Қандай ҳолларда бепул беришни иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган деб ҳисоблаш мумкин? Ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш ва тегишинча, солиқ солинадиган ёки солиқ солинмайдиган айланмани эътироф этиш ушбу масаланинг ечимига боғлиқ. Эҳтимолий вариантлар ва хавфларни солиқ консультанти Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
– Бу борада СКнинг «Қўшилган қиймат солиғи» ва «Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи» бўлимларида бир хил нормалар мавжуд. СКнинг 239-моддаси «Реализация қилиш бўйича айланма»га асосан бепул берилган товар (хизмат), товар сифатида ҚҚС бўйича айланма ҳисобланмайди, СКнинг 305-моддаси «Умумий қоидалар»дан эса бу – фойда солиғи бўйича иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажат эканлиги келиб чиқади. Ҳар бир ҳолатни шарҳлаб бераман.
1 Товарлар (хизматлар) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида реализация қилинган. |
Агар улар фойда солиғи бўйича чегириладиган харажат сифатида қабул қилинса, улар ҚҚС бўйича айланма ҳисобланмайди.
Амалиётда бундай вазият реклама ва вакиллик харажатлари, сотувларни ошириш учун товарларни оммавий тарқатиш, товарлар тарзида чегирмалар, лояллик карталари (масалан, меҳмонхонанинг доимий мижози СПА-салонга бепул абонент ва ҳ.к. олади) билан юзага келади.
Ўйлайманки, чиқимларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаганлиги мезонлари асосида фойда солиғи ҳисоб-китобида шундай солиққа оид муносабатлар тизими шаклланадики, бунда солиқ органи компаниянинг чиқимларининг оқилоналигини кузатиб боради. Чунки айнан товарларни бепул беришда солиқ тўловчилар томонидан суиистеъмолчиликка йўл қўйилганлиги тахмин қилинади.
СКнинг 305-моддасида кўрсатилишича, чиқимлар даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган тақдирда харажатлар деб эътироф этилади. Тизимли талқин қилиш чиқимларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаганлиги – бу уларнинг даромад олишга қаратилган, деган хулосага келиш имконини беради.
Солиқ органлари иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши мезони асосида аниқ солиқ даврларида фойда келтирмаган, даромад олишга қаратилган чиқимларни солиқ солинадиган фойдани камайтирадиган чиқимлар сифатида ҳисобламасликлари мумкин.
Менинг назаримда, бундай позиция хато бўлади ва тушунчаларни алмаштиришга асосланган: чиқимларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаганлиги (уларнинг даромад олишга қаратилганлиги каби) чиқимларнинг иқтисодий самарадорлиги билан алмаштирилади. Бу – низолар ва судда даъволашишга олиб борадиган йўл.
Солиқ органлари ваколатларига чиқимларнинг мақсадга мувофиқлиги ёки самарадорлигини кўриб чиқиш киритилмаган. Бу – тадбиркорлик субъектининг ўзининг иши.
Ўйлайманки, солиқ ходимлари солиқ солиш мақсадлари учун фақат иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган, яъни – бевосита фойда келтирган чиқимларни қабул қилишади. Бироқ СК чиқимларни уларнинг иқтисодий самарадорлигидан қатъи назар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган сифатида малакалайди, компания томонидан зарар кўрилган тақдирда ҳам, ҳатто ушбу зарарни келгуси даврларга ўтказиш имкониятини берган ҳолда чиқимларнинг қабул қилинишига йўл қўяди.
2 Товарлар (хизматлар) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса. |
Яна хулоса келиб чиқади: агар улар фойда солиғи бўйича чегириладиган харажат сифатида қабул қилинса, демак улар ҚҚС бўйича айланма ҳисобланмайди.
Сертификатлаштириш, стандартлаштириш ва бошқалар бунга мисол бўлиши мумкин.
Бу ҳолларда суиистеъмол қилиш ҳолларининг эҳтимоли кам, сабаби бу ерда асос ва тасдиқловчи ҳужжат (қабул қилиш-топшириш далолатномаси, саралаш далолатномаси ва ҳ.к.) мавжуд.
3 Товарларни (хизматларни) харид қилиш харажатлари қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса |
Агар бепул бериш қайсидир НҲҲ билан белгиланган бўлса, бироқ, имтиёз сифатида ва озод қилиш тарзида бўлмаса, демак, бу – ҚҚС бўйича айланма эмас.
Хайрия ташкилоти фаолияти доирасида ТМБни бериш мисол бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Хайрия ташкилоти нотижорат ташкилотларни сақлаш ва улар томонидан устав фаолиятини юритиш учун мақсадли тушумларни қабул қилганлиги боис (СК 48-м.), «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонун ва СКнинг 58-моддаси шартларига риоя қилинганда ТМБ бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган ҳисобланади. Тегишинча, бунда ЭҲФ тақдим этилмайди, бироқ, ТМБ берилишини тақдиқловчи ҳар қандай бошқа ҳужжат (масалан, қабул килиш-топшириш далолатномаси) расмийлаштирилади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.