Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 09 / Бухгалтерга ёрдам

ЖШДС қандай тўланади ва ҳисобот қачон топширилади

 

Бюджетга ЖШДС қандай тўланади

 

Жисмоний шахсларнинг даромадларидан ЖШДСни ҳисоблаб, солиқ суммасини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ШЖБПҲ) ойлик мажбурий бадаллар суммасига камайтиринг.

 

ШЖБПҲга бадаллар ставкаси ЖШДС солинадиган даромадларнинг 0,1%ини ташкил этади (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг 5-б.). ШЖБПҲга бадалларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби алоҳида Низомда (АВ рўйхат рақами 1515, 6.10.2005 й.) белгиланган.

 

Ушлаб қолинган ЖШДСнинг умумий суммаси ва ШЖБПҲга ҳисобланган бадаллар ўртасидаги фарқни бюджетга ўтказинг. Буни иш ҳақи олиш учун банкка ҳужжатларни топшириш билан бир вақтда, бироқ Ҳисоб-китоб тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай амалга оширинг.

Сиз ходимларга ойнинг биринчи ярми учун иш ҳақи бўйича аванс тўлайдиган бўлсангиз, ундан ЖШДСни ушлаб қолманг. Аванс иш ҳақининг бир қисми ҳисобланади, у бир ой учун иш якуний натижаларини ҳисобга олмаган ҳолда ой тугагунига қадар тўланади. Авансни чегириб ташламаган ҳолда, бутун иш ҳақи суммаси якуний ҳисоб-китоб қилингандагина, ЖШДС ҳисобланади ва бюджетга ўтказилади (СК 367-м. 2-қ., 369-м. 2-қ.).

 

МИСОЛ. Бюджетга тўланадиган ЖШДС суммаси ҳисоб-китоби

Корхона аванс олиш учун банкка 3 200 минг сўмга чек топширди, унда «Ойнинг биринчи ярми учун иш ҳақи олишга» деб кўрсатилди.

Ой якунлари бўйича ходимларнинг солиқ солинадиган даромадининг умумий суммаси 6 900 минг сўмни ташкил этди.

Ҳисобланган ЖШДС суммаси 828 минг сўмни (6 900 х 12%), ШЖБПҲга бадаллар – 6,9 минг сўмни (6 900 х 0,1%) ташкил этди.

Бюджетга тўланиши лозим бўлган ЖШДС суммаси ШЖБПҲни чегирган ҳолда 821,1 минг сўмга (828 – 6,9) тенг.

Ойнинг иккинчи ярмига иш ҳақини олиш учун корхона томонидан банкка қуйидагилар топширилади:

ЖШДСни (821,1 минг сўм) ва ШЖБПҲга ажратмаларни (6,9 минг сўм) ўтказиш учун тўлов топшириқномалари;

ойнинг иккинчи ярмига иш ҳақини олиш учун чек.

У ЖШДС, ШЖБПҲ, шунингдек берилган аванс суммасини чегирган ҳолда, бир ой учун ҳисобланган даромад суммаси сифатида аниқланади ва 2 872 минг сўмни (6 900 – 821,1 – 6,9 – 3 200) ташкил этади. 2 872 минг сўм олиш учун чекда «Ойнинг иккинчи ярмига иш ҳақи олиш учун» деб кўрсатилади.

 

Ҳисобрақамда маблағлар етарли бўлмаганда солиқ қандай тўланади

Банкдаги ҳисобрақамингизда иш ҳақи тўлаш ва бир вақтнинг ўзида бюджетга ЖШДСни ўтказиш учун маблағ бўлмаса ёки етарли бўлмаган тақдирда, банкка жами ЖШДС ва ШЖБПҲ суммаларига тўлов топшириқномасини, шунингдек бир ойда тўланиши лозим бўлган иш ҳақи учун чекни тақдим этинг. Банк ҳисобрақамдаги қолган маблағлардан келиб чиққан ҳолда мутаносиб равишда солиқларни тўлайди ва иш ҳақини тўлаш учун маблағ ажратади.

Банк тўланмаган маблағлар қолдиғини кўрсатган ҳолда ҳисоб-китоб ҳужжатларини 2-сон картотекага кирим қилади (Йўриқнома 3-б., АВ рўйхат рақами 2342, 15.03.2012 й.).

 

МИСОЛ. Банк ҳисобрақамида маблағлар етарли бўлмаган ЖШДСни мутаносиб равишда ўтказиш

Бухгалтерия ҳисоб-китобларига кўра корхона ходимларга бир ойда 24 200 минг сўм тўлаши лозим.

Бюджетга ўтказилиши лозим бўлган ЖШДС 3 272,5 минг сўмга, ШЖБПҲга ажратмалар эса – 27,5 минг сўмга тенг.

Иш ҳақи тўлови учун ҳужжатлар тақдим этилган санада ҳисобрақамда қолган пул маблағлари 17 980 минг сўмни ташкил қилади.

Ходимлар, бюджет ва ШЖБПҲга бадаллар бўйича ҳисоб-китоб қилиш учун 27 500 минг сўм (24 200 + 3 272,5 + 27,5) керак бўлади.

Банкдаги ҳисобрақамда барча қарздорликни сўндириш учун маблағлар етарли бўлмаганлиги сабабли корхона иш ҳақини тўлиқ миқдорда тўлаш учун маблағларни ололмайди. ЖШДС ва ШЖБПҲга ажратмалар ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақини олишга банкка чек топширилган вақтда тўланиши лозим бўлганлиги сабабли ҳар бир тўлов бўйича ҳақиқатда тўланадиган сумма ҳисобрақамдаги пул маблағлари қолдиғига мутаносиб равишда аниқланади.

Бюджетга ўтказиладиган ЖШДС суммаси қуйидагича аниқланади:

17 980 / 27 500 х 3 272,5 = 2 139,62 минг сўм.

Иш ҳақи ва ЖШБПҲга ажратмалар суммаси ҳам шундай тартибда аниқланади.

Шу тариқа, банк иш ҳақи тўлаши учун корхонага 15 822,4 минг сўм (17 980 / 27 500 х 24 200) беради, бюджетга 2 139,62 минг сўм миқдорида ЖШДСни ҳамда ШЖБПҲга – 17,98 минг сўмни (17 980 / 27 500 х 27,5) ўтказади.

 

ЖШДС бўйича ҳисобот қачон топширилади

ЖШДС бўйича солиқ даври календарь йил, ҳисобот даври эса ой ҳисобланади (СК 384-м.).

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича махсус шаклдаги умумлаштирилган ҳисоботни (4-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.) қуйидаги муддатларда ДСИга тақдим этинг:

● ҳар ойда – ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай;

● йил якунлари бўйича – йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатида (СК 389-м.).

 

Йиллик молиявий ҳисоботни қуйидаги муддатларда солиқ органларига тақдим этиш белгиланган:

хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар, хорижий фирмалар ваколатхоналари – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартидан кечиктирмай;

қолган хўжалик юритувчи субъектлар – 15 февралдан кечиктирмай;

Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахслар ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартига қадар (СК 389-м. 1-қ. 2-б.; Низом 2, 4-б., АВ рақами 942, 3.07.2000 й.).

 

Сиз бир йил мобайнида жисмоний шахсларга моддий наф тарзидаги даромадларни тўлаган ва уларнинг аризасига биноан ушбу даромадларга ЖШДС солмаган бўлсангиз, календарь йил тугаганидан кейин 30 кун ичида ушбу шахслар ва уларнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотномани ДСИга тақдим этинг (СК 389-м. 1-қ. 1-б.).

 

Ушбу маълумотнома шакли солиқ ҳисоботлари таркибида қонун ҳужжатлари билан тасдиқланмаган. Бунда жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари, шу жумладан уларнинг аризаларига асосан солиқ солинмаган даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобига 6-«Ҳар бир жисмоний шахс кесимида жисмоний шахсларга ҳисобланган мулкий даромадлар (дивидендлар ва фоизлардан ташқари), моддий наф тарзидаги даромадлар, бошқа даромадлар ва даромад солиғи тўғрисидаги маълумотлар» иловасида акс эттирилади ва ДСИга ҳар ойда тақдим этилади.

 

Солиқ кодексида корхоналар жисмоний шахсларга уларнинг талабига биноан унга даромадларининг суммалари ва турлари ҳақида, шунингдек ушлаб қолинган ЖШДС суммаси тўғрисида маълумотнома бериши шарт белгиланган. Маълумотнома аввало бир йил давомида асосий иш жойини ўзгартирган ходимларга, шунингдек декларация топшириши лозим бўлган жисмоний шахсларга берилиши лозим. Биринчи ҳолатда маълумотнома янги иш жойи бўйича бухгалтерияга, иккинчи ҳолатда эса декларация билан бирга ДСИга топширилади (СК 386-м. 4-қ., 388-м., 396-м. 2-қ.). Бироқ бундай маълумотнома шакли солиқ ҳисоботи таркибида тасдиқланмаган.

 

Жисмоний шахсга берилиши лозим бўлган Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммалари тўғрисидаги маълумотнома шакли солиқ ҳисоботларининг аввалги таҳрири таркибида тасдиқланган эди (2-илова, АВ рўйхат рақами 2439, 22.03.2013 й.). Уни бериш тўғрисидаги талаб сақланиб қолганлиги сабабли илгари тасдиқланган ушбу шаклдан фойдаланишни тавсия этамиз.

 

Умид ҲАМРОЕВ, МВ бўлим бошлиғи,

Дилором САИДОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 630 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика