Тошкентдаги ўз турар жойимга Самарқандда яшайдиган туғишган акамни доимий рўйхатга олишим мумкинми?
– Йўқ, мумкин эмас. Рўйхатнинг 4-бандига мувофиқ ота-онаси бўлмаган вояга етмаган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз бўлган ҳамда ўз оиласи (эри (хотини) ва фарзандлари) бўлмаган вояга етган туғишган ака-ука ва опа-сингиллар ўзларининг туғишган ака-ука ёки опа-сингиллари доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига доимий рўйхатга олинади.
Бундай фуқароларни доимий рўйхатга олиш учун МваФРБга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
● мулкдор аризаси ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бориш имкони мавжуд бўлмаса;
● доимий рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти ёки ID-картаси;
● туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар;
● ТМЭК маълумотномаси (меҳнатга қобилиятсиз фуқаролар учун) (Низомнинг 12-б.).
Шу тариқа, агар акангиз ота-онасиз қолганда ҳамда меҳнатга лаёқатсиз бўлганда ва ўз оиласи бўлмаганда, уни сизнинг Тошкентдаги манзилингизга доимий рўйхатга олиш мумкин бўларди.