«Импортчи тадбиркор» имтиёздан ноқонуний фойдаланмоқчи бўлган
Божхона органи ходимлари товар ва транспорт воситаларини юртимиз ҳудудига турли найрангларни қўллаган ҳолда олиб киришга бўлган уринишларни мунтазам равишда фош этиб келмоқда.
«Тошкент-товар» ТИФ божхона постига мамлакатимизда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият номига хориждан келтирилган 2 дона махсус транспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Кўрик давомида мазкур транспорт воситаларига нисбатан божхона ходимларида шубҳа уйғонганлиги сабабли алоҳида экспертиза ҳам тайинланди.
Натижада қиймати 2 млрд сўмни ташкил этувчи мазкур автотранспорт воситаларининг ТИФ ТН кодлари нотўғри таснифланганлиги, ишлаб чиқарилишдаги йиллари бир биридан фарқ қилганлиги ва конструкцияси бўйича бир бирининг техник таркиби ҳисобланмаган автомобиль ва бурғулаш ускунаси жамланмасидан иборат эканлиги аниқланди. Бир сўз билан айтганда, «импортчи тадбиркор» ўзига тегишли бўлмаган имтиёздан ноқонуний фойдаланмоқчи бўлган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат бюджетига 1 млрд 534 млн сўм миқдорда божхона тўловлари ҳисобланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.