Нодавлат нотижорат ташкилоти тадқиқот ишларини ўтказиш учун буюртма олувчи ташкилот сифатида чиқади. Ижро этувчи – ЎзР норезиденти шартнома бўйича ҳисобварақ-фактурани, бажарилган ишлар далолатномасининг асл нусхасини, тадқиқотларни эса электрон ва қоғоз шаклида тақдим этади.
1. Бундай импорт шартномаси ННТ учун қандай божхона оқибатларини келтириб чиқариши мумкин?
2. Норезидентдан хизматлар олинганда қандай солиқлар тўланиши лозим?
1 Олинган импорт хизматлар бўйича божхона расмийлаштируви амалга оширилмайди. Божхона кодекси Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, божхона тўловларини ундириш, божхона расмийлаштируви, божхона назоратини амалга оширишни тартибга солади (БК 1-м.). |
Шартномани «Е-контракт» тизимида рўйхатдан ўтказишда «товар»ни эмас, балки «хизматлар»ни белгилашни ёддан чиқарманг.
2 ННТ хорижий ҳамкорга буюртма берган тадқиқот ишлари солиқ солиш мақсадларида хизматлар ҳисобланади. |
Эслатиб ўтамиз: бошқа шахсларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган маҳсулотларни (моддий ёки номоддий) ишлаб чиқаришга доир тадбиркорлик фаолиятининг турлари, шунингдек бошқа шахслар учун бажариладиган ишлар солиқ солиш мақсадида хизматлар деб эътироф этилади (СК 45-м. 8-қ.).
Қўшилган қиймат солиғи
Хорижий ҳамкор томонидан хизматлар кўрсатиладиган жой Ўзбекистон ҳисобланади, сабаби у хизматларни олувчи сифатида (ННТ) Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Тегишинча, хорижий ҳамкор Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи ҳисобланади (СК 237-м. 1-қ. 3-б., 241-м. 1-қ.).
Норезидент ЎзР солиқ органларида ҳисобга турмаганлиги сабабли ННТ солиқ агенти деб эътироф этилади. Дарвоқе солиқ агенти солиқ тўловчидан, у солиқ тўловчиси бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, ҚҚС суммасини ҳисоблаши, ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт (СК 255-м. 1, 2, 6-қ.).
Шартнома шартларига мувофиқ хизматлар ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда кўрсатиладиган бўлса, солиқ базаси солиқни ҳисобга олмасдан кўрсатилган хизматлар қийматидан келиб чиқиб аниқланади. Мазкур ҳолатда солиқ агенти тегишли солиқ суммасини мустақил равишда ҳисоблаши ва бюджетга тўлаши лозим. У чет эллик шахслардан олинган товарлар (хизматлар) бўйича Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобини (1-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) солиқ тўлаш амалга оширилган ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай тақдим этиши шарт (СК 255-м. 7-қ., 273-м. 4-қ.).
Чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси ЎзР МБнинг солиқни тўлаш санасидаги расмий курси бўйича миллий валютада қайтадан ҳисобланади (СК 89-м. 2-қ.).
Норезидентнинг даромадидан олинадиган солиқ
ЎзР ҳудудида тадқиқот ишларини ўтказишга оид хизматлар кўрсатилганда, ушбу хизматлар бўйича норезидент томонидан олинган даромадларга тўлов манбаида (ННТ) солиқ солинади. Хизматларни ўтказиш тартибини, бунда ЎзР ҳудудида норезидентнинг мутахассислари иштироки талаб этилиш-этилмаслигини қайд этишингиз шарт эмас. Норезидент билан тузиладиган шартномада тадқиқотлар ЎзР ҳудудида ёки унинг ташқарисида ўтказилишини кўрсатиб ўтишни тавсия қиламиз. Тадқиқот ишлари ЎзР ҳудудидан ташқарида ўтказиладиган бўлса, норезидентнинг даромадларига солиқ солинмайди (СК 351-м. 2-қ. 18-б., 3-қ. 2-б.).
Бунда ҚҚС тўлаш мақсадларида хизматлар кўрсатиладиган жойини аниқлаш тартиби норезидентнинг даромадларидан солиқ тўлаш тартибига татбиқ этилмаслигини инобатга олинг.
Ольга БУСАРОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.