Корхона асосий воситани реализация қиляпти (сотяпти ёки ҳадя қиляпти). Бундан олдин уни қайта баҳолашни ўтказиш лозимми? Молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВдан ушбу саволларга жавоб беришни сўрадик:
– Қонун ҳужжатларида асосий воситаларни реализация қилишдан олдин қайта баҳолаш тўғрисидаги талаб мавжуд эмас. Бундан ташқари – 2021 йил 1 январдан барча хўжалик юритувчи субъектлар учун асосий фондларни мажбурий тартибда йиллик қайта баҳолаш бекор қилинди (30.12.2020 йилдаги ПҚ-4938-сон қарор 9-б.).
Бироқ корхоналар, агар бу ҳисоб сиёсатида назарда тутилган бўлса, АВни ихтиёрий равишда қайта баҳолашни ўтказиши мумкин. Асосий воситалар қайта баҳолашдан кейин бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботда жорий (қайта баҳолаш) қиймати бўйича акс эттирилади.
Вазият: АВнинг бозор қийматини аниқлаш қайта баҳолаш ҳисобланмайди
Корхона асосий воситани сотишга қарор қилди. АВнинг бозор қийматига мос бўлган қийматини аниқлаш учун баҳоловчи ташкилот жалб қилинди.
Корхонанинг ҳисоб сиёсатида АВни реализация қилишдан олдин қайта баҳолашни ўтказиш назарда тутилмаган.
АВни сотишда унинг бозор қийматини баҳолаш қайта баҳолаш ҳисобланмайди ва ҳисобда акс эттирилмайди.
АВнинг чиқиб кетишини ҳисобда акс эттириш
АВнинг чиқиб кетишида молиявий натижани (МН) қуйидаги формула бўйича ҳисобланг:
МН = Т – ҚҚС – ҚҚ – Х + ҚБС, бунда:
Т – тушум ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда (ҳадя қилишда у нолга тенг бўлади);
ҚҚС – қўшилган қиймат солиғи (тўловчилар учун);
ҚҚ – қолдиқ қиймати (бошланғич (тиклаш) қиймати айирув жамғарилган эскириш);
Х – чиқиб кетиш билан боғлиқ харажатлар;
ҚБС – чиқиб кетган АВ бўйича қайта баҳолаш сальдоси (5-сон БҲМС 53-б., АВ рақами 1299, 20.01.2004 й.).
Ҳисобда 9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» счётидан фойдаланинг. Счётнинг кредити бўйича «+» белгиси билан жамланадиганлар: тушум, жамғарилган эскириш, қайта баҳолаш сальдоси акс эттирилади. Дебети бўйича – «–» белгиси билан жамланадиганлар: бошланғич (тиклаш) қиймати, ҚҚС, чиқиб кетишига оид харажатлар кўрсатилади.
АВнинг чиқиб кетиши натижасида фойда ёки зарар кўрилиши мумкин.
Фойда:
● даромадлар таркибига киритилади;
● 9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда» счётида ҳисобга олинади;
● Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 090-«Асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари» сатрида акс эттирилади (2-илова, АВ рақами 1209, 24.01.2003 й.).
Зарар:
● бошқа операцион харажатларга киритилади;
● 9430-«Бошқа операцион харажатлар» счётида ҳисобга олинади;
● Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 040-сатрига киритилади ва 070-«Бошқа операцион харажатлар» сатрида акс эттирилади.
Солиқ оқибатлари
Қўшилган қиймат солиғи
АВни сотиш ёки текин бериш (агар бундай бериш ўзини иқтисодий жиҳатдан оқлайдиган бўлса) ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланади (СК 239-м.).
ҚҚС бўйича солиқ базасини аниқланг:
● сотишда – АВ объектларини реализация қилиш қийматидан (битим нархидан) келиб чиққан ҳолда. Бунда битим нархи АВнинг бозор қийматидан паст ёки юқори бўлган тақдирда, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақлидир. Солиқ тўловчилар битим нархи бозор нархларига мувофиқлиги ва солиқ солишдан бўйин товлашга йўналтирилмаганлигини асословчи далилларни тақдим этган ҳолда, бундай қарор юзасидан низолашиш ҳуқуқига эга бўладилар (СК 248-м. 3,4-қ.);
● текин беришда – бозор қиймати бўйича. Солиқ базасини аниқлаш тартиби алоҳида Низом билан белгиланади (ВМнинг 14.08.2020 йилдаги 489-сон қарорига 3-илова).
Фойда солиғи
Фойда солиғини ҳисоблашда АВнинг чиқиб кетишидан фойда жами даромад таркибига киритилади (СК 297-м. 3-қ. 6-б.).
АВнинг чиқиб кетишидан кўрилган зарарлар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бўлса, улар солиқ базасидан чегириб ташланади (СК 305-м.)
Айланмадан олинадиган солиқ
АВнинг чиқиб кетишидан фойда жами даромад таркибига киритилади ҳамда унга ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромад таркибида даромадлари улуши устун бўлган фаолият тури ставкаси бўйича солиқ солинади (СК 463-м. 1-қ., 468-м. 3-қ.).
Мол-мулк солиғи
Мол-мулк солиғи солинадиган АВ чиқиб кетаётган бўлса ойнинг охирги санасида у балансда кўрсатилмайди. Шу сабабли солиқ солинадиган объектларнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматини қайта ҳисобланг ва солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотномани тақдим этинг Солиқ даврининг қолган қисми учун бўнак тўловларини тенг улушларда солиқнинг ўзгартирилган суммасига тўғриланг (СК 411-м., 417-м. 7-қ.).
Ер солиғи
Кўчмас мулк чиқиб кетаётганда у билан бирга мулкчилик ҳуқуқи, ер участкаси бўйича эгалик, фойдаланиш ёки ижарага бериш ҳуқуқи ҳам берилаётган бўлса, ер участкаси майдони камайтирилган тегишли ойда солиқ базаси камайтирилади. Мазкур ҳолатда бир ой муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилади (СК 427-м. 2-қ., 431-м. 3-қ.).
Кўчмас мулкни реализация қилишда кадастр ҳужжатларини қайта расмийлаштиришни унутманг.