Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 09 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Фаол фуқароларга коммунал тўловлар учун компенсация берилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 23.02.2021 йилдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларни рағбатлантириш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги 99-сон қарори қабул қилинди. 

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойда компенсация пул тўловларини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга мувофиқ 2021 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича БҲМнинг 50%и миқдорида (122 500 сўм) ҳар ойда компенсация пул тўловлари тўланади.

Фуқаролар фаолиятининг самарадорлигини баҳолашнинг асосий кўрсаткичлари сифатида қуйидагилар белгиланди:

● тегишли ҳудудда кўча ва кўп квартирали уйлардаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;

● ўзи яшаётган кўча ва кўп квартирали уйлардаги «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар билан ишлаш;

● ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларга, боқувчисини йўқотган оилаларга, нотинч ва муаммоли оилаларга ёрдам кўрсатиш;

● аҳолининг иссиқлик ва электр энергиясидан, табиий газдан, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланишларини тарғиб қилиш;

● тегишли ҳудудда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалаларида фуқаролар йиғини кенгашига берган таклифлари билан ўзига бириктирилган ҳудуд осойишталиги ва ободлиги учун кўмаклашиш;

● аҳоли тинчлиги учун хавф туғдирувчи ҳолатларни бартараф этиш мақсадида фуқаролар йиғинига ёки мутасадди органларга хабар берганлиги натижасида тегишли ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;

● фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарорлари бўйича амалга оширилган тарғибот ишлари.

Коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари орқали тўланади.

Кўчабоши ва уйбошилар фаолиятининг самарадорлиги ҳар чоракда фуқаролар йиғинининг кенгаши томонидан Низомга 2-иловага мувофиқ компенсация пул тўловларини тўлаш баҳолаш мезонлари асосида баҳолаб борилади. Кўчабоши ва уйбошилар фаолиятини баҳолашда уларнинг бириктирилган кўча ёки уйда камида 3 ой давомида фаолият кўрсатганлиги инобатга олинади ҳамда 70 баллдан юқори балл тўплаганларга компенсация тўланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 24.02.2021 йилдан кучга кирди.

Наргиза ВОҲИДОВА.

Прочитано: 442 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика