Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 14 / Биз яшайдиган уй

Ёндашув алоҳида тартибда – фойдаси умумий

 

Битта уйдан ортиқ жойлар мулкдорларини бирлаштирувчи УМШда қонун ҳужжатларига кўра ҳар бир уйга алоҳида ёндашув назарда тутилган. Бу нима учун керак? Бу ширкатлар фаолиятининг шаффофлигини, мулкдорларнинг унга бўлган ишончини, унинг ишини осонроқ назорат қилишни таъминлайди, яшовчиларнинг тўлов интизомини оширади.

Аслини олганда ҳам биздаги ҳар бир уйнинг техник ҳолати турлича, демак, уларга талаб қилинган харажат ҳам турлича бўлади. Одатда муаммолар уларни кўришмаётган жойларда ёки муаммоларни кўришни исташмаётган ҳамда алоҳида ҳисоб юритиш бўйича қўшимча юмушни ўз зиммасига олишни хоҳлашмаган жойларда юзага келади. Чунончи ҳар бир уй бўйича алоҳида ҳисоб юритиш кўп вақтни олади. Шунинг учун кўпгина УМШлар тенглаштиришни хуш кўришади – бадал миқдорини ҳар бир кўп қаватли уйнинг ҳақиқатдаги талаб-эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда белгилаш ўрнига, унинг ягона миқдорини ўрнатишади. Бу ўринда кўпинча аҳолини рўкач қиладилар. Айрим одамлар алоҳида ҳисоб юритиш уларнинг ўзи учун фойдали эканлигини англамайдилар, дейишади. Баъзида уй-жой мулкдорлари нима учун улар тўлайдиган бадаллар юқори-ю, қўшниларники камлигини айтиб норозилигини билдиришади. Бу бошқарув органи билан уйда яшовчилар ўртасида муаммолар ва зиддиятлар юзага келишига олиб келади. Шунга қарамай, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда УМШдаги ҳар бир уйга алоҳида ёндашув зарурлиги белгиланган.

Бошқарувчи ташкилотлар (БТ) учун худди шундай нормалар Қонунда кўрсатилмаган. Лекин бу мазкур нормаларни БТ амалиётида қўллаб бўлмайди дегани эмас. Худди УМШлар каби, бошқарувчи ташкилотлар ҳам ҳар бир уй мулкдорларининг манфаатларини ҳисобга олиши керак бўлади – бу 50 уй бўладими ёки 100 та кўп қаватли уйми, фарқи йўқ. Бошқарувчилар шартномага Қонунда батафсил баён этилмаган шартлар ва талабларни киритиш ҳуқуқига эгалар. Масалани кўп квартирали уйларни бошқаришга умумий ёндашувдан келиб чиқиб ҳал қилиш керак бўлади. Ширкатда тарафларнинг муносабатлари Қонун ва устав асосида қурилади. БТда тарафлар муносабати ҳар бир мулкдор билан тузиладиган шартнома асосида қурилади. Энг муҳими, шартнома қонун ҳужжатларига зид келмаса бўлди.

Бошқарувчилар! Ҳар бир уйга эътиборли бўлинг!

 

Ширкатда ёки БТда ҳар бир уйга алоҳида ёндашув мулкдорларга айнан уларнинг кўп қаватли уйлари учун режалаштирилган ишлардан хабардор бўлиш, бунинг учун қанча маблағ кераклигини билиш, мажбурий бадал миқдори нималардан шаклланишини англаш имконини беради. Агар уйда яшовчилар бадални ниҳоятда юқори деб ҳисоблашса, ишлар режасидан бир қисмини олиб ташлаши, даромад ва буромадлар сметасини қайта кўриб чиқиши мумкин.

ККУда юқори бошқарув органи бўлиб жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши ҳисобланади. Мазкур норма Қонунда белгиланган бошқарув усулларининг ҳар учаласига татбиқ этилади: УМШ, БТ (бошқарувчи), уйни юридик шахс ташкил этмасдан бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқариш. Ҳар бир муайян уйда яшовчиларнинг манфаатлари ҳисобга олиниши учун улар қарорлар қабул қилиши, умумий йиғилишларда иштирок этиши лозим бўлади. Кўп қаватли уйларда яшовчиларни йиғилишга тўплаш жуда мушкул. Шунинг учун қонун ҳужжатларида ҳар бир алоҳида уйга алоҳида ёндашув назарда тутилган, яъни қарорлар қабул қилиш учун имкониятлар берилади.

Хусусан, «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги олдинги Қонунда, шунингдек «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда (43-м.) ҳам биттадан кўп бўлган уйнинг жойлари мулкдорларини бирлаштирадиган УМШларда ширкат аъзоларининг ҳар йилги умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ширкатдаги ҳар бир уйнинг жойлари мулкдорларининг қарор қабул қилиш учун йиғилишлари албатта ўтказилиши кераклиги белгиланган. Уларда мазкур уйдаги барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоиздан кўпи ҳозир бўлиши кераклиги белгиланган.

УМШдаги ҳар бир уйнинг жойлари мулкдорларининг йиғилиши қуйидагиларни тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади:

● мазкур ККУдаги умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ва ширкат мол-мулкини сақлашга доир ширкат ишлар режасининг бир қисми сифатида умумий мол-мулкни сақлаш бўйича ишлар режасини;

● УМШнинг даромадлари ва харажатлари сметасининг бир қисми сифатида ушбу ККУдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун даромадлар ва харажатлар сметасини;

● умумий мол-мулкни сақлашга доир тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ ушбу уйнинг жойлари мулкдорларининг мажбурий бадаллари миқдорларини;

● ўтган йил учун ишлар режаларининг, умумий мол-мулкни сақлашга доир даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни.

Жойлар мулкдорларининг йиғилиши томонидан қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади ва у уйнинг барча жойлари мулкдорлари учун мажбурийдир.

Ҳар бир уйга алоҳида ёндашув умумий йиғилишнинг бир уй жойлар мулкдорларининг маблағини бошқа уйнинг эҳтиёжлари учун фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилиш имкониятини белгиловчи норма ҳисобланади. 

Бу барча дастаклар БТда ҳам қўлланилиши мумкин, сабаби улар кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришнинг базавий принципларига асосланади. БТ билан шартнома тузган жойлар мулкдорлари ҳам худди шундай бошқарувчилар томонидан ишлаб чиқилган ишлар режасини, даромадлар ва харажатлар сметасини, тўлов миқдорини тасдиқлашади. Бошқарувчи ташкилот ҳам кўрсатилган хизматлар борасида улар олдида ҳисобот беради.

Ҳар бир ККУ мулкдорининг фикр-мулоҳазаларини иложи борича кўпроқ ҳисобга олиш мақсадида Қонунда қарорларни қабул қилиш усулини уларнинг хоҳишига кўра танлаш имконияти белгиланган. Қарор умумий йиғилишни чақириш ёки ширкат аъзолари ўртасида сўровнома ўтказиш орқали ёхуд мулкдорлар вакиллари томонидан ёинки йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича қарорни кўрсатган ҳолда ширкат аъзоларининг овозларини ҳисобга олиб ёзма шаклда қабул қилиниши мумкин (41-м.).

Бу қоидалар БТ бошқарувида бўлган уйларнинг жойлар мулкдорларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Қарорлар қабул қилиш усуллари шартномада кўрсатилиши мумкин.

Прочитано: 29 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика