Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 6 / Биз яшайдиган уй

Шартнома йўқ – мажбурият бор

 

Уйда турар жой мулкдорларининг 55 фоизи бошқарувчи ташкилот билан умумий мол-мулкни сақлашга доир шартномалар тузган. Қолган 45 фоизи мулкдорлар, улар орасида ярмини янги кўчиб келганлар ташкил этади, шартнома тузишдан воз кечишди. УМШга келсак, у ташкил этилган уйда мулкдор автоматик тарзда – мазкур уйдаги жойга эгалик ҳуқуқи юзага келган пайтдан бошлаб ширкат аъзосига айланади. Шунга кўра, унда умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий бадалларни киритиш мажбурияти ҳам юзага келади.

Мулкдорларда бошқарувчи ташкилот билан шартномавий муносабатлар ўрнатилмаган тақдирда улар умумий мол-мулкни сақлаш бўйича харажатларни тўлашлари керак бўладими?

Бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмаган бир қисм мулкдорлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни қандай ҳужжатлар тартибга солади? 

 

– «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда кўп квартирали уйларда бошқарув усулидан қатъи назар, турар жойнинг барча мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда ўз зиммаларига олишлари шартлиги белгиланган (Қонуннинг 16-м.).

Умумий мол-мулк жойларнинг мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади. Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкдан ҳамда уйга туташ ер участкасидан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга. Жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улуши натура ҳолида ажратилиши мумкин эмас (Қонуннинг 13-м.).

Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчилари ҳисобланади ва улар уни сақлаш бўйича умумий харажатларни ўз зиммасига олиши шарт (Қонуннинг 17-м.). Мана шу нормалар масалани ҳал этишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Қонунда қонун ҳужжатлари билан белгиланган кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни бошқариш усулларидан бирини танлашда мулкдорларнинг иштирок этиши тартиби келтирилган. Бошқарув усулини жой мулкдорларининг умумий йиғилиши белгилайди. Умумий йиғилиш умумий мол-мулкни бошқариш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш учун танлов асосида юридик ҳамда жисмоний шахслар билан шартнома тузиш тўғрисида қарорлар қабул қилади. Умумий йиғилишда қарор қабул қилиниши учун барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоизидан кўпроғи ҳозир бўлиши керак. Умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб жойлар мулкдорларининг ёки уларнинг умумий йиғилишда ҳозир бўлган вакилларининг 50 фоизидан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Умумий йиғилиш қарори барча жойларнинг мулкдорлари, шу жумладан овоз беришда иштирок этмаганлар ёки қарши овоз берганлар томонидан ҳам бажарилиши мажбурийдир. (Қонуннинг 21-м.).

Шу билан бирга қонун ҳужжатлари мулкдорларни БТ билан шартнома тузишга мажбурламайди. Лекин бу ҳолат уларнинг умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этмаслиги учун асос бўлолмайди. Қонуннинг 28-моддасига биноан кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан жойларнинг мулкдорлари ўртасида ҳар бир жой мулкдори билан Қонун талабларига мувофиқ ёзма шаклда, умумий йиғилиш қарорларида кўрсатилган шартлар асосида тузилади.

Бундан ташқари, бошқарув ташкилоти томонидан кўп квартирали уйларга хизматлар кўрсатилаётганда мулкдорлар билан муносабатларни «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун нормалари билан тартибга солинади, сабаби БТ тижорат ташкилоти ҳисобланиб, у мулкдорларга умумий мол-мулкни сақлаб туриш бўйича хизматларни кўрсатади. Шартнома тузилиши натижасида БТ ва турар жой мулкдори ўртасида ижрочи-истеъмолчи муносабатлари юзага келади. Ўз ҳуқуқлари поймол бўлганда, сифатсиз хизматлар кўрсатилганда мулкдорлар «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг дастакларидан фойдаланишлари мумкин.

Прочитано: 127 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика