Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 6 / Кадрлар бўлими

Прогулчини қандай ишдан бўшатиш мумкин

 

Ходим янги йил байрамидан кейин ишга чиқмаган, телефон қўнғироқларига жавоб бермаяпти.

Бундай ходимни қандай ишдан бўшатиш мумкин?

 

– Ходимни прогул учун меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган жавобгарликка тортиш учун белгиланган тартибга қатъий риоя этиш лозим (МК 100-м. 2-қ. 3, 4-б., 102, 107-м., 181-м. 3-б., 182-м.).

Ходимнинг ишга чиқмаганлиги далилини буйруқ билан расмийлаштиринг, унда ходимни излаш чораларини белгиланг ва сабаблари аниқлангунига қадар иш ҳақи ҳисоблашни тўхтатиб туринг.

Ходим узрли сабабларсиз ишга келмаган ҳолатларда ходимнинг шахсий йиғмажилдида кўрсатилган манзил бўйича хабарнома ёки телеграмма юборган ҳолда ундан тушунтириш талаб қилиш лозим. Бунда ходимни муайян муддат ичида ундан жавоб келмаган тақдирда, иш берувчи ўз ҳуқуқидан фойдаланиб меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий жазони қўллашга ҳақли эканлиги ҳақида хабардор қилинг ­(100-м. 2-қ. 4-б., 102-м. 5-қ.).

Ходимнинг ишга келмаганлиги далилини ҳужжатларда қайд этинг. Ишга келмаганлиги ҳақидаги далолатномаларни ходим иш жойида бўлмаган ҳар бир кун учун расмийлаштиринг. Буни олдинги сана билан расмийлаштириш эмас, балки кун-кунида қилиш тавсия этилади. Шунингдек бошқа далиллар (иш вақтини электрон қайд этиш орқали ҳисобга олиш, ўтиш пунктида ҳисобга олиш журналида ходимнинг имзоси йўқлиги, гувоҳлар кўрсатмалари, бевосита раҳбарнинг доклади (рапорти) ва бошқалар) билан тасдиқлаш ҳам мумкин. Иш вақтини ҳисобга олиш табелида ишга келмаган вақти ҳам ҳисобга олиниши лозим.

Белгиланган муддат тугагач (хабарномани почта орқали юборишга кетадиган бир неча кун ҳам ҳисобга олинади) ходимдан тушунтириш  келмаган бўлса, бу ҳақда далолатнома тузинг.

Бироқ ходимнинг ишга келмаганлиги сабабларини, бунга узрли сабаблар бор-йўқлигини аниқлаш лозим (соғлиғи ҳолатига кўра келмаган, йўқолиб қолган, вафот этган ва бошқа ҳолатлар юз берган бўлиши мумкин). Бунинг учун қуйидагиларга сўров юборинг:

  • ФҲДЁ органлари;
  • ходимнинг яшаш жойидаги поликлиникага (ДПМ) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштирганлиги юзасидан сўров юборинг ва бунга жавоб олинг;
  • яшаш жойидаги бошқа ташкилотларга (маҳалла фуқаролар йиғини, участка профилактика инспектори, ички ишлар органлари ва бошқаларга) ходимнинг ҳолатини аниқлаб беришни сўраб мурожаат қилинг ва бунга жавоб олинг.

Ходим хатни (телеграммани) олган ва бу ҳақда хабарномада қайд белгиси қўйилган бўлса-да, бироқ ишга келмаган тақдирда кўрсатилган муддатда прогул ҳолати бўйича тушунтириш тақдим этмаган бўлса, ходимни излаш чоралари самара бермаганда, иш берувчи ўз ихтиёрига кўра МКнинг 100-моддаси 3 ёки 4-бандига биноан у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Мазкур ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилиш куни прогул қилинган дастлабки кундан олдинги кун ҳисобланади (МК 107-моддаси мазмунидан келиб чиққан ҳолда).  Айтайлик, ходим 2021 йил 4 январдан ишга чиқмаган ва меҳнат шартномаси бекор қилингунига қадар иш жойида бўлмаган тақдирда, шартномани бекор қилиш куни унинг охирги иш куни – 31 декабрь ҳисобланади.

Ходимга прогул сабабли у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида хабар беришнинг имкони бўлмаганлиги ҳақида буйруқда қайд этилади.

Меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда ходим ишга бўлмаганлиги сабабли унга меҳнат дафтарчасини беришнинг имкони йўқлиги сабабли иш берувчи меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёки уни почта орқали юборишга розилик билдириши зарурлиги тўғрисидаги хабарномани юбориши шарт. Ушбу хабарнома юборилган кундан бошлаб иш берувчи меҳнат дафтарчасини бермасдан ушлаб турганлик учун жавобгарликдан озод этилади (МК 275-м.).

Ходимни прогул учун ишдан бўшатишда ушбу интизомий жазолар қўлланилган муддатларни кўрсатишни ёддан чиқарманг. Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат аниқланганидан кейин зудлик билан, бироқ аниқланган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмасдан қўлланилади, бунда ходим бетоб ёки таътилда бўлган даври, шунингдек ходимларнинг вакиллик органлари томонидан қарор қабул қилиниши учун зарур бўладиган вақт ҳисобга олинмайди (МК 101-м.).

Ходим узоқ вақт ишга келмаса, бир ойлик муддат дастлабки прогул кунидан эмас, балки охирги кунидан ҳисобланади, чунки ходим ишга келганидан кейин сабаблари аён бўлиши ва интизомий жазо қўлланилиши ёки қўлланилмаслиги маълум бўлади.

Жазо ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан (узоқ муддат прогул қилинганда – ходим иш жойида бўлмаган охирги кундан) бошлаб 6 ой ўтгач қўлланилиши мумкин эмас. Жиноий иш юритилган вақт кўрсатилган муддатларга киритилмайди.

Шунингдек шуни эътиборга олиш лозимки, қуйидаги ҳолатларда МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди:

  • корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ) мавжуд бўлмаганда;
  • ИМТҚни тасдиқлаш тартиби бузилганда;
  • ИМТҚда меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари рўйхати келтирилмаган бўлса, бундай хатти-ҳаракатларни бир марта содир этганлик учун ходим билан меҳнат муносабатлари бекор қилиниши мумкин (МК 174-м.).

Шу тариқа, иш берувчи томонидан ҳар бир муайян ҳолатда сабабларини тушунтирмасдан ишда бўлмаган ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилишгача бўлган вазиятни батафсил ўрганиб чиқилиб баҳоланиши лозим.

Иш берувчи юқорида айтиб ўтилган чораларни амалга оширмасдан ходимни прогул учун ишдан бўшатадиган бўлса, у ҳуқуқбузарликка йўл қўйиши хавфи мавжуд бўлади. Ходим касаллик варақаси билан келиши ёки ишда узрли сабаблар туфайли бўлмаганлигини исботловчи бошқа тасдиқларни тақдим этиши мумкин, бунда меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ноқонуний ҳисобланади.

Бинобарин, иш берувчининг хатти-ҳаракатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар қанчалик кўп бўлса, ходимга нисбатан жазо чоралари қўлланилиши ҳаққонийлигини исботлаш шунча осон бўлади.

 

Валерия Ляндрес,

кадрлар хизмати ходими.

Прочитано: 487 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика