Мамлакатимизда сўнгги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, божхона соҳасида амалдаги қонунчилик талабларига асосан божсиз олиб кириш меъёрларидан ортган товарларга нисбатан давлатимиз бюджетига божхона тўловлари тўланиши белгиланган бўлса-да, айрим шахслар бу тўловлардан қочиб, яширин иқтисодиётга қўл урмоқда.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказишди. Тадбир давомида пойтахтимиздаги озиқ-овқат дўконларидан бирининг олдида М.Ж. ҳеч қандай ҳужжатларсиз, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 112,2 млн сўмлик 4 номдаги жами 3 716 қути сифати кафолатланмаган дори воситаларини шартли харидорга 8 200 АҚШ долларига сотаётганда тўхтатиб қолинди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида Х.А. бошқарувидаги «Kia Bongo» автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда унинг юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, Ўзбекистонга қонуний олиб кирилганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 375,5 млн сўмлик 99 минг дона ёндиргич товарлари борлиги аниқланди.
Шунингдек, Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам «Марғилон» ТИФ божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида жойлашган корхона номига хориждан олиб келинган товарларни ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказишди. Кўрик натижасида мазкур контейнерларда ҳужжатларда кўрсатилмаган, қиймати 365,9 млн сўмлик 676 дона автомобиль шиналари борлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари суриштирув ҳаракатларини бошлаб юборган.
Жавоҳир КАРАМАТОВ,
ДБҚ Ахборот хизмати катта инспектори.