Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 6 / Биз яшайдиган уй

Босиб ўтилган йўл истиқбол учун хизмат қилади

 

Маърифий мавзудаги тўплам*

*Таҳририят ихтилофли вазиятларни таҳлил қилишда иштирок этмайди ва уларни ҳал қилишда кўмаклашишга ваколатли эмас.

 

Ўтган йили Promhouseнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган «Қозоғистон ва Ўзбекистонда уй-жой фондини бошқаришнинг профессионаллашуви» лойиҳаси доирасида янги компонент – «Тренерлар учун тренинг» («ТоТ») ўқув дастури ишга туширилди. Ўқув дастури бўлғуси турар жой кўчмас мулки бошқарувчилари етишиб чиқадиган коллежлар учун ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича тренерлар тармоғини ташкил этиш, шунингдек уй-жой фонди бошқарувчисининг таълим дастури ва профессионал стандартини ишлаб чиқишга кўмаклашишга йўналтирилган.

Promhouseнинг фаолияти жараёнида 2 та ишчи гуруҳ ташкил этилган: ўқув дастурини тайёрлаш учун – «Curriculum» ва профессионал стандартни ишлаб чиқиш учун «Standart». «ТоТ» дастурига ишчи гуруҳларга ёрдам бериш мақсадида асос солинди.

2021 йил арафасида «ТоТ» дастурининг 1-фазаси якунланди, у 17 та вебинарларни ўтказишни ўз ичига олади. 3 ой давомида бўлғуси устоз-тренерлар жамоаси ойлайн семинарларда фаол иштирок этди. Улар орасида – коллеж ўқитувчилари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Promhouse лойиҳасини амалга оширишда қатнашаётган Тошкент шаҳар Уй-жой фондини профессионал бошқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар ташкилотлари уюшмаси ҳамкорлари бор. Ўқитувчилар таркибида Европа уй-жой ва кўчмас мулк таълим маркази бўлинмаларининг экспертлари ҳам мавжуд.

Promhouse лойиҳаси Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги остида «Шарқий Европада уй-жой хўжалиги» Ташаббуси (ИВО, Германия) томонидан амалга оширилаётганини эслатиб ўтамиз. Германия томонидан Европа уй-жой ва кўчмас мулк таълим маркази (EBZ) мувофиқлаштирувчи сифатида иштирок этмоқда. Ўзбекистондан – Уюшма. Лойиҳанинг мақсади – Қозоғистон ва Ўзбекистонда уй-жой фондини бошқариш соҳасида хусусий компаниялар имкониятларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўли билан Марказий Осиёда хусусий секторни ривожлантириш ва иқтисодиётни диверсификациялашни рағбатлантириш ҳисобланади. Ҳамкорлар олдинга қўйилган вазифаларга эришишининг индикаторларидан бири – кўчмас мулк бошқарувчиларининг профессионал таълим олишига кўмаклашишдир.

Ўзбекистонда бундай мутахассисларга талаб ҳар қачонгидан ошган. Янги қурилаётган бинолар, ижтимоий аҳамиятдаги объектлар сони ниҳоятда кўпайиб кетган. Уй-жой соҳаси учун малакали кадрларни топиш масаласи кун тартибидан тушган эмас – бизда ҳеч бир ўқув муассасаси бундай ходимларни тайёрламайди. Уларга бўлган талаб бугунги кунда жуда юқори – бу мутахассислар замонавий қурилиш материаллари, технологиялар, асбоб-ускуналарни тушунишлари, ҳуқуқий жиҳатдан билимдон бўлишлари, коммуникатив феъл-атворга эга бўлишлари лозим.

 

Ҳар ишнинг ўз мавриди бор

Promhouse мамлакатимизга уй-жой хизматлари бозорида талабгир бўлган кадрларни тайёрлаш бўйича Германия тажрибаси ва амалиётини олиб келди. Биз мазкур тажрибани ўз миллий қонунчилигимиз ва имкониятларимизни ҳисобга олган ҳолда мувофиқлаштиришимиз керак бўлади. Ушбу вазифани бажариш учун лойиҳа платформасида халқаро экспертлар, бир қатор вазирлик ва идоралар, Уюшма ва бошқарувчи ташкилотлар (БТ) мутахассисларининг саъй-ҳаракатлари бирлаштирилди. Бошқарувчиларнинг профессионал тайёргарлиги Қарши политехника касб-ҳунар коллежи, Тошкент қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи, Бекобод коммунал хўжалик коллежи базасида олиб борилади.

«ТоТ» биринчи фазасининг дастурига 7 та ўқув модели киритилган. Бўлғуси тренерлар томонидан тингланган онлайн-семинарларнинг мазмун-моҳияти умуман олганда танланган йўналишнинг истиқболли эканлигини намойиш этади. Бу кўп квартирали уйларни бошқариш стратегиясини ишлаб чиқаётган Ўзбекистон учун ниҳоятда зарур соҳадир.

Масалан, Германиянинг биноларни энергетик модернизациялаш, энергия ресурслари йўқотилишини минималлаштириш бўйича тажрибасини олайлик. У энергияни тежайди, қулай яшаш шароитларини таъминлайди, аҳоли маблағларининг исроф бўлмаслигига имкон беради. Германияда урушдан кейинги даврларда қурилган уйларни кўплаб учратса бўлади. Уларни авайлаб-асрашади, бузиб ташлашни эмас, балки таъмирлашни афзал билишади. Бугунги кунда замонавий қурилиш материаллари, конструктив ечимлардан фойдаланишнинг имкониятлари кенг. Шунга қарамасдан, энергия жиҳатидан самарали санацияга катта эътибор берилади. Бўлғуси тренерлар бинонинг ҳолати қандай таҳлил қилинаётгани, энергия самарадорлигига доир қандай тадбирлар у ёки бу ҳолатда кўпроқ иш беришини ўрганишди.

Вебинарлардан бирида Германиядаги уй-жой мол-мулкини бошқариш асослари кўриб чиқилди. Бунда сўз бошқарувчининг мажбуриятлари, шартномани тузишга қўйиладиган талаблар, уй-жой мулкдорларининг йиғилишларини ташкил этиш ва ўтказиш ва бошқа масалалар хусусида борди.

Рақамли технологиялар асрида уй-жой фондини бошқариш соҳасига дигиталлаштириш, яъни рақамлаштириш деган тушунча ҳам кириб келди. «ТоТ» дастури бўйича бошқа тақдимот айнан шу мавзуга бағишланди. Бизнес жараёнларни замонавий рақамли технологияларни қўллаган ҳолда оптималлаштириш кўчмас мулк жабҳасини ўзгартиради, қарорлар қабул қилиш ва кўп қаватли уйларни бошқариш бўйича янги бизнес модулларини ишлаб чиқиш жараёнларини тезлаштиради ва ҳ.к. Бошқача айтганда, бизнес тараққиётининг самарадорлигига, унинг рақобатбардошлигига туртки беради. Бу ўринда узлуксиз таълимнинг аҳамияти жуда катта.

Профессионал даражани мунтазам равишда ривожлантириб бориш зарурлигини ҳеч ким инкор этмайди – бу ҳаёт суръати билан ҳамнафас бўлиш учун ниҳоятда зарур. Бу фикр турар жой кўчмас мулкини бошқарувчилари учун ҳам айнан тегишлидир. «Малака ошириш» хизмат сифатида Германияда ўта талабгир ҳисобланади ва у бизнинг бошқарув ташкилотларига хизмат кўрсатиш рўйхатига киритилиши мумкин.

Уй-жой соҳаси – бу бошқарувчилар доимо одамлар билан мулоқот ўрнатишини тақозо этадиган жабҳалардан бири ҳисобланади. Муваффақиятга эришиш учун мижозлар билан қандай қилиб тўғри муносабатларни ўрнатиш керак? «ТоТ» дастурининг вебинарларида бунга ҳам ўргатишади.

 

«ТоТ» уй-жойни малакали бошқаришда ёрдам беради

Бугунги кунда кўп квартирали уйларни бошқариш – энг долзарб ва мунозарага бой масалалардан бўлиб қолди. Ўзбекистон қонун ҳужжатларида кўп квартирали уйни бошқаришнинг учта усули назарда тутилади: ХУМШ ёрдамида, бошқарувчи ташкилот ёки ширкатни тузмаган ҳолда мулкдорларнинг жамоаси ёрдамида. Бироқ профессионаллашув жараёни оқсамоқда. Кўплаб янгидан тузилган БТ етарлича ҳуқуқий саводхонликка эга эмас, шу туфайли кўпинча қонун ҳужжатларини бузадилар ва бу билан мулкдорларнинг умумий мол-мулкни бошқариш усулини эркин танлаш ҳуқуқини чеклайдилар. Бунда баъзида маъмурий ресурс ҳам ўз кучини кўрсатиб қўяди, кўчмас мулк эгаларини УМШни ёпиш ва янги БТ билан шартномалар тузишга тарғиботлар қилишади. Бу БТлар «мулкдорлар – УМШ – БТ» бошқарув чизмасида ишлай оладиган ширкатларни ўзлари учун хизматларнинг бўлғуси буюртмачилари сифатида кўрмайдилар. Шунинг учун турар жой кўчмас мулкининг бошқарувчилари билан ахборот-ҳуқуқий ва таълим борасида иш олиб бориш ўта муҳимдир.

Ўзбекистонда БТни лицензиялаш назарда тутилмаган. Қонун ҳужжатларида кўп квартирали уйни бошқариш бўйича штатда малака сертификатига эга бўлган камида икки нафар мутахассиснинг бўлиши кераклиги талаби мавжуд. Бу вазифа Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўқув марказининг зиммасига юклатилган, лекин бошқарувчиларни ўқитадиган бошқа дастаклар, шу жумладан ўқув муассасалари базасида профессионал таълим ҳам бўлиши керак-да. «ТоТ» дастури бўйича шакллантирилаётган тренерлар тармоғи, Promhousе лойиҳаси доирасида 2020 йилда ўтказилган 17 та вебинарлар – кўп квартирали уй-жой фондини қандай қилиб малакали бошқариш мумкинлигига доир берилган саволга жавобдир. Уюшманинг платформасида тренерлар БТда фаолият юритаётганларга «малака ошириш» хизматини кўрсатадилар. Энди ҳамма гап мазкур тажрибани ўқиган, ўрганган ва ҳаётга татбиқ этадиган бошқарувчиларда қолган.

Прочитано: 577 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика