Бу йил буюк мутафаккир шоир, ўзбек адабий тилининг асосчиси бўлмиш Алишер Навоий бобомизнинг 580 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Муҳим сана муносабати билан катта тадбирлар ўтказиш тўғрисида Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги ПҚ-4865-сон қарори эълон қилинган. Қарорда юбилей арафасида мамлакатимиз бўйлаб кўплаб тадбирлар ўтказилиши қайд этилган.
Дунёдаги ҳар қандай улкан хазина ҳам бир кунмас-бир кун тугаши шубҳасиз. Лекин улуғ даҳо Навоийдан биз – ворисларга қолган адабий мерос бебаҳо, туганмас хазина. Ундан кўп йиллар давомида қанча манфаатдор бўлсак ҳам, бу хазина камайиб қолмайди. Китобларини мутолаа қилган чоғимизда ҳикматларга бой мисралар таъсиридан қалбларимизга нур кириб бораётганини, илм чўққиларига кўтарилаётганимизни, дунёқарашимиз кенгаяётганини, сўз бойлигимиз ошаётганини ҳис қиламиз. Улуғ шоир ўзининг назмий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс жозибаси борлигини намоён эта олган.
Ўзбекистонда Навоийнинг хотирасини абадийлаштириш учун кўплаб ишлар олиб борилган. Юртимиздаги бир вилоят ва унинг маркази бўлган шаҳар Навоий номи билан аталади. Пойтахтимиздаги марказий кутубхона ва метронинг бир станцияси шоир номига қўйилган. Нафақат Тошкентдаги Миллий боғда, балки барча вилоятлар марказида ва ҳатто чет эллардаги пойтахт шаҳарларда ҳам унинг ҳайкали қад ростлаб турибди. Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани, олийгоҳларда Навоий номли стипендия ташкил этилгани, шоир қаҳрамонларининг номлари билан вилоятимиздаги ГЭСлардан бири «Фарҳод», шаҳарлардан бири «Ширин» деб аталиши миллатимиз фахри бўлган буюк алломага ҳурматнинг белгисидир.
Мактабларда ва бошқа ўқув юртларида Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти, ўлмас ижодидан намуналар алоҳида эътибор ва қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.