Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 6 / Биз яшайдиган уй

Тошкентликлар маиший чиқиндиларни саралаб йиғадилар

 

Жорий йилда пойтахтда маиший ахлатларни саралаб йиғишга яна бир бор уриниб кўришмоқчи. Бунгача қилинган барча саъй-ҳаракатлар етарлича самара бермаган эди. Навбатдаги тадбир Президентнинг «Тошкент шаҳрида маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (15.12.2020 йилдаги ПҚ-4925-сон) назарда тутилган. Бу юмушларни давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида ташкил этиш мўлжалланган. Давлат экология қўмитаси тизимидаги «Махсустранс» ДУК ва «Чиқиндиларни қайта юклаш ва утилизация қилиш» ДК Тошкент шаҳар ҳокимлиги тизимига ўтказилади. Хусусий шерик «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ аниқланади.

ДХШ доирасида Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни замонавий технологияларни татбиқ этган ҳолда утилизация қилиш ва қайта ишлаш корхонасини ташкил қилиш кўзда тутилган. Шу билан бирга қаттиқ маиший чиқиндилар утилизация қилингандан сўнг қолган қисмини кўмиш амалиётини босқичма-босқич жорий этиш режалаштириляпти ва ҳ.к. Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини пойтахтда амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш, аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш бўйича мавжуд дебитор қарздорликни 75 фоизга камайтириш назарда тутилган. 

 

2021 йил 1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш тизимини қуйидаги тартибда босқичма-босқич жорий этиш мўлжалланган:

  • I босқичда (2021 йилда) – Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланадиган маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида чиқиндиларни «қайта ишланадиган» ва «қайта ишланмайдиган» тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш;
  • II босқичда (2022 йилда) – «Махсустранс» ДУК томонидан хизмат кўрсатиладиган барча ҳудудлардаги якка тартибдаги турар жой секторида қаттиқ маиший чиқиндиларни «қайта ишланадиган» ва «қайта ишланмайдиган» тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш;
  • III босқичда (2023 йилдан бошлаб) – барча туманларда чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган», «органик», «хавфли маиший чиқиндилар» ва бошқа тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш.

Пойтахт ҳокимияти ва «Махсустранс» ДУК I босқичда истеъмолчилар чиқиндиларни «қайта ишланадиган» ва «қайта ишланмайдиган» тоифаларга ажратилган ҳолда тўплаши учун рангли чиқинди контейнерлари ва қайта ишланадиган пакетлар билан бепул таъминлайди. Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифлари истеъмолчилар томонидан чиқиндилар саралаб йиғилганлигини инобатга олиб пасайтирилган ҳолда белгиланиши мўлжалланяпти. Бу истеъмолчилар қизиқиши ва рағбатлантирилишини ошириши мумкин, чунки лойиҳанинг асосий бўғини бу одамлардир. Бу ҳаракатлар навбатдаги қуруқ гап бўлиб қолмай, балки ҳақиқий ташаббусга айланиши учун одамларни қизиқтириш керак. Чиқиндиларни саралаб йиққанлик учун истеъмолчиларни моддий рағбатлантириш амалиёти ўзининг самарасини кўрсатиши тайин.

Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан муомалада янгича ёндашув фақатгина иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлиб қолмай, балки пойтахтнинг асосан ахлат билан тўлиб-тошган турар жой мавзеларидаги ҳовлиларнинг санитария ҳолати муаммоларини ҳал этишга ёрдам беришига ҳам умид қилинади. Эҳтимол, моддий рағбатлантирув бепарво одамларни бироз бўлса-да, ўз ҳовлиларида тозаликка риоя этиш, чиқиндиларни белгиланган жойгача олиб боришга ўргатар… Ҳозир эса ахлатлар исталган жойга – деразадан кўчаларга, оёқ остига, ариқларга, болалар майдончаларига, уйлар атрофига, йўл четларига ва бошқа ўнгу сўлга отиб ташланмоқда. Инсон ўзи истиқомат қилаётган ҳудудни покиза сақламас экан, чиқиндиларни саралаш ҳақида гапириш умуман ортиқчалик қилади.

Рағбатлантиришлар, қатъий назорат, ҳудуднинг санитария ҳолати бузилганлиги учун белгиланган жавобгарликни жорий этиш, назорат қилувчи органларнинг ҳалол саъй-ҳаракатлари масалани ижобий ҳал этади. Акс ҳолда барча чақириқлар, фармон-фармойишлар шунчаки қоғозда қолиб кетади. Лойиҳа доирасида қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш зарурати тўғрисида аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш назарда тутилган. Бу фуқароларнинг онгига таъсир кўрсатишнинг бир дебочаси ҳисобланади. Моддий рағбат дастакларигина самарали ишлаб кетиши мумкин.

 

2021 йил 1 апрелга қадар Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат экология қўмитасига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш харажатларини истеъмолчиларнинг фойдаланилган электр энергияси тарифлари таркибига киритиш механизмларини жорий қилиш бўйича асослантирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топшириғи берилди (ПҚ-4925-сон қарорнинг 10-б. «б» кичик банди).

 

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича тадбирлар мўлжалланган эди, лекин бу ҳаракатлар кутилган натижани бермади. Орадан 2 йил ўтиб, ушбу талаб Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетишга доир қоидаларда (15.07.2014 йилдаги 194-сон ВМҚга 3-илова) мустаҳкамлаб қўйилган. Ўшанда истеъмолчилар ахлатни 4 та алоҳида ранглардаги пакетларга саралашга мажбур қилинди, уларни ахлат йиғиш шохобчаларида махсус контейнерларга жойлаштириш белгиланди. Одамларни ҚМЧни саралашга ҳам ўргатиб бўлмади. Ошхонада ахлат учун 4 та пакетни сақлаш, ўз ҳисобидан турли рангдаги пакетларни харид қилиш кераклиги ҳақидаги ғоя одамларни руҳлантиргани йўқ. Қолаверса, ахлат тўплайдиган шохобчалар ҳам 4 хилдаги чиқиндилар учун маркировка қилинган контейнерлар билан етарлича таъминланмади. Бу сафар ишлар қандай кетишини вақт кўрсатади. Бу борадаги муваффақият кўп жиҳатдан одамларнинг қўллаб-қувватлашига боғлиқ.

Прочитано: 311 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика