Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 6 / Биз яшайдиган уй

Қиёслашдан ўтказилди – ҳисоблагич ишламаётган экан

 

Бундай муаммо кўпинча иссиқ ва совуқ сувни ўлчаш асбоблари билан содир бўлади. Масалан, қиёслашдан ўтказилгандан кейин истеъмолчига ҳисоблагич ўрнатилади, уни пломбалашади, далолатнома тузишади, далолатномада сув ҳисоблагич ўрнатилган санадаги кўрсаткич қайд этилади. Бироз вақт ўтгач, истеъмолчи унинг ишини текширади ёки ҳақ тўлаш учун кўрсаткичларни ечади ҳамда кўрадики, ҳисоблагич ишламаётган экан: унинг кўрсаткичлари у ўрнатилган санадаги ҳолда, ўзгармасдан турибди. Шу вазиятда нима қилиш керак, қаерга мурожаат қилиш, қайси ҳужжатларга таяниш керак бўлади? 

 

– Эслатиб ўтамиз, ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш механизми Ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти (20.08.2019 йилдаги 698-сон ВМҚга 3-илова) билан тартибга солинади. Қиёслашдан ўтказилгандан кейин «Ўзстандарт» агентлиги бўлинмаларининг вакиллари ҳисобга олиш ускунасининг фойдаланишга яроқлилиги, унинг белгиланган метрология талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатни расмийлаштиради ва сув ўлчагични етказиб берувчининг вакилига тақдим этади. Етказиб берувчи ҳисобга олиш ускунасини далолатнома асосида қабул қилади ва бу билан ҳисоблагич қиёслашдан ўтганлиги ва у ишчи ҳолатда эканлигига розилик билдирган бўлади.

Шундан кейин етказиб берувчининг вакили 3 иш куни ичида истеъмолчи билан унинг иштирокида ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиш ва тамғалаш куни ва вақтини келишади. Ҳисоблаш ускунаси ўрнатилгандан кейин таъминотчи ташкилотнинг вакили мажбурий тартибда икки нусхада далолатнома тузади, унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади.

Маъмурий регламентга 5-иловада қиёслашдан ўтказилгандан сўнг Сувни (иссиқ сувни) ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиб бериш далолатномасига талаблар ўрнатилган. Далолатномада истеъмолчи иштирокида ҳисоблагичнинг у ўрнатилган вақтдаги ҳолати, унинг кўрсаткичлари қайд этилади. Ҳужжатни ҳар икки томон имзолаши керак. Бу ўта муҳим жиҳат, чунки баъзида далолатномаларда томонларнинг ёхуд бир томоннинг имзоси бўлмаслиги мумкин. Тўғри тузилган далолатнома – бундай вазиятларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гарови ҳисобланади.

Агар сув ўлчагич ўрнатилгандан кейин бир неча кун оралиғида унинг ишламаётгани ва ундаги кўрсаткичлар олдинги ҳолатда турганлиги аниқлангудек бўлса, бу кўпинча етказиб берувчининг муаммоси ёхуд метрологик хизматнинг камчилиги бўлади. Чунки етказиб берувчи сув ўлчагични мувофиқлик сертификати билан қабул қилган, ўрнатган ва уни тамғалаган, истеъмолчига далолатнома асосида топширган бўлади. Далолатномада истеъмолчи ва етказиб берувчи имзоларининг мавжуд бўлиши ҳисоблагичнинг ишчи ҳолатда эканлиги тасдиғи ҳисобланади.

Агар муаммо бир неча ойдан кейин аниқлангудек бўлса, ҳисоблагич бузилганлигида истеъмолчининг айби йўқлигини исботлаш қийин кечади. Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш ва истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларига (15.07.2014 йилдаги 194-сон ВМҚга 1, 2-иловалар) мувофиқ абонентлар совуқ ва иссиқ сув ҳисобини олиш ускуналарининг кўрсаткичларини ҳар ойда етказиб берувчига тақдим этишлари керак. Бу пайтда истеъмолчи бир вақтнинг ўзида ҳисоблагичнинг ишини назорат қилади. Агар у бу ишни амалга оширмаса, қонунчиликни бузаётган бўлади.

Қоидаларда, шунингдек, етказиб берувчининг ҳар чоракда бир марта истеъмолчи томонидан совуқ ва иссиқ сувни ҳисоблаш ускуналаридан кўрсаткичларни ечиб олинишининг тўғрилигини назорат қилиш мажбурияти белгиланади. Лекин иссиқ сув ва совуқ сув ҳисоблагичларининг эгаси бўлиб истеъмолчи ҳисобланади ва у ускуналарнинг созланганлиги учун жавобгар бўлади. Шунинг учун етказиб берувчи истеъмолчининг зиммасига қиёслашдан ўтказиш, зарур бўлганда сув ҳисоблагични таъмирдан ўтказиш жавобгарлигини юклаши ҳам мумкин.

 

 

Масала қонун ҳужжатларида қандай ҳал этилади?

 

Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш қоидалари қуйидагилардан иборат:

  • истеъмолчи индивидуал ҳисобга олиш асбобларининг яққол кўриниб турган носозликлари аниқланганда бу тўғрида Етказиб берувчига дарҳол хабар бериши;
  • ҳар ойда иссиқ сувни индивидуал ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини етказиб берувчига тақдим этиши (Қоидаларнинг 86-б.);
  • Қоидаларнинг 56-бандида қайд этилган тартибга мувофиқ бир сутка мобайнида индивидуал ҳисобга олиш асбобининг шикастланганлиги тўғрисида огоҳлантирилмаган ҳолларда иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоб иссиқ сувни ҳисобга олишнинг соз ҳолатдаги асбоби кўрсаткичлари охирги марта қайд этилган пайтдан бошлаб текшириш ўтказилгунга қадар рўйхатдан ўтказилган (яшовчи) одамларнинг сони бўйича амалга оширилади (Қоидаларнинг 57-б.);
  • етказиб берувчи истеъмолчиларнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимини йил чорагида бир марта текшириши, истеъмолчилар томонидан индивидуал ҳисобга олиш асбоби ёзиб олинган кўрсаткичларининг тўғрилигини ўз маълумотлари билан текшириши ва улар томонидан иссиқ сувнинг истеъмол қилинган ҳажми тўғрисида маълумотлар тақдим этилиши шарт (Қоидаларнинг 58-б.).

 

Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари қуйидагилардан иборат:

  • ИСКХ ташкилоти томонидан истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилишга асос бўладиган сувни ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари ҳар ойда 1 марта олиниб, тегишли далолатнома билан расмийлаштириш орқали (2 нусхада далолатнома тузилади ва унинг бир нусхаси истеъмолчига топширилади) истеъмолчиларнинг маълумотларига ўзгартиришлар киритилади (Қоидаларнинг 76-б.);
  • ИСКХ ташкилоти истеъмолчи томонидан тақдим этилаётган сув сарфи ҳақидаги маълумотларни, сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларининг тўғри олинаётганлигини мунтазам равишда назорат қилиб туриши лозим. Агар истеъмолчи тақдим этган сув сарфи ҳақидаги маълумотлар билан сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари ўртасида тафовут пайдо бўлса, сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларига асосланган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади (Қоидаларнинг 77-б.).

 

Истеъмолчилар қуйидагиларга мажбур:

  • шартнома шартларини бажариш;
  • жорий ойнинг 23–25-санасида сувни ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини тўғри ва ўз вақтида қайд қилиб бориш, жорий ойнинг сўнгги санасигача ИСКХ ташкилотига кўрсаткич – маълумотларни тақдим этиш;
  • сувни ҳисобга олиш асбобларида яққол кўриниб турган носозликлар аниқланганда ИСХК ташкилотига хабар бериш (Қоидаларнинг 123-б.).

 

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун.

Иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичлари истеъмолчининг мулки ҳисобланади. Қиёслашдан ўтказиш – бу давлат хизмати бўлиб, бунинг учун истеъмолчи ҳақ тўлайди. Қиёслашдан ўтказиш жараёнида етказиб берувчининг вакили метрологик хизмат билан истеъмолчи ўртасида воситачи сифатида иштирок этади. Абонент билан «Ўзстандарт» агентлиги вакилининг муносабатлари «ижрочи – истеъмолчи» ўртасидаги муносабатлар сифатида қаралади. Қонуннинг 11-моддасига биноан ижрочи кўрсатилаётган хизматларига кафолат муддати белгилаши ва кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)нинг нормал ишлашини (қўлланилишини, улардан фойдаланилишини) таъминлаши шарт.

Шу муносабат билан давлат қиёсловидан ўтказишга тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қиёслаш ўтказилгандан кейин коммунал маҳсулотлар ҳисобини юритиш ускуналарига ҳам кафолат муддатларини белгилаш тўғрисидаги меъёрни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Прочитано: 365 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика