Кейинчалик у божхона органлари тизимида фаолият юритди ва ўзига ишониб топширилган ҳар бир масъулиятли вазифани шараф билан адо этди. 1995–2013 йиллар оралиғида божхона идоралари тизимида, хусусан, Самарқанд вилояти Божхона бошқармасида шахсий таркиб бўйича бош инспектор, контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши кураш бўлими бошлиғи, Давлат божхона қўмитасида контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши курашиш Бош бошқармаси бўлим бошлиғи, Олий ҳарбий божхона институтида «Махсус фанлар» кафедраси бошлиғи лавозимларида ҳалол меҳнат қилди.

Шарқин Нуруллаевичнинг ички ишлар ва божхона хизмати тизимларидаги қарийб 35 йиллик фаолияти давомида юртимизда жамоат хавфсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши курашиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси давлат ва жамоaтчилик эътиборидан четда қолмади. У давлат органларидаги бенуқсон хизматлари учун 3 ва 2-даражали медаль, «Шуҳрат» медали, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 20 йиллиги муносабати билан махсус эсдалик нишони, ДБҚ, ИИВ ҳамда Самарқанд вилояти ИИБнинг кўплаб фахрий ёрлиқ ва мукофотлари билан тақдирланган.

Шарқин Нуруллаевич тўғрисўзлиги, ҳақиқатгўйлиги, қатъиятли ва ўз ишига масъулиятлилиги билан ажралиб турар эди. Ўз ҳаёти давомида отасига берган ваъдасига содиқ қолди ва ҳарбий соҳада полковник унвонигача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтди.

Ажойиб инсон, моҳир ташкилотчи, катта билим ва тажриба эгаси, кўплаб ёш истеъдодларнинг мураббийси, ҳуқуқ оламининг забардаст намояндаси ва намунали оила бошлиғи Садуллаев Шарқин Нуруллаевичнинг порлоқ хотираси қалбларимизда сақланиб қолади.

 

Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмаси.

Прочитано: 473 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика