Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 09 / Божхона

Божхона декларацияси шакллари ҳақида

 

Қисқа, тўлиқ бўлмаган ва дастлабки декларациялар ўртасидаги фарқни аниқлаштириб олишни хоҳлардик.

Уларнинг ҳар бири қандай ҳолатларда тақдим этилади? Уларда нималар кўрсатилиши лозим? 

 

– Божхона назорати мақсадлари учун зарур бўлган маълумотлар кўрсатилган ҳужжат божхона декларациясидир. Божхона декларациясида кўрсатилиши керак бўлган маълумотларнинг рўйхати божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва ундириш, божхона статистикасини шакллантириш ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш мақсади учун зарур маълумотлар билангина чекланади. Божхона декларациясидан божхона органлари томонидан амалга ошириладиган валюта назорати мақсадлари учун ҳисобга олиш ҳужжати сифатида фойдаланилган тақдирда, божхона декларациясида шу мақсад учун зарур бўлган маълумотлар ҳам кўрсатилиши керак.

Божхона декларацияларининг шакли, уларда кўрсатиладиган маълумотларнинг рўйхати, уларни божхона органларига бериш тартиби Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади (БК 255-м.).

 

Қисқа БЮД

Товарлар ва транспорт воситалари муайян божхона режимига жойлаштирилгунига қадар, шу жумладан божхона назорати остида товарлар ташилаётганда қисқа божхона юк декларацияси (ҚБЮД) қўлланилади.

ҚБЮД ташувчи ёки ваколатли шахс томонидан божхона органига товар божхона ҳудудига етиб келган жойда товарни тақдим этиш ёки товар келиб тушадиган божхона органига товарни етказиб бериш билан бир вақтда берилади. Ташувчи ёки ваколатли шахс уни тўлдириш учун барча зарур ҳужжатларга эга бўлмаса, ҚБЮД товар тақдим этилгандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмай ташувчи ёки ваколатли шахснинг аризаси асосида берилади.

ҚБЮД сифатида транспорт, тижорат ҳужжатларидан, шу жумладан халқаро ташишлар амалга оширилаётганда қўлланиладиган, чет тилларда тузилган ва қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжатлардан фойдаланилади:

● транспорт ҳужжатларига мувофиқ товарни жўнатувчининг (қабул қилувчининг) номи ва жойлашган ери;

● товар жўнатилган мамлакат ва келиб тушадиган мамлакат;

● товарнинг номи;

● товарнинг миқдори, шу жумладан товарларнинг брутто (нетто) оғирлиги (килограммларда) ёки товарларнинг ҳажми (метр кубларда);

● юк жойларининг сони, товарнинг ўраш-жойлаш ҳамда тамғалаш хусусияти ва усуллари;

● товарнинг фактура (маълум қилинган) қиймати;

● ЎзР ТИФ ТНга мувофиқ товарнинг камида 6 та белги даражасидаги таснифий коди ҳақидаги маълумотлар (БК 267-м.).

 

Тўлиқ бўлмаган БЮД

Декларант ёки божхона брокери ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра декларацияни тўлдириш учун барча зарур ахборотга эга бўлмаса, тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси (ТББЮД) товарни идентификациялаш имконияти бўлиши шарти билан берилиши мумкин.

ТББЮД божхона тўловлари шартли божхона қийматини аниқлаш асосида тўланганда ёки зарур ҳужжатлар (бундан мувофиқлик сертификати ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатлар мустасно) ва маълумотлар тақдим этилмаган ҳолларда товарлар шартли чиқарилганда берилиши мумкин. Шунингдек товарлар божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига мувофиқ расмийлаштирилганда тақдим этилади (БК 22-м. 2-қ. «в», «д», «е» кичик.б.).

ТББЮДга декларант ёки божхона брокери, агар божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида алоҳида маълумотларни тақдим этиш учун бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияси божхона органи томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан 60 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда етишмаган маълумотларни ва лозим даражада тўлдирилган БЮДни тақдим этиш ҳақидаги ёзма мажбуриятни илова қилади.

ТББЮД қўлланилган ҳолда декларациялашда лозим даражада тўлдирилган БЮД аввал бошда берилганидаги каби божхона органларининг зиммасига қонун ҳужжатларининг қайси талаблари ва шартлари бажарилиши устидан назорат қилиш вазифаси юклатилган бўлса, ўша талаблар ва шартлар, шу жумладан божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби қўлланилади (БК 269-м.).

 

Дастлабки БЮД

Товарларни дастлабки декларациялаш уларни божхона ҳудудига етиб келгунига қадар декларациялаш бўлиб, у декларантнинг хоҳишига кўра қўлланилиши мумкин.

Божхона мақсадлари учун товарнинг кузатув ҳужжатларидан фойдаланиш назарда тутилса, дастлабки божхона декларациясига ушбу ҳужжатларнинг декларант томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинади ва, зарур бўлган ҳолларда, товарлар божхона ҳудудига етиб келганидан кейин божхона органи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларида кўрсатилган маълумотларни ҳужжатларнинг асл нусхасидаги маълумотлар билан таққослайди.

Товарлар божхона ҳудудига келгунига қадар маълумотларни таққослаш тугалланганидан ва тегишли божхона тўловлари тўланганидан кейин дастлабки божхона декларациясидан товарларга божхона операциялари қўлланилиши учун зарур ягона ҳужжат сифатида фойдаланилади, бундан декларацияда барча зарур маълумотларнинг кўрсатилмаганлиги ва (ёки) божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги ҳоллари мустасно.

Дастлабки божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 30 календарь кун ичида унда кўрсатилган товарлар декларацияни қабул қилган божхона органига тақдим этилмаган бўлса, дастлабки божхона декларацияси берилмаган деб ҳисобланади (БК 262-м.).

 

Маълумот учун. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиботларини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида (31.12.2019 йилдаги 1057-сон) мажбурий тартибда олдинган хабардор қилишни жорий этиш назарда тутилган. Қарор автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона назорати самарадорлигини таъминлаш, божхона тартиботларини соддалаштириш, шунингдек вақтни ҳамда молиявий харажатларни қисқартириш мақсадида қабул қилинган.

Аввал дастлабки божхона декларацияси тақдим этилган товарларни эркин муомалага чиқариш божхона юк декларацияси рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб 3 соат ичида амалга оширилади, бунда хавфларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими томонидан хавф аниқланган ҳолатлар бундан мустасно

Прочитано: 515 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика