Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 14 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида 2021–2025 йилларда»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон ҳамда «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 27 октябрдаги ПФ-6096-сон Фармонлари ижросини таъминлаш, шунингдек, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, иқтисодиётда давлат иштирокини асосланган даражагача қисқартириш ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидаги асосий йўналишларни назарда тутувчи халқаро молия институтлари, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан жалб этилган экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган 2021–2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини оптималлаштириш, тизимлаштириш ва бирхиллаштириш орқали тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларга жамлашни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш;

устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналарининг (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) етарли даражада асослантирмасдан ташкил этилишига, шунингдек, тегишли тармоқ ва соҳалардаги бошқа корхоналарга нисбатан эксклюзив имтиёз ва афзалликларга эга бўлишига йўл қўймаслик;

хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокини чеклаш, «сот ёки тушунтир» тамойилини амалиётга кенг жорий этиш;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг бозор шароитларига тўлиқ ўтишини таъминлаш, уларнинг фаолиятига корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини тўлақонли татбиқ этиш;

ижро этувчи орган фаолиятини самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари асосида, кузатув кенгаши фаолиятини эса корпоратив бошқарув тамойилларининг жорий этилиши даражасига қараб баҳолашга ўтиш;

давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти тўғрисидаги ахборотларни ошкор этиш, корхоналарни бошқаришда шаффофлик ва маълумотларнинг ошкор этилишини таъминлаш;

илғор хорижий тажриба ва хорижий таълим муассасалари билан корпоратив бошқарув ҳамда капитал бозори соҳасида ҳамкорлик асосида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш.

2. Қуйидагилар:

2021–2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини 2021–2022 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага** мувофиқ;

2021–2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар (кейинги ўринларда – мақсадли кўрсаткичлар) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Стратегияни 2023–2025 йилларда амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давлат активлари агентлиги) томонидан алоҳида «йўл харитаси» Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.

3. Давлат активлари агентлиги, Молия вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар мақсадли кўрсаткичлар доирасида:

давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75 фоизга қисқартириш;

давлат иштирокидаги камида 20 та корхона акцияларини бирламчи ва иккиламчи оммавий таклиф этиш;

давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзолар сонини 2025 йилга қадар 30 фоизгача етказишни таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 27 октябрдаги ПФ-6096-сон Фармонига (кейинги ўринларда – Фармон) мувофиқ Молия вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Молия вазирлиги Фармонга 1-иловага киритилган металлургия, нефть-газ, энергетика, кимё саноати, машинасозлик ва электротехника ҳамда транспорт соҳаси корхоналарининг кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзолар сонини 2021 йилда 30 фоизгача етказишни таъминласин.

4. Белгилансинки, Стратегия нормалари, биринчи навбатда Фармонга 1 ва 2-иловалар билан тасдиқланган корхоналарга татбиқ этилади.

Молия вазирлиги Фармонга 1-иловадаги, Давлат активлари агентлиги Фармонга 2-иловадаги давлат иштирокидаги корхоналар бўйича халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, уч ой муддатда ушбу корхоналар фаолиятига Стратегия нормаларини татбиқ этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январда ПҚ-3487-сон қарори билан тасдиқланган Товарларни (ишлар, хизматларни) харид қилишнинг алоҳида тартиби белгиланадиган, хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарнинг рўйхатига киритилган акциядорлик жамиятлари, шунингдек, давлат улуши устун мавқега эга бўлган тижорат банклари кузатув кенгаши аъзолари бўлган давлат ташкилотлари раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарлари, шунингдек, ходимларига:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган ҳақ тўлаш ва (ёки) ўз функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплашнинг энг кўп миқдори татбиқ этилмайди;

ҳақ тўлаш миқдори корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, акциядорлик жамиятлари ва давлат улуши устун мавқега эга бўлган тижорат банкларининг ички ҳужжатлари билан белгиланади;

б) 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгаши, ички аудит хизмати, кузатув кенгаши таркибида аудит қўмитаси ташкил этилади;

давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органининг ҳисоботи ҳар чоракда камида бир марта кузатув кенгашининг мажлисларида, шу жумладан, видеоконференцалоқа тизими орқали ва электрон овоз (e-VOTE) бериш йўли билан ўтказиладиган мажлисларда эшитилади;

акциялари фонд биржасининг биржа котировкаси варағига (листингга) киритилган ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларида «мувофиқлик тизими» (комплаенс) хизмати ташкил этилади;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат органлари ходимлари сонини камайтириш ҳисобига мустақил аъзолар сони 30 фоизга етгунга қадар ҳар йили камида бир нафар тегишли малака ва иш тажрибасига эга бўлган, шу жумладан, хорижий мустақил аъзо киритилади, Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси белгилаган ҳоллар бундан мустасно;

давлат иштирокидаги корхоналар бошқарув органларининг йиғилишларида давлат улуши бўйича сайланган кузатув кенгаши аъзолари томонидан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилишни молиялаштириш учун кредитларидан қарзи мавжуд бўлган тақдирда ёки уларни молиялаштириш корхона маблағлари ҳисобига белгиланган бўлса, йил якуни бўйича олинган соф фойдани тақсимлашда уларнинг бизнес-режасига мувофиқ олинган соф фойданинг бир қисмини кредитларини қоплашга ёки инвестиция лойиҳасини молиялаштиришга йўналтириш ташаббуси билан чиқилади;

давлат иштирокидаги корхоналар томонидан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштиришга ҳомийлик ва бошқа беғараз ёрдам учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига асосан йўналтириладиган маблағларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдоридан ортиқ қисми давлат улуши бўйича дивидендлар сифатида тан олинади, ушбу дивидендлар давлат бюджетига тўлашда ушлаб қолинади ҳамда бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилиши бўйича уларнинг молия-хўжалик фаолияти якунларини баҳолашда инобатга олинади;

в) 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг акциядор, иштирокчи ёки муассис функциясини амалга ошираётган давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижро этувчи органи ва кузатув кенгаши аъзолари корпоратив бошқарув тамойиллари (акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва муассис қарорлари) асосида улар томонидан мустақил равишда сайланади (тайинланади);

г) давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг натижалари тўғрисидаги йиғма ҳисобот шакллантирилади ва 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили кейинги молия йилининг 1 августига қадар Давлат активлари агентлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

6. Давлат активлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) 2022 йил 1 январдан:

мамлакат иқтисодиёти учун устувор аҳамиятга эга бўлган, стратегик соҳаларга оид айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқини (олтин акцияни) бекор қилиш;

ижро этувчи орган ва кузатув кенгаши аъзолари ваколатларини бир йилдан уч йилгача узайтириш;

давлат улуши бўйича давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши аъзолигига номзодларни танлов асосида аниқлаш амалиётини босқичма-босқич жорий этиш;

б) Давлат активлари агентлиги фаолиятини замонавий ёндашув ва услублар асосида ташкил этишга кўмаклашиш учун маҳаллий ва халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда, қуйидаги вазифаларни амалга оширувчи Эксперт кенгашини ташкил этиш:

илғор хорижий тажриба асосида Давлат активлари агентлиги фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Стратегия ижросини таъминлашда Давлат активлари агентлигига яқиндан кўмаклашиш;

ҳар чоракда фаолият натижаларини кўриб чиқиш ва жамоатчиликка етказиш.

Давлат активлари агентлиги уч ой муддатда халқаро молия институтлари экспертларини жалб этган ҳолда, Эксперт кенгашининг таркибини тасдиқласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Давлат активлари агентлиги, Адлия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, хўжалик бошқаруви органлари институтини бекор қилиш ва улар томонидан мувофиқлаштирилган иқтисодиёт тармоқларини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклиф киритсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари:

мутасадди вазирлик ва идораларнинг ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишини мувофиқлаштирсин;

тегишли давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига Стратегияни жорий этиш бўйича биринчи навбатдаги вазифаларни белгиласин;

давлатнинг мулкдор ва тартибга солувчи функциялари жорий этилаётганлиги муносабати билан тегишли соҳаларда давлат корхоналари ва нодавлат корхоналарга тенг шароитлар яратган ҳолда, давлатнинг тартибга солувчи функцияларини такомиллаштириш чораларини кўрсин;

ҳар чоракда масъул шахсларнинг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиб борсин.

9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Давлат активлари агентлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун ва моҳиятини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда семинар ва телекўрсатувлар орқали аҳоли ҳамда тадбиркорлар орасида кенг тарғиб қилиш ва ёритиш тавсия этилсин.

10. Давлат активлари агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

уч ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

2021 йил 1 сентябрга қадар давлат улуши бўйича давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши аъзолигига номзодларни танлов асосида жалб этиш амалиётини босқичма-босқич жорий этиш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж.Ортиқов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 29 март

166-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 29 мартдаги 166-сон қарорига
1-ИЛОВА

2021–2025 ЙИЛЛАРДА ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ БОШҚАРИШ ВА ИСЛОҲ ҚИЛИШ СТРАТЕГИЯСИ

2021–2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Стратегия илғор хорижий тажрибани, шу жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Давлат иштирокидаги корхоналар учун корпоратив бошқарув бўйича тамойилларини ҳисобга олган ҳолда, давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналарини (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) бошқариш ва ислоҳ қилишнинг мақсадлари, вазифалари ва устувор йўналишларини белгилайди.

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Тараққиётнинг ҳозирги босқичида мамлакат иқтисодиёти учун стратегик муҳим бўлган давлатнинг иқтисодий хавфсизлигини, суверенитетини ва миллий иқтисодий манфаатларига риоя этилишини таъминлаш тизимини ўз ичига олган давлат активларини бошқаришга бозор тамойилларини жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади.

Давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан мулкий ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикаси халқининг манфаатлари йўлида амалга оширилади.

Стратегия:

давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш ва уларни ислоҳ қилиш асосларини;

давлат иштирокидаги корхоналарга корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш механизмларини;

давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилишнинг тавсия этиладиган амалиётини корхоналарнинг акциядорлари (иштирокчилари, муассиси), кузатув кенгашлари ва ижро этувчи органларига, шунингдек, жамоатчиликка етказишни белгиловчи ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давлат активлари агентлиги) давлат иштирокидаги корхоналарни самарали бошқариш бўйича давлат сиёсатини юритади ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Стратегиянинг амалга оширилишини таъминлайди.

Бунда Давлат активлари агентлиги ва истисно ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарорлари асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ этиш Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ишлаб чиқадиган республиканинг иқтисодий ривожланишининг асосий йўналишлари ва мақсадлари доирасида амалга оширилади.

Стратегияни амалга ошириш учун:

давлат иштирокидаги корхонага нисбатан уни бошқариш сиёсати ишлаб чиқилади;

давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгаши корхонани бошқариш сиёсатини тасдиқлайди;

давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгаши Стратегияда келтирилган корпоратив бошқарув тамойилларини, давлат иштирокидаги корхоналар учун корпоратив бошқарув қоидалари ижро этувчи орган томонидан жорий этилишини назорат қилади.

 

2-БОБ. ЖОРИЙ ҲОЛАТ ТАВСИФИ ВА МАВЖУД МУАММОЛАР

Мустақиллик йилларида 33,0 мингдан зиёд давлат корхоналари ва объектлари хусусийлаштирилди.

Бугунги кунда республикамизда 2 692 та давлат иштирокидаги тижорат ташкилотлари, шундан 1 133 та давлат унитар корхонаси, 1 124 та масъулияти чекланган жамияти ва 241 та акциядорлик жамияти иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатади.

Республикадаги мавжуд 599 та акциядорлик жамиятларидан 42 фоизида давлат улуши бўлиб, жами акцияларнинг 84 фоизи давлатга тегишли, аҳолининг атиги 2 фоизидан ортиғи акцияларга эгалик қилади.

2017 йилдан бошлаб иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш, хусусий мулкнинг устувор ролини ошириш ва уни ишончли ҳимоя қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди.

Хусусан, фуқаро авиацияси, энергетика тармоғида, кон-металлургия ва электротехника саноатида, йўл қурилиш соҳасида, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти тамойиллари асосида ишлаб чиқилган Давлат иштирокидаги корхоналар учун корпоратив бошқарув қоидалари давлат иштирокидаги 114 та корхонага жорий этилди ва 27 та корхона раҳбарларини танлов асосида сайлаш (тайинлаш) амалиёти бошланди.

Давлат иштирокидаги корхоналарда акциядор, иштирокчи ёки муассис функциялари Давлат активлари агентлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва турли вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, квази-давлат кўринишидаги давлат унитар корхоналарининг тармоқ вазирликлари томонидан бошқарилиши, айрим давлат бошқаруви органлари томонидан бир вақтнинг ўзида мулкдор ва тартибга солувчи функцияларнинг амалга оширилиши, алоҳида давлат иштирокидаги корхоналарга давлат функциялари берилганлиги ҳамда улардаги эксклюзив ҳуқуқлар хусусий сектор ва соғлом рақобатнинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Ўтказилган таҳлиллар давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш соҳасида қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатди, шу жумладан:

давлат мулкининг республика ва муниципал мулкка таснифланмаганлиги, давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштиришни шаффоф механизмлар орқали амалга оширишни назарда тутувчи тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Давлат мулкини хусусий секторга сотиш Ўзбекистон Республикасининг 1991 йилда қабул қилинган «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа кўплаб қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинган;

давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш мезонларининг мавжуд эмаслиги сабабли хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокидаги корхоналарнинг фаолият юритиши ҳамда хусусийлаштиришда тизимли ёндашув амалга оширилмаганлиги натижасида давлат иштирокидаги корхоналарнинг иқтисодиётдаги иштироки юқорилигича қолмоқда. Давлат иштирокидаги корхоналар тушуми ва активларининг ялпи ички маҳсулотга нисбати тегишинча 32 фоиз ва 120 фоизни ташкил этди. Шунга қарамасдан, охирги уч йилда 477 та давлат унитар корхоналари ташкил этилган;

давлат иштирокидаги корхоналарга имтиёз ва преференциялар берилиши ва улар томонидан давлатнинг тижорат ва нотижорат мақсадларини бажариш механизмининг очиқ-ошкора эмаслиги натижасида давлат иштирокидаги корхоналар хусусий корхоналарга нисбатан устун мавқега эга бўлиб қолмоқда. Шунга қарамасдан, давлат иштирокидаги корхоналарнинг 45 фоизи томонидан Давлат бюджетига дивиденд тўлангани, ушбу дивидендларнинг 90 фоизи 5 та йирик корхонага тўғри келиши уларнинг аксарияти фаолиятининг самарадорлиги паст даражада эканлигидан далолат беради;

корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари жорий этилмаганлиги натижасида давлат иштирокидаги корхоналарнинг хўжалик фаолиятига давлат бошқаруви органлари аралашувининг юқори даражадалиги, кузатув кенгаши таркибида давлат хизматчиларининг кўплиги, мотивация ва жавобгарликнинг етарли эмаслиги, инсон капитали самарадорлигини ошириш заруратига бўлган муносабатнинг қониқарсизлиги оқибатида ижро этувчи органнинг акциядорлар олдидаги масъулияти пастлигича қолмоқда. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг 210 тасида кузатув кенгаши жорий этилган бўлиб, уларнинг атиги 69 тасига 70 та мустақил аъзо киритилган;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг очиқлик ва шаффофлигига талаблар ўрнатилмаган, уларда расмий веб-сайт ташкил этилмаган, давлат иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти якунлари бўйича йиғма ҳисоботлар ошкор этилмаган.

 

3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАДИ, ВАЗИФАЛАРИ ВА ТАМОЙИЛЛАРИ

Стратегиянинг мақсади давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, рақобатбардош бозор шароитида уларнинг фаолиятини такомиллаштириш ва тижоратлаштириш ҳамда давлат томонидан ҳар бир корхонага қўйилган мақсад ва вазифаларни бажаришда уларнинг самарадорлигини оширишдан иборат.

Мақсадга эришиш учун қуйидагилар Стратегиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

иқтисодий ўсиш учун барқарор шарт-шароитларни таъминлаш манфаатларини кўзлаган ҳолда, давлат иштирокидаги корхоналар таркиби ва тузилмасини оптималлаштириш;

корхоналарнинг (улардаги улушларнинг) давлат мулкида бўлиши ёки сақланишининг мезонларини (асосларини) белгилаш;

давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан мақсадларни белгилаш бўйича талабларни ўрнатиш;

давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш самарадорлигини ошириш, шу жумладан, бошқарувнинг узоқ ва қисқа муддатли мақсадлари ва вазифаларини белгилаш ҳисобидан уларнинг рақобатбардошлиги ҳамда инвестицион жозибадорлигини, корпоратив бошқарув даражаси ва ахборот шаффофлигини ошириш;

иқтисодиётда давлат секторини кенгайтиришни чеклаш, шу жумладан, тегишли тақиқлар ва чекловлар тизимини ўрнатиш ва уларга риоя қилиш, иқтисодиётда тўғридан-тўғри давлат иштирокини тармоққа оид ва бошқа тартибга солиш чоралари билан алмаштириш, шунингдек, белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун тизимли, барқарор ва узоқ муддатли кафолатларга риоя қилиш;

давлат иштирокидаги ва нодавлат корхоналарнинг фаолият кўрсатиши учун тенг шароитлар яратиш;

мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) функциялари ва тартибга солувчи функцияларни ажратиш, давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув ва назорат органлари фаолиятини такомиллаштириш;

корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш;

давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш.

Стратегия аниқлик, шаффофлик, манфаатлар мувозанатини таъминлаш, назоратнинг узлуксизлиги ва лойиҳавий ёндашув тамойилларига асосланади.

Аниқлик тамойили ҳар бир давлат иштирокидаги корхонага нисбатан мақсадни шакллантириш ва белгилашни, унга эришиш усулларини, бошқарув қарорларини қабул қилиш тартибини, ҳисоботни ва бошқа бошқарув механизмларини тавсифлайди.

Шаффофлик тамойили давлат иштирокидаги корхоналар ва уларда давлат номидан мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) функциясини амалга ошираётган давлат органлари ҳақидаги маълумотларнинг очиқлиги, мавжудлиги ва ошкоралигини, корхоналар ҳақидаги маълумотларни аниқлаш ва ҳисобини юритишни, шу жумладан, халқаро молиявий ҳисобот стандартларини амалга ошириш орқали таъминлайди.

Манфаатлар мувозанатини таъминлаш тамойили қисқа ва узоқ муддатли мақсад ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, давлатнинг корхоналарга нисбатан мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) ва тартибга солувчи функцияларини ажратишни, иқтисодий самарадорлик ва ижтимоий жавобгарлик нуқтаи назаридан асосланган қарорлар қабул қилишни назарда тутади.

Назоратнинг узлуксизлиги тамойили давлат иштирокидаги корхоналарда давлат номидан мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) функциясини амалга ошираётган давлат органлари томонидан мақсад ва вазифалар, уларга эришиш кўрсаткичлари, шунингдек, бошқарув тамойиллари ва механизмларига риоя қилиш бўйича доимий назорат ўрнатади.

Лойиҳавий ёндашув тамойили – режалаштирилган натижа, воситалар тўплами, ресурсларни таққослаш, мотивация ва жавобгарлик асосида бошқарувнинг мақсад ва вазифаларига эришиш учун режаларни аниқлашдир.

 

4-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ

Қуйидагилар давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари ҳисобланади:

давлат мулкини бошқариш ва ислоҳ қилиш соҳасида илғор хорижий тажриба ва амалиётдан келиб чиқиб, халқаро молия институтлари ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, тўғридан-тўғри амал қиладиган «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги ва «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари лойиҳасини ишлаб чиқиш орқали давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;

давлат иштирокидаги корхоналарга эгалик қилиш асосларини белгилаш, хусусий сектор муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ва рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокини чеклаш, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштиришда тизимлилик ва «сот ёки тушунтир» тамойилларини жорий этиш орқали давлат иштирокидаги корхоналарни кескин қисқартириш;

давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан тижорат ва нотижорат мақсадларни белгилаш, уларнинг инвестиция лойиҳаларига давлат кафиллигини беришдан босқичма-босқич воз кечиш, давлат иштирокидаги корхоналар ва нодавлат юридик шахслар учун тенг шароит яратиш, давлатнинг мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) ва тартибга солувчи функцияларини ажратиш орқали давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини тўлиқ бозор механизмларига ўтказиш;

давлат номидан мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) функцияларини фақат корпоратив бошқарув усулларини қўллаган ҳолда бажариш, бошқарув органлари аъзоларини танлов асосида сайлаш (тайинлаш), уларнинг фаолиятини баҳолаш орқали масъулият ва жавобгарлигини ошириш, уларга ҳақ тўлашнинг бозор механизмларига ўтиш, кузатув кенгаши таркибига профессионал мустақил аъзоларни жалб этиш, унинг қошида қўмиталар ташкил этиш, кузатув кенгаши аъзоларига фидуциар мажбуриятларни татбиқ этиш, назорат органлари фаолиятини такомиллаштириш ва инсон ресурсларини стратегик бошқариш тизимини йўлга қўйиш орқали корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш;

давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти натижадорлиги ва Стратегияни амалга ошириш тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида эшитиш амалиётини жорий этиш, корхоналар тўғрисидаги йиғма ҳисоботни ошкор этиш, давлат иштирокидаги корхоналарга расмий веб-сайт бўлиши талабини киритиш, давлат иштирокидаги корхоналар тўғрисидаги маълумотларни халқаро стандартлар асосида ошкор этиш орқали давлат иштирокидаги корхоналарни бошқаришда шаффофлик ва маълумотларнинг ошкор этилишини таъминлаш.

 

5-БОБ. ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ БОШҚАРИШ ВА ИСЛОҲ ҚИЛИШНИНГ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ БАЗАСИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

1. Давлат мулкини бошқариш, ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш соҳасида тўғридан-тўғри амал қиладиган қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади:

а) «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун:

давлат мулкини бошқаришнинг мақсади ва асосий принциплари;

давлат мулкини давлат ихтиёрида сақлаб қолиш мезонлари;

давлат мулкини бошқариш субъектлари, уларнинг вазифалари, ваколатлари ва мажбуриятлари;

давлат иштирокидаги корхоналарни бошқарадиган давлат бошқаруви органини белгилаш;

давлат мулкидан фойдаланиш йўллари, шу жумладан, уни ижарага ва ишончли бошқарувга бериш;

б) «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун:

хусусийлаштиришнинг асосий принциплари, шакллари ва шартлари;

давлат мулкини хусусийлаштириш субъектлари, уларнинг вазифалари, ваколатлари ва мажбуриятлари;

хусусийлаштириш объектларининг жозибадорлигини ошириш йўллари, шу жумладан, йирик корхоналарни сотишдан олдин тайёрлаш.

2. Давлат иштирокини чеклаш, давлат иштирокидаги корхоналар ва нодавлат юридик шахслар учун тенг шароит яратиш, давлатнинг мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) ва тартибга солувчи функцияларини ажратиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этиш ва давлат иштирокидаги корхоналарни бошқаришда шаффофлик ва маълумотларни ошкор этишни таъминлаш бўйича қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

 

6-БОБ. ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ КЕСКИН ҚИСҚАРТИРИШ

3. Давлатнинг корхоналардаги иштирокига, истисно тариқасида, корхоналар қуйидаги мезонларнинг бирига ёки бир нечтасига мос келганда йўл қўйилади:

а) асосий фаолияти табиий монополия соҳасига тўлиқ мос бўлган;

б) хусусий корхоналар томонидан бажарилиши норентабел ҳисобланувчи, аҳолига зарур бўлган таянч хизматларни кўрсатувчи;

в) стратегик манфаат соҳасида фаолият юритадиган ёки миллий иқтисодиёт учун муҳим тизим функциясини бажарадиган, яъни:

Ўзбекистон хавфсизлиги ва мудофаасини таъминлаш учун қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника, ўқ-дорилар ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сотиш, таъмирлаш, модернизация қилиш ва йўқ қилиш ҳамда бошқа фаолиятлар;

радиоактив моддаларни кавлаб олиш, ишлаб чиқариш, ташиш ва қайта ишлаш, радиоактив чиқиндиларни кўмиш, уранни ва бошқа бўлинувчи материалларни, шунингдек, улардан ясалган буюмларни сотиш;

қимматбаҳо ва асл металлар қазиб олиш;

атом энергетикаси объектларини (шу жумладан, бу каби объектларга ускуналар, тизимлар ва аппаратларни ўрнатиш) қуриш ва монтаж қилиш ишларини олиб бориш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни таъмирлаш;

миллий манфаатлар йўлида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш.

Давлат иштирокидаги корхоналарда давлат улушини сақлаб қолиш «сот ёки тушунтир» тамойили бўйича амалга оширилади.

4. Давлат активлари агентлиги Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб ҳар йили давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини таҳлил қилиб (хатловдан ўтказиб), қуйидаги корхоналарни аниқлайди:

фаолияти Стратегиянинг 3-бандида кўрсатилган мезонларга мос келадиган ва давлат ихтиёрида қолдириладиган корхоналарни (улушларни). Бунда давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати ҳар йили тегишли асослантириш кўрсатилган ҳолда, Давлат активлари агентлигининг веб-сайтида эълон қилинади;

фаолиятининг бир қисми Стратегиянинг 3-бандида кўрсатилган мезонлардан бирига тўғри келган корхоналарни (улушларни). Бунда ушбу корхоналар (улушлар) имкон қадар шундай тарзда қайта ташкил этиладики, унга кўра давлат ихтиёрида уларнинг фақат кўрсатилган мезонларга мос келадиган фаолият қисми қолдирилади;

фаолияти Стратегиянинг 3-бандида кўрсатилган мезонларга мос келмаган корхоналарни (улушларни). Бунда ушбу корхоналар (улушлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда 2025 йилга қадар сотилади, қайта ташкил этилади ёки тугатилади, шунингдек, сотилгунга қадар ишончли бошқарувга бериш амалиёти қўлланилади.

5. Давлат ихтиёрида қолдириладиган корхоналардаги улушлар қисман сотилиши ёки акцияларни оммавий таклиф этиш орқали қисқартирилиши мумкин.

 

7-БОБ. ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТЎЛИҚ БОЗОР МЕХАНИЗМЛАРИГА ЎТКАЗИШ

 

1-§. Давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан мақсадларни белгилаш

6. Давлат иштирокидаги корхоналар Давлат активлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзига нисбатан аниқ тижорат мақсадлари ва нотижорат мақсадларни ишлаб чиқади.

7. Тижорат мақсадлари фойда олиш мақсадида амалга ошириладиган фаолият учун белгиланади.

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг тижорат фаолияти очиқ ва рақобатбардош бозорда адолатли рақобат шароитида даромадни кўпайтиришга ёки тартибга солинадиган бозор шароитида самарали ишлашга қаратилади. Тижорат мақсадларини амалга оширувчи давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда уларнинг активлари корхонанинг узоқ муддатли ривожланишини, дивидендлар тўланиши ва фаолиятидан барқарор фойдани таъминловчи бизнес-режа асосида бошқарилади.

8. Нотижорат мақсадлар тармоқ, ижтимоий ёки бошқа жамоат мақсадларига эришиш, шу жумладан, тасдиқланган бюджет доирасида, даромадни кўпайтириш асосий мақсади бўлмаган, ижтимоий муҳим аҳамият касб этган хизматларни кўрсатиш мажбурияти бўлган фаолият йўналиши учун белгиланади.

9. Нотижорат мақсадларга эга бўлган корхоналар ҳам бизнес-режа асосида бошқарилиши лозим.

Нотижорат мақсадлар асослантирилган ҳолда аниқ белгиланиб, ошкор этилиши лозим. Корхоналарнинг нотижорат мақсадлари, уларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, корхонанинг молиявий натижаларига таъсирининг миқдорий баҳоси билан ошкор этилиши керак.

10. Давлат иштирокидаги корхоналарда нотижорат мақсадларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш рақобат муҳитига таъсир қилмаслиги ва бозордаги ҳалол рақобатни бузмаслиги лозим, шу билан бирга, тижорат мақсадларини амалга ошириш бўйича фаолият ҳам адолатли рақобат тамойилларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

11. Тижорат мақсадлари ва нотижорат мақсадларни амалга ошириш билан боғлиқ фаолият корхонанинг кузатув кенгашига тақдим этиладиган чораклик ҳисоботларда алоҳида кўрсатилиши ва корхонанинг веб-сайтида ошкор этилиши лозим.

12. Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан нотижорат мақсадларни (ижтимоий мажбуриятларни бажариш ва ижтимоий аҳамият касб этган хизматларни кўрсатиш) амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар (шу жумладан, касса узилишларига йўл қўймаслик учун) тўлиқ ва ўз вақтида қопланишининг аниқ ва шаффоф механизмлари жорий этилади.

 

2-§. Давлат иштирокидаги корхоналар ва нодавлат юридик шахслар фаолияти учун тенг шароитлар яратиш

13. Давлат иштирокидаги корхоналар ўз хўжалик фаолиятини нодавлат юридик шахслар билан тенг шароитларда амалга ошириши ва ташкилий-ҳуқуқий шакллари бўйича нодавлат юридик шахслар каби бўлиши керак.

Тижорат мақсадлари асосида фаолият юритаётган давлат унитар корхоналари ташкилий-ҳуқуқий шакли бўйича 2025 йилга келиб акциядорлик жамиятлари ёки масъулияти чекланган жамиятларга айлантирилиши лозим.

14. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тартибга солиш бўйича функцияларини давлат ва хусусий корхоналар хўжалик фаолиятини юритишнинг тенг шароитларини белгилаш зарурлигини инобатга олган ҳолда бажаришлари зарур.

15. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларини тақдим этиш амалиёти бекор қилинади, бунда ушбу кафолат механизми фақат стратегик муҳим бўлган инфратузилма ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар учун сақлаб қолинади.

Давлат иштирокидаги корхоналар молиялаштириш учун зарур пул ресурсларини жалб этиш билан боғлиқ мажбуриятларни бажаришга масъул ҳисобланади.

 

3-§. Давлатнинг мулкдор ва тартибга солувчи функцияларини ажратиш

16. Давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан бир вақтнинг ўзида ҳам мулкдор, ҳам тартибга солувчи функцияларни бажариш давлатнинг битта органи томонидан амалга оширилишига йўл қўйилмайди.

Бундай функциялар ажратилгунга қадар мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) функциясини бажарувчи давлат органи бундай корхоналарда аъзоларининг учдан икки қисми мустақил аъзолардан иборат кузатув кенгаши ташкил этилишини таъминлайди.

17. Давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан мулкдор (акциядор, иштирокчи, муассис) функцияси Давлат активлари агентлиги ва истисно ҳолларда Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг алоҳида қарорлари асосида Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Бунда Стратегия доирасида «мулкдор функцияларини бажариш» тушунчаси остида давлат иштирокидаги корхоналарнинг давлат акциялари пакети (улуши) бўйича акциядор, иштирокчи ёки муассис ҳуқуқларини амалга ошириш назарда тутилади, акцияларни тасарруф этиш бундан мустасно.

 

8-БОБ. КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВНИНГ ЗАМОНАВИЙ УСЛУБЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ

 

1-§. Кузатув кенгаши ва унинг қошидаги қўмиталар

18. Давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгашлари уларнинг ишини ташкил этишда кўмаклашиш учун корпоратив маслаҳатчи хизматини ташкил этади.

Корпоратив маслаҳатчи Стратегиянинг жорий этилиши учун тўлиқ жавобгар бўлган ижро этувчи орган ишини мувофиқлаштиради.

19. Давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгаши таркибида унинг аъзоларидан аудит бўйича қўмита, тайинлаш ва рағбатлантириш бўйича қўмита, зарурат бўлганда эса, бошқа қўмиталар ҳам ташкил этилади.

20. Кузатув кенгаши аъзоларига қуйидаги фидуциар мажбуриятлар татбиқ этилади:

жонкуярликни намоён қилиш мажбурияти – кузатув кенгаши аъзосидан виждонан ва жонкуярлик асосида ҳаракат қилишни;

содиқликни намоён қилиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик мажбурияти – кузатув кенгаши аъзоларидан, биринчи навбатда, корхона манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилишни;

лозим даражада кўздан кечиришликни намоён қилиш мажбурияти – кузатув кенгаши аъзоларидан корхонага нисбатан қарор қабул қилишда эҳтиёткорлик билан ёндашишни;

мустақил мулоҳазадан фойдаланиш мажбурияти – кузатув кенгаши аъзосидан қарорларни мустақил, шахсий ва бошқа манфаатларни инобатга олмаган ҳолда қабул қилишни талаб этади.

21. Кузатув кенгаши ҳар чоракда камида бир марта:

давлат иштирокидаги корхона ижро этувчи органи ва ички назорат органларининг, шу жумладан, корхона томонидан амалга оширилган харидлар тўғрисидаги ҳисоботини;

давлат иштирокидаги корхона асосий (уставдаги) фаолияти билан боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган шуъба хўжалик жамиятлари ҳамда филиаллари (ваколатхоналари) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқади.

22. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши аъзолари уларда акциядор, иштирокчи ёки муассис функцияларини амалга оширувчи давлат органлари томонидан корпоратив бошқарув тамойиллари (акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва муассис қарорлари) асосида мустақил равишда сайланади (тайинланади).

23. Давлат улуши бўйича давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгаши аъзолигига номзодлар танлов асосида белгиланган мезонларга асосан танлаб олинади.

Бунда кузатув кенгаши таркибини шакллантириш мезонларига тармоққа оид билим, бошқарув тажрибаси, молиявий, корпоратив бошқарув, стратегик режалаштириш ҳамда бошқа малакалар киритилади.

24. Давлат улуши бўйича давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгаши аъзолари таркиби, шу жумладан, билим, кўникма ва тажриба мезонлари бўйича тоифаланган бўлиши лозим.

25. Ҳар бир номзод:

белгиланган мезонлар доирасида тегишли малака талабларига мувофиқ бўлиши;

бенуқсон ишлаш обрўсига эга бўлиши;

фаолиятида рақобатчилар, асосий етказиб берувчилар билан тизимли манфаатлар тўқнашувига эга бўлмаслиги;

кузатув кенгаши аъзоси функциясини бажариши учун зарур вақт ажратиши лозим.

Ҳар бир номзодга бештадан кўп бўлмаган кузатув кенгашларида аъзо бўлиб иштирок этиш чеклови ўрнатилади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

26. Давлат органлари ходимлари талаб этиладиган малака даражасига мос бўлиши, манфаатлар тўқнашуви аломатларига эга бўлмаслиги шарти билан кузатув кенгаши аъзолигига сайланишлари мумкин.

Бунда тартибга солувчи ёки назорат (шу жумладан, лицензиялаш органлари ва молия-хўжалик фаолиятини текширувчи органлар) функциясини амалга оширувчи давлат бошқаруви органлари ходимларини сайлаш амалиёти тўлиқ бекор қилинади.

27. Кузатув кенгашининг, шу жумладан, мустақил аъзолигига номзодларни танлаш учун халқаро миқёсда етакчи бўлган консалтинг ва «хедхантер» ташкилотлари жалб қилиниши мумкин.

28. Давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгашлари таркибида мустақил аъзолар улуши босқичма-босқич 30 фоизга етказилади.

Бунда кузатув кенгашларининг мустақил аъзолари давлат органлари ходимларидан таркиб топган аъзоларни қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

29. Давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгашлари аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдори хусусий мулк иштирокидаги (шу жумладан, хорижий) корхоналарнинг кузатув кенгашлари аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдоридан кам бўлмаган миқдорларда тўлаш амалиёти жорий этилади.

30. Давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгашлари аъзоларига ҳақ тўлаш миқдори акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилиши ёки муассис қарори билан тасдиқланади.

31. Кузатув кенгаши аъзосига тўланадиган ҳақ миқдори кузатув кенгаши ҳамда унинг қўмиталаридаги аъзолиги ва/ёки раислиги учун корхона корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижалари асосида белгиланади.

32. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг корпоратив бошқарув тизими Давлат активлари агентлиги томонидан тасдиқланадиган саволномага асосан мустақил ташкилотлар (қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, штатида корпоратив бошқарувчи ёки қимматли қоғозлар бозори мутахассиси аттестатига эга бўлган аудиторлик ташкилотлари, фонд биржаси, аккредитацияланган рейтинг агентликлари, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммоларини тадқиқ этиш маркази) томонидан баҳоланади.

Бунда давлат улуши устун мавқеига эга бўлган тижорат банкларининг корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш саволномаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

33. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашлари ҳар йили, шу жумладан, консалтинг ташкилотларни жалб қилган ҳолда, ўз фаолиятининг самарадорлиги, шунингдек, кузатув кенгаши аъзоларининг билими, кўникмалари ва тажрибаси корхона эҳтиёжларига мос келишини баҳолайди.

34. Давлат иштирокидаги корхоналарда тафтиш комиссиялари фаолияти бекор қилинади.

Бунда давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгашлари аъзолари таркибидан иборат аудит қўмитаси ташкил қилинади.

35. Аудит қўмитасига молиявий таҳлил ва бухгалтерия ҳисоби соҳасида билимларга эга бўлган кузатув кенгашининг мустақил аъзоси раҳбарлик қилади.

36. Аудит қўмитаси молиявий ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини назорат қилиш ва таваккалчиликнинг самарадорлигини таъминлаш учун:

ички аудитнинг йиллик иш режасини тасдиқлаш учун кузатув кенгашига киритади;

аудиторлик текширувларини ўтказиш ташаббуси билан чиқади;

кузатув кенгаши олдида аудит масалалари бўйича ҳисобот беради.

37. Аудит қўмитасининг мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатлари, корхона устави ҳамда аудит қўмитаси тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

ҳисоб сиёсатини тасдиқлаш учун кузатув кенгашига киритиш ҳамда унинг ижросини назорат қилиш;

ички аудит тўғрисидаги низомни тасдиқлаш, ички аудит хизмати ходимларини тайинлаш учун кузатув кенгаши тасдиғига номзодларни киритиш ҳамда уларни лавозимдан озод этиш тўғрисида таклиф киритиш;

жамият томонидан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда амалга оширилган харидларни назорат қилиш;

ички аудит хизмати ишини, шу жумладан, унинг ҳисоботларини таҳлил қилиш ва самарадорликни баҳолаш орқали назорат қилиш;

молиявий ҳисобот, шу жумладан, консолидациялашган ҳисоботнинг бухгалтерия стандартлари ва ҳисоб сиёсатига мувофиқлигини таҳлил ва назорат қилиш;

ташқи аудит ўтказилишини таъминлаш;

кузатув кенгаши топшириғи бўйича бошқа функцияларни бажариш.

38. Аудит қўмитаси ўз йиғилишларини кузатув кенгаши мажлисларидан олдин ўтказади.

39. Давлат иштирокидаги барча корхоналарнинг кузатув кенгашлари аъзолари таркибидан Тайинловлар ва ҳақ тўлаш қўмитаси ташкил қилинади.

40. Тайинловлар ва ҳақ тўлаш қўмитасига ходимларни танлаш ҳамда баҳолаш кўникмаларига эга бўлган кузатув кенгашининг мустақил аъзоси раҳбарлик қилади.

41. Тайинловлар ва ҳақ тўлаш қўмитасининг вазифалари қонунчилик ҳужжатлари ва корхона уставига мувофиқ белгиланади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

тайинловлар ва ҳақ тўлаш сиёсатини ишлаб чиқиш ва кузатув кенгашининг тасдиғига киритиш ҳамда ижросини назорат қилиш;

кузатув кенгашига корхона раҳбари (бош директори, бошқарув раиси) ва ижро этувчи орган (бошқарув) аъзоларини лавозимга сайлаш (тайинлаш) учун номзодларни ва уларни лавозимдан озод этиш учун таклифлар киритиш;

корхона раҳбари (бош директори, бошқарув раиси) ва ижро этувчи орган (бошқарув) аъзоларининг самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари бўйича таклифларини кузатув кенгаши тасдиғига киритиш ва уларни баҳолаш;

корхона раҳбари (бош директори, бошқарув раиси) ва ижро этувчи орган (бошқарув) аъзолари лавозимларига танлов ўтказиш;

кузатув кенгаши топшириғи бўйича бошқа функцияларни бажариш.

 

2-§. Ижро этувчи орган

42. Ижро этувчи орган, шу жумладан, коллегиал ижро этувчи органнинг аъзолари танлов асосида кузатув кенгаши томонидан лавозимга сайланади (тайинланади) ва лавозимдан озод этилади.

43. Қуйидаги амалиётлар бекор қилинади:

давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарлиги ва ижро этувчи орган аъзолигига номзодларни Вазирлар Маҳкамаси билан келишиш;

давлат хизматчиларининг бир вақтнинг ўзида давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи раҳбари (аъзоси) лавозимларини эгаллаши.

44. Ижро этувчи орган фаолиятининг ижобий натижаларига кўра ваколатларини кейинчалик узайтириш, шунингдек, қониқарсиз натижаларга кўра муддатидан илгари бўшатиш шарти билан уч йил муддатга сайланади (тайинланади). Бунда ижро этувчи орган аъзоларига номзодларни танлаш учун халқаро миқёсда етакчи бўлган консалтинг ва «хедхантер» ташкилотлари жалб қилиниши мумкин.

45. Ижро этувчи орган раҳбари ва аъзолари жавобгарлиги бўйича суғурта қилиш механизми жорий этилади.

46. Ижро этувчи орган раҳбари ва аъзолари номзодларига қўйиладиган малака талаблари (маълумоти, тижорат, молия ва соҳавий тажриба ва бошқалар) давлат иштирокидаги корхона кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

47. Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органининг раҳбарлари ва аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдори:

хусусий мулк иштирокидаги (шу жумладан, хорижий) корхоналарнинг ижро этувчи органи раҳбарлари ва аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлаш тартиби ўрнатилади;

кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган шаффоф ҳақ тўлаш сиёсатига асосланган бўлади.

48. Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органи аъзоларига тўланадиган ҳақ таркиби қуйидагилардан иборат бўлади:

корхона жамоа шартномасида назарда тутилган қатъий белгиланган ҳақ (иш ҳақи, компенсация, бошқа тўловлар);

ҳақ тўлашнинг мукофот қисми – самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларининг чорак якуни бўйича кўрсаткичлари ижроси таъминланган тақдирда, тўланадиган қўшимча ҳақ, шунингдек, йиллик ёки уч йиллик фаолият натижасига кўра самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари ижросининг бонус кўринишидаги тўловлар.

49. Давлат иштирокидаги корхонанинг ижро этувчи органи корхона стратегияси ва ижтимоий аҳамиятга эга хизматларни кўрсатиш мажбуриятларидан келиб чиққан ҳолда, аниқ белгиланган самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларига эга бўлиши керак.

 

3-§. Таваккалчиликни бошқариш тизими

50. Давлат иштирокидаги корхоналарда «уч ҳимоя чизиғи», яъни таваккалчиликни оператив бошқарув жараёнида аниқлаш ва бошқариш, таваккалчиликларни аниқлаш ва бартараф қилиш бўйича назорат тартиб-таомилларини ҳамда ягона методологиясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, таваккалчиликларни бартараф қилиш ва бу борада амалга оширилаётган ишларга баҳо бериш ҳамда назорат қилиш ёндашувига асосланган таваккалчиликни бошқариш тизими Давлат активлари агентлиги томонидан тасдиқланадиган намунавий тартибга мувофиқ жорий этилади.

51. Кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган тақдирда, давлат иштирокидаги корхоналарда таваккалчиликни бошқариш тизими ижро этувчи орган (бошқарув) билан ҳамкорликда акциядорларнинг (иштирокчиларнинг) умумий йиғилиши, муассис томонидан назорат қилинади.

52. Давлат иштирокидаги ҳар бир корхона таваккалчилик қўмитаси ва кузатув кенгаши томонидан белгиланган барча таваккалчиликларни (операцион, ҳуқуқий ва бошқалар) қамраб олган «таваккалчилик харитасини» ишлаб чиқади ва мониторингини олиб боради.

Давлат иштирокидаги корхоналар ҳар йили таваккалчиликларни бошқариш учун жавобгар бўлган махсус таркибий бўлинмани ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқади.

 

4-§. Ички аудит хизмати

53. Давлат иштирокидаги корхоналарда ички аудит хизмати ташкил этилади.

54. Ички аудит хизмати давлат иштирокидаги корхонанинг мустақил таркибий бўлинмаси бўлиши лозим. Ички аудит хизмати ходимлари корхонанинг штатлар жадвалига киритилади.

55. Ички аудит хизмати ўз функциялари жиҳатидан Аудит қўмитаси раисига бўйсунади.

56. Ички аудит хизмати ва ташқи аудитор бир-бирларига нисбатан мустақил бўлишлари, бироқ ўзаро ахборот алмашиши ва ўзларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириши лозим.

57. Ички аудит хизмати давлат иштирокидаги корхонанинг шуъба хўжалик жамиятлари ички аудит хизмати фаолиятини мувофиқлаштиради ва заруратга қараб уларнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилади.

58. Ички аудит хизмати ходимларини танлов асосида тайинлаш, ҳар чоракда уларнинг ҳисоботларини кузатув кенгаши томонидан эшитиб бориш ва ташқи аудитор томонидан жиддий камчиликлар аниқланган тақдирда, кузатув кенгаши қарори билан унинг ходимлари ваколатларини муддатидан илгари бекор қилиш амалиёти жорий этилади.

 

5-§. Ташқи аудит

59. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг йиллик молиявий ҳисоботи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташқи аудитдан ўтказилиши шарт.

60. Давлат иштирокидаги корхона акцияларининг (улушларининг) камида 5 фоизига эгалик қилувчи акциядорларга (иштирокчиларга) асослар бўлган тақдирда, корхона молия-хўжалик фаолиятини корхона ҳисобидан навбатдан ташқари ташқи аудитдан ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқи берилади.

61. Мажбурий аудиторлик текшируви акциядорларнинг (иштирокчиларнинг) умумий йиғилиши, муассис қарори билан тайинланади. Ташқи аудиторлик ташкилотини жалб қилиш учун ўтказиладиган танлов (тендер) шартлари ва қўйиладиган талаблар кузатув кенгашининг Аудит қўмитаси томонидан белгиланади.

 

6-§. Инсон ресурсларини бошқариш

62. Давлат иштирокидаги корхоналар инсон ресурслари захираси тўғрисидаги қоидаларни жорий этиши лозим. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашлари ва ижро этувчи органи таркибидаги инсон ресурслари захирасини шакллантириш учун Тайинловлар ва ҳақ тўлаш қўмитаси масъулдир.

63. Давлат иштирокидаги корхоналар малакали ходимларни жалб қилиш ҳамда мавжуд ходимларни муносиб рағбатлантиришга қаратилган ҳақ тўлаш механизмларини жорий этади.

64. Иш ҳақи миқдорлари асосли ва корхонанинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб бериши лозим.

65. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашлари корхонанинг ижро этувчи органи раҳбарияти ўртасидаги ваколатларни (операцион, молиявий ва бошқалар) таҳлил қилиши ва етишмаётган ваколатларни тўлдириш тўғрисида тавсия бериши лозим.

66. Давлат иштирокидаги ҳар бир корхона ахлоқ стандартларини қамраб олган Ахлоқ кодексини ишлаб чиқади, жорий этади ва бу борадаги маълумотни ошкор этади.

 

9-БОБ. ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ БОШҚАРИШДА ШАФФОФЛИКНИ ВА МАЪЛУМОТЛАРНИНГ ОШКОР ЭТИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ

 

1-§. Ички ахборот алмашинуви

67. Давлат иштирокидаги корхоналар самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари, корхона бизнес-режаси ва стратегиясининг бошқа кўрсаткичлари ижроси бўйича кузатув кенгаши ва ижро этувчи орган ўртасида ахборот алмашинувини таъминлаши шарт.

Давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгашлари корхона фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай масалалар бўйича ҳисобот, ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилишга ҳақли.

68. Давлат иштирокидаги корхоналар ҳисоботларни замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда тайёрлаш бўйича барча зарур чораларни кўради.

 

2-§. Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан ахборотни ошкор қилиш

69. Давлат иштирокидаги корхоналар:

ўзининг корпоратив веб-сайтларига эга бўлиши ва қонунчиликда корпоратив веб-сайтларга қўйилган талабларни бажариши;

давлат ва жамият учун муҳим бўлган ахборот ва масалаларни ўз веб-сайтида ошкор қилиши;

улар томонидан амалга ошириладиган харидлар шаффофлиги жараёнининг барча тартиб-қоидаларига риоя қилиши лозим.

70. Давлат иштирокидаги ҳар бир корхона ўзи томонидан ишлаб чиқилган стратегия, уни амалга ошириш чора-тадбирлари ва ижроси тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиб бориши лозим, махфий ёки тижорат сирларини ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно.

71. Ошкор этилиши лозим бўлган ахборотлар сирасига қуйидагилар киради:

давлат иштирокидаги корхона устави;

кузатув кенгаши аъзолари ҳақида, шунингдек, уларга тўланадиган ҳақ тўғрисидаги маълумотлар;

корхона раҳбари ва ижро этувчи орган аъзолари ҳақида, шунингдек, уларга тўланадиган ҳақ тўғрисидаги маълумотлар;

корхонанинг ташкилий тузилмаси;

йиллик бизнес-режа ижроси ҳолати тўғрисида чораклик ҳисоботлар (шу жумладан, лойиҳаларни техник-иқтисодий асослаш ва мақсадларига эришиш тўғрисидаги маълумотлар);

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган молиявий ҳисобот, шу жумладан, йиллик молиявий ҳисоботга ташқи аудиторлик ташкилоти хулосаси;

асосий таваккалчиликлар, шу жумладан, молиявий, операцион, ҳуқуқий ва бошқа таваккалчиликлар, махфий ёки тижорат сирларини ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно;

йирик ва аффилланган шахслар билан муҳим битимлар тўғрисидаги маълумотлар;

корхонанинг корпоратив бошқарув соҳасидаги амалиётини Давлат иштирокидаги корхоналар учун корпоратив бошқарув қоидаларига мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотлар;

Давлат активлари агентлиги томонидан белгиланадиган бошқа маълумотлар.

72. Давлат иштирокидаги корхоналар барча акциядорлар, иштирокчилар ва муассис учун «ахборотларни ошкор этиш тенглиги» тамойилини жорий этади.

73. Давлат иштирокидаги корхоналар корпоратив бошқарув соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, молиявий натижалар, бизнес-режа кўрсаткичлари ижроси, стратегияни жорий этиш ва бошқа муҳим маълумотларни Давлат активлари агентлигига киритиб боради.

 

3-§. Давлат иштирокидаги корхоналар тўғрисидаги ахборотларни ошкор қилиш

74. Давлат активлари агентлиги 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти натижадорлиги ва Стратегияни амалга ошириш тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

75. Давлат активлари агентлиги 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили камида бир марта ўзининг веб-сайтида давлат иштирокидаги барча корхоналарнинг фаолияти натижалари тўғрисидаги қуйидагиларни ўз ичига олган ҳисоботни эълон қилади:

давлат иштирокидаги корхоналарга қўйилган мақсадларнинг ижроси, ҳар бир корхона фаолиятининг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, асосий молиявий ва номолиявий кўрсаткичларга эришиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни кўрсатиш бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, ҳомийлик, хайрия ва бошқа ижтимоий мақсадларга маблағлар ажратиш тўғрисидаги қарорлар ҳамда қарор қабул қилишдан кутилаётган натижаларни кўрсатган ҳолда батафсил асослар.

 

10-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАРИ ВА УНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШ МОНИТОРИНГИ

76. Давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш бўйича белгиланган мақсадларга ўз вақтида эришилишини ва амалга оширилган саъй-ҳаракатлар муваффақиятини баҳолаш мақсадида Стратегия қуйидаги мақсадли кўрсаткичларни ўз ичига олади:

давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75 фоизга қисқартириш;

20 та давлат иштирокидаги корхоналар акцияларини бирламчи ва иккиламчи оммавий таклиф этиш;

давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгашлари таркибидаги мустақил аъзолар сонини 2025 йилга қадар 30 фоизгача ошириш.

Бунда давлат иштирокидаги корхоналар ўз фаолиятини Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Давлат иштирокидаги корхоналар учун корпоратив бошқарув бўйича тамойиллари асосида бозор механизмларига асосланган ҳолда амалга оширади.

77. Стратегиянинг амалга оширилиши бўйича тизимли мониторинг олиб бориш ва мувофиқлаштириш Давлат активлари агентлиги томонидан амалга оширилади.

 

11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

78. Стратегия нормалари давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига улар фаолиятининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда татбиқ этилади.

79. Стратегия давлат унитар корхоналари, устав капиталида давлат 50 фоиздан юқори улушга тўғридан-тўғри эгалик қилувчи хўжалик жамиятларига босқичма-босқич татбиқ этилади.

80. Давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгашлари мавжуд бўлмаган тақдирда, Стратегия нормалари акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилиши ва муассис қарорига асосан татбиқ этилади.

ЎзР ВМнинг

2021 йил 29 мартдаги 166-сон қарорига

3-ИЛОВА

2021–2025 ЙИЛЛАРДА ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ БОШҚАРИШ ВА ИСЛОҲ ҚИЛИШ СТРАТЕГИЯСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАР

Т/р

 

Кўрсаткичлар

 

Ўлчов бирлиги

 

Мақсадли кўрсаткичлар:

 

2021 йилга

 

2023 йилга

 

2025 йилга

 

1.

 

Давлат иштирокидаги корхоналар сонини қисқартириш.

 

фоиз

 

30

 

65

 

75

 

2.

 

Давлат иштирокидаги корхоналар акцияларини бирламчи ва иккиламчи оммавий таклиф этиш.

 

дона

 

2

 

10

 

20

 

3.

 

Давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзолар сонини кўпайтириш.

 

фоиз

 

5

 

15

 

30

 

3.1.

 

Шундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ-6096-сон Фармонига (кейинги ўринда – Фармон) 1-иловага киритилган металлургия, нефть-газ, энергетика, кимё саноати, машинасозлик ва электротехника ҳамда транспорт соҳаси корхоналари.

 

фоиз

 

30

 

 

 

4.

 

Давлат иштирокидаги корхоналар бошқарув органлари таркибига чет эллик менежерларни жалб қилиш.

 

дона

 

20

 

50

 

100

 

4.1.

 

Шундан Фармонга 1-иловага киритилган металлургия, нефть-газ, энергетика, кимё саноати, машинасозлик ва электротехника ҳамда транспорт соҳаси корхоналари.

 

дона

 

14

 

 

 

5.

 

Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан корпоратив облигациялар чиқариш.

 

дона

 

2

 

15

 

25

 

6.

 

Истиқболсиз, фаолият кўрсатмаётган, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли давлат иштирокидаги корхоналарни тугатиш.

 

дона

 

245

 

477

 

0

 

7.

 

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти тамойиллари асосида ишлаб чиқилган Корпоратив бошқарув қоидаларини жорий этиш.

 

фоиз

 

10

 

25

 

50

 

7.1.

 

Шундан Фармонга 1-иловага киритилган металлургия, нефть-газ, энергетика, кимё саноати, машинасозлик ва электротехника ҳамда транспорт соҳаси корхоналари.

 

фоиз

 

100

 

 

 

8.

 

Давлат иштирокидаги корхоналарга комплаенс хизматини жорий этиш.

 

фоиз

 

3

 

10

 

20

 

8.1.

 

Шундан Фармонга 1-иловага киритилган металлургия, нефть-газ, энергетика, кимё саноати, машинасозлик ва электротехника ҳамда транспорт соҳаси корхоналари.

 

фоиз

 

100

 

 

 

9.

 

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш.

 

фоиз

 

20

 

100

 

 

10.

 

Давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши қошида қўмиталар ташкил этиш.

 

фоиз

 

50

 

75

 

100

 

 

 

Изоҳ:

Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш натижасида давлат улуши шаклланадиган корхоналар ҳисобга олинмаган;

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси томонидан ушбу мақсадли кўрсаткичларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.03.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2-илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 38 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика