Кўпинча жисмоний шахслар корхонанинг устав фондига мол-мулк киритадилар. Бунда ЖШДС тўлаш бўйича мажбурият юзага келиши ёки келмаслигини buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ тушунтирди:
– Корхонанинг УФга пулсиз ҳиссани киритиш реализация қилиш ҳисобланишини тушуниш муҳимдир. Бу – мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ҳақ олиш асосида ўтказиш, сабаби ўрнига жисмоний шахс корхонанинг УФда иштирок этиш улушига эга бўлади (СК 46-м.)
Реализация қилишдан олинган даромад, мазкур ҳолда – мол-мулкни УФга ўтказишдан олинган даромад жисмоний шахснинг мулкий даромади ҳисобланади.
У мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мазкур қийматни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса – кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ даромад деб эътироф этилади (СК 375-м. 4-қ.).
СКнинг 378-моддаси 7-бандида назарда тутилган имтиёз жисмоний шахсларнинг мол-мулкини сотишдан олинган даромадларни солиқ солишдан озод этишни назарда тутади, бундан қуйидагиларни сотишдан олинган даромадлар мустасно:
● қимматли қоғозларни (бундан фонд биржасида реализация қилинадиган эмиссиявий қимматли қоғозлар мустасно), юридик шахсларнинг УФдаги улушларини;
● нотурар жойларни;
● 36 календарь ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойларни.
Сотиш бир томон товарни муайян пул суммаси эвазига бошқа томонга мулкка ўтказишни, яъни сотувчи томонидан пул маблағларининг олинишини назарда тутади (ФК 386-м.).
Мазкур ҳолда жисмоний шахс уларни олмайди. УФга пулсиз ҳисса сотиш ҳисобланмайди, шу боис мазкур имтиёз УФга ҳисса киритишда қўлланилмайди.
Жисмоний шахс корхонанинг УФга квартира киритади
Жисмоний шахс унинг мулкида бўлган квартирани корхонанинг УФга киритади.
Бу ерда квартира қандай вақт давомида – 3 йилдан кам ёки кўп вақт жисмоний шахснинг мулкида бўлганлиги муҳим эмас. Ҳар қандай ҳолда УФга квартирани ўтказишдан олинган даромадга 12% ставка бўйича ЖШДС солинади.
Агар квартира жисмоний шахс томонидан сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, даромад УФга ҳисса қиймати ва жисмоний шахс томонидан квартирани сотиб олиш қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.
Бунда жамиятнинг устав фондига мулкий ҳиссанинг пул баҳоси таъсисчилар умумий йиғилишининг бир овоздан қабул қилинадиган қарори билан тасдиқланади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун 15-м.) Яъни жисмоний шахс устав фондига квартирани барча таъсисчилар томонидан бир овоздан тасдиқланган қиймати бўйича киритади.
Хусусий корхонада мулкдор у томондан корхонанинг устав фондига киритиладиган мол-мулкни мустақил равишда баҳолайди («Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонун 12-м.).
Мисол. Жисмоний шахс корхонанинг УФга квартира киритади
Жисмоний шахс 3 йилдан кўп муддат ўз мулкида бўлган квартирани корхонанинг УФга киритади. Жисмоний шахсда унинг олди-сотди шартномаси мавжуд бўлиб, унда 50 млн сўм миқдорида сотиб олиш қиймати кўрсатилган.
Таъсисчилар корхонанинг УФга мулкий ҳиссани 350 млн сўм миқдорида баҳолаш юзасидан бир овоздан қарор қабул қилишди.
Квартирани реализация қилишдан олинган даромад 350 – 50 = 300 млн сўмни ташкил этади.
СКнинг 378-моддаси бўйича имтиёз қўлланилмайди, сабаби сотиш ҳолати мавжуд эмас. Шу боис даромаддан ЖШДСни аниқлаймиз: 300 х 12% = 36 млн сўм.
Корхона солиқ агенти сифатида солиқни ушлаб қолиш учун жавобгар бўлади (СК 387-м., 1-қ., 3-б.).
Агар жисмоний шахсда олди-сотди шартномаси мавжуд бўлмаса, реализация қилишдан олинган даромад ҳисса қиймати ва квартиранинг қадастр қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.
Жисмоний шахс корхонанинг УФга автомобиль киритади
Мазкур ҳолда реализация қилишдан олинган даромад ва солиқ суммаси бевосита уни сотиб олиш ҳужжатларининг мавжудлигига боғлиқ. Агар ҳужжатлар мавжуд бўлса, даромад УФга пулсиз ҳиссанинг қиймати ва жисмоний шахс томонидан автомобилни сотиб олиш қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади. Агар улар мавжуд бўлмаса, таъсисчилар томонидан аниқланган УФга ҳиссанинг пул баҳосининг суммаси даромад бўлади.
Мисол. Жисмоний шахс корхонанинг УФга автомобиль киритади
Жисмоний шахсда автомобилнинг олди-сотди шартномаси мавжуд бўлиб, унда 30 млн сўм миқдорида сотиб олиш қиймати кўрсатилган.
Таъсисчилар корхонанинг УФга мулкий ҳиссани 30 млн сўм миқдорида баҳолаш юзасидан бир овоздан қарор қабул қилишди.
Автомобилни реализация қилишдан олинган даромад: 30 – 30 = 0.
Агарда жисмоний шахсда олди-сотди шартномаси мавжуд бўлмаганда эди, даромад 30 млн сўмни, ЖШДС эса: 30 х 12% = 3,6 млн сўмни ташкил этган бўларди.
Жисмоний шахс корхонаниг УФга товар-моддий захираларини киритади
Товар чеклари одатда ТМЗ сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Агар улар сақланмаган бўлса, таъсисчилар томонидан тасдиқланган корхонанинг УФга ҳиссанинг пул баҳоси реализация қилишдан олинган даромад бўлади.
Мол-мулкни сотиб олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаб қўйинг. Бу сизни уни реализация қилган тақдирда ортиқча солиқлардан халос этади.
Мисол. Жисмоний шахс корхонанинг УФга қурилиш материалларини киритади
Корхона ўз эҳтиёжлари учун маъмурий бино қуради
Таъсисчи-жисмоний шахс корхонанинг УФга ҳиссани нақд пулга сотиб олинган қурилиш материаллари билан киритади. Сотиб олиш чеклари сақланмаган.
Ҳисса қиймати таъсисчилар томонидан 100 млн сўм миқдорида белгиланди.
Қурилиш материаллари сотиб олишни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги боис, даромад 100 млн сўмни ташкил этади.
ЖШДС: 100 х 12% = 12 млн сўм.
Таҳририятдан:
«Norma» экспертларининг фикрига биноан, СКнинг 378-моддаси 7-бандида «сотиш»ни «реализация қилиш»га алмаштириш лозим.
Сотиш – бу реализация қилишнинг алоҳида ҳолати. Реализация қилиш қуйидагларни назарда тутади:
мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш, унга бўлган ҳуқуқни ўтказишни;
унинг пул баҳосини.
Солиқ солишдан озод этиш бўйича имтиёзни мол-мулкни реализация қилишнинг ҳар қандай туридан олинадиган жисмоний шахсларнинг даромадларига татбиқ этиш лозим. Шу жумладан – сотишда бўлгани сингари пул маблағларини олишни эмас, балки – бошқа мол-мулкни олишни назарда тутадиган корхонанинг УФга ҳиссалар, айирбошлаш операциялари ва ҳ.к.ларга ҳам.
Бунда мазкур нормада назарда тутилган истиснолар сақланади.
buxgalter.uz