Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 14 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5584-сон Фармонига мувофиқ ҳамда республика аэропортларида йўловчиларга ва авиаташувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки, республика аэропортларини давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланган кундан бошлаб уч йил муддатга:

а) хусусий шериклар, улар томонидан жалб қилинадиган лойиҳа ташкилотлари, операторлар, маслаҳатчилар, пудратчилар ва субпудратчилар:

олиб кириладиган махсус транспорт воситалари, йўл-қурилиш техникаси, машиналар, механизмлар, ускуналар, хом ашё, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, узеллар, технологик ва лойиҳа ҳужжатлари, дастурий таъминот, жиҳозлар, шу жумладан, лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган пудрат қурилиш ташкилотларини жиҳозлашга мўлжалланган махсус йўл-қурилиш техникаси ва ускуналари учун божхона божидан;

олиб кириладиган транспорт воситалари (енгил автомобиллардан ташқари) ва махсус техника учун утилизация йиғимидан озод қилинади;

б) хусусий шериклар ва аэропортлар фойда солиғини, шу жумладан дивиденд тўлашда ушлаб қолинадиган фойда солиғини белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлайди;

в) аэропортлар учун мол-мулк солиғининг белгиланган ставкаси 50 фоизга камайтирилади.

2. Транспорт вазирлиги «Uzbekistan Airports» АЖ билан биргаликда:

республика аэропортларини реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳаларини амалга оширишга давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш ва салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш чораларини кўриб борсин;

давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳалари амалга ошириладиган аэропортларда халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ хорижий авиакомпаниялар учун рейслар ва йўналишлар бўйича чекловларнинг ўрнатилган тартибда бекор қилинишини кўзда тутувчи «Очиқ осмон» режими жорий этилишини таъминласин.

3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 29 март

ПҚ-5042-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.03.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 13 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика