Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро билан никоҳни рўйхатдан ўтказишни режалаштиряпман.
Унинг Тошкентда доимий рўйхатга олиниши қандай тартибда амалга оширилади?
– Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифалари рўйхатининг (14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган) 5-бандига мувофиқ эр (хотин) хотини (эри) доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига доимий рўйхатга олинади.
Бундай фуқароларни доимий рўйхатга олиш учун МваФРБга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
● мулкдор аризаси ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бориш имкони мавжуд бўлмаса;
● доимий рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти ёки ID-картаси, ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари ёхуд ЎзР Қуролли Кучларининг контракт бўйича ҳарбий хизматчисининг шахсий гувоҳномаси (казармалар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун).
Рўйхатнинг 5-бандига мувофиқ доимий рўйхатга олинадиган фуқароларнинг олдинги никоҳидан ёки никоҳсиз туғилган фарзандлари (ўз оиласига эга бўлмаган) Рўйхатнинг 2-банди бўйича доимий рўйхатга олинади.
Никоҳи хорижий давлатда қайд этилган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг консуллик легаллаштириш қонун ҳужжатлари талаблари асосида расмийлаштирилган ёки Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Гаага конвенция талабларига мувофиқ апостиль белгиси қўйилган никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этади.
Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Минск ва Кишинев конвенцияларига аъзо давлатларда никоҳи қайд этилган фуқаролар томонидан ушбу давлатлар қонун ҳужжатлари талаблари асосида тасдиқланган никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси билан расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи икки томонлама халқаро шартнома тузилган давлатлар ҳудудида никоҳи қайд этилган фуқаролар томонидан тақдим этиладиган никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага консуллик қонунлаштирилиши ёки апостиль белгисини қўйиш талаб этилмайди (Низомнинг 13-б.).