Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 09 / Муҳокама учун мавзу

Устав фондига улуш киритиш – даромад олиш эмас

 

Buxgalter.uz сайтида 2021 йил 16 февраль куни «Устав фондига мол-мулкни киритишга солиқ солинадими» деган саволга молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султоновнинг жавоби эълон қилинди. 

 

Вазир ўринбосари ўз жавобида «реализация» ҳамда «сотиш» атамалари маъносини изоҳлаб, ҳақ олиш эвазига ўтказиш – реализация, пул олиш эвазига ўтказиш – сотиш ҳисобланади деб тушунтирган.

Менинг фикримча, Солиқ кодексини ишлаб чиқишда иштирок этган мутахассисларнинг барчаси 378-модданинг 7-бандида «сотиш» деган иборани айнан «ҳақ олиш эвазига мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш» деган маънода қўллашганига ишончим комил. Фақат сўз жисмоний шахслар олаётган даромадлар тўғрисида кетаётгани учун «сотиш» ибораси қўлланилган бўлса ажаб эмас.

Иқтисодий адабиётларда «сотиш» ва «реализация» сўзларининг маъноси бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Фақат реализация сотишдан бироз кенгроқ маъно касб этиб, моҳияти жиҳатидан сотиш деб атаб бўлмайдиган хўжалик муносабатларини (хизматлар кўрсатиш, айирбошлаш, текинга бериш, қарзларни товар бериш ёки мулк ҳуқуқини ўтказиш орқали қоплаш каби) қамраб олиш учун ҳам қўлланилади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, реализация солиқ қонунчилиги нуқтаи назаридан даромад олишга қаратилган фаолият турлари (ишлаб чиқариш, савдо ва хизматлар кўрсатиш) соҳасида учрайдиган хилма-хил хўжалик операцияларида мулкий ҳуқуқни бошқа шахсга ҳар қандай ўтказишни ифодаловчи иқтисодий атама сифатида қўлланилади.

Вазир ўринбосарининг фикрича, айнан бир вазият учун бу икки атамадан бирининг қўлланилиши турлича солиқ оқибати келтириб чиқаради, яъни агар СК 378-моддаси 7-бандида «сотиш» иборасининг ўрнига «реализация қилиш» ибораси қўлланилганда ушбу имтиёзни мол-мулкни устав фондига ҳисса сифатида киритишга ҳам қўллаш мумкин бўлар эди. Лекин, бахтга қарши, Солиқ кодексида «сотиш» ибораси ишлатилган, шунинг учун ушбу имтиёзни қўллаш мумкин эмас.

Келинг, ҳар 2 ҳолатни кўриб чиқамиз.

Солиқ тўловчи жисмоний шахс ўзига хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни (СКда истисно қилинган мулклардан фарқли мол-мулк деб тасаввур қиламиз) 1 000 сўмга бошқа шахсга нақд пулга сотди. Олган пулини устав фондига улуш сифатида киритди. Солиқ оқибати йўқ (СК 378-м. 7-б.). Эътибор беринг, солиқ тўловчи жамият устав фондида 1 000 сўм улушга эга бўлди!

Солиқ тўловчи жисмоний шахс мол-мулкни 1 000 сўм қийматда натура кўринишида устав фондига улуш сифатида киритди. Дилшод Султоновнинг фикрича, мулк эгаси даромад олди, лекин у мол-мулкни сотмади, реализация қилди, шунинг учун бу даромад солиққа тортилиши керак экан. Оқибатда у ҳам жамият устав фондида 1 000 сўмлик улушга эга бўлди.

Аслида «Устав фондига мол-мулкни киритишга солиқ солинадими?» деган саволнинг ўзи нотўғри. Жамиятнинг устав фондини шакллантириш моҳиятан бирор-бир шахс даромад оладиган жараён эмас, балки у дастлабки капитални (ёки айланма маблағни) шакллантиришни ифодалайди. Бунда таъсисчи ўзи киришаётган даромад олишга қаратилган фаолият учун хатарга қўяётган бойлик назарда тутилади. Чунки таъсисчи хўжалик юритувчи субъект мажбуриятлари бўйича ўзи қўшган улушдан кам бўлмаган миқдорда жавобгарликни зиммасига олади.

Энди бир ўйлаб кўрайлик: юзага келиши мумкин бўлган зарарни ўзи қўшган улуш доирасида қоплашни зиммасига олаётган шахс даромад олаяпти деб тушуниш қанчалик тўғри бўлади? Тадбиркорликнинг бошланиш нуқтасида тадбиркор олдида кафолат бериладиган даромад турадими ёки хатарми?

Вазир ўринбосари устав фондига улуш сифатида киритилаётган мулкни даромад сифатида эътироф этиши иқтисодий нуқтаи назардан хатолик деб ҳисоблайман. Чунки бизнеснинг нафақат бошланғич нуқтасида, ҳатто айни гуллаб-яшнаётган даврида ҳам устав фондини улуш киритиш йўли билан ҳар қандай ошириш иштирокчига қўшимча даромад олишни кафолатламайди, балки унинг зиммасига қўшимча мажбурият юклайди.

Устав фондининг моҳияти ва функциялари тўғрисида кўп фикр-мулоҳаза билдириш мумкин. Лекин шуниси аниқки, устав фондига улуш киритиш ҳеч қанақасига даромад олиш ҳисобланмайди. Чунки мулкка бўлган ҳуқуқ қиймат шаклида барибир мулк эгасида қолади, лекин энди ушбу ҳуқуқ унинг бошқа мулкларга бўлган ҳуқуқидан фарқли равишда таваккалга қўл ургани учун хатар остида бўлади. Исталган пайтда у ушбу ҳуқуқни бой бериши, эвазига ҳеч нарса олмаслиги мумкин.

Ўйлайманки, юртимизнинг кўплаб корхоналарида ишлаётган тажрибали иқтисодчилар, таълим муассасаларида дарс бераётган юксак билимга эга профессор-ўқитувчилар, Солиқ кодексини ишлаб чиқишда ўз билими ва тажрибаси билан ўртоқлашган экспертлар бу масалага бефарқ бўлишмайди. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ўз муносабатларини билдиришади. Чунки ўз вақтида муносабат билдирилмаса, мутахассислар ва ваколатли органлар ўртасида атрофлича таҳлил қилинмаса, бугунги бундай чалкаш фикрлар эртага кодексдан ўрин олиши, юридик мақом касб этиши мумкин. Бу эса мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин.

 

Бекзод ТЎРАЕВ, бухгалтер.

Наманган вилояти.

Прочитано: 751 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика