Корхонада 1976 йилда фойдаланишга киритилган бино мавжуд. Қолдиқ қиймати – 40 млн сўм. 2020 йил учун Мол-мулк солиғи ҳисоб-китобини топширдик. Бироқ ДСИ бизга 1 176 млн сўм миқдоридаги солиқ базасидан келиб чиққан ҳолда фойдаланилмаётган объектлар бўйича мол-мулк солиғи бўйича қўшимча солиқ ҳисоблади ва инкассо тақдим этди.
ДСИ мол-мулк солиғини тўғри ҳисоблаганми?
– Бинолар бўйича мол-мулк солиғи бўйича ўртача йиллик қолдиқ қиймати солиқ базаси ҳисобланади. Кўчмас мулкнинг қолдиқ қиймати ушбу мол-мулкнинг бошланғич (тикланиш) қиймати билан ҳисоб сиёсатида белгиланган усуллардан фойдаланилган ҳолда ҳисоблаб чиқилган амортизация миқдори ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (СК 412-м. 1-қ. 1-б.).
Бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек тугалланмаган қурилиш объектларига нисбатан қонун ҳужжатларида оширилган солиқ ставкаларини белгилаш йўли билан таъсир чоралари қўлланилиши мумкин ҳамда СКнинг 414-моддасида кўрсатилган солиқ имтиёзлари уларга татбиқ этилмайди (СК 415-м. 3-қ.). Бундай объектларни аниқлаш ва таъсир чораларини қўллаш ВМнинг «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (13.08.2019 йилдаги 666-сон) мувофиқ амалга оширилади.
Корхонада бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек тугалланмаган қурилиш объектлари мавжуд бўлмаса, фойдаланилмаётган объектлар учун белгиланган оширилган ставкалар бўйича мол-мулк солиғини ҳисоблаш нотўғри бўлади. Солиқ қўшимча ҳисобланганлиги сабабларини аниқлаштириш учун ДСИга мурожаат қилишни тавсия этамиз.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.