Қиймати 1 млрд сўм бўлган биномиз 2019 йилда унинг ўрнига қийматига тенг миқдорда бошқа мол-мулк берилиши шарти билан давлатга ўтказилган. Корхона 2020 йилда қиймати 500 млн сўм бўлган мол-мулкни олган. Қолган қисми пул кўринишида берилиши ҳақида битим тузилган. Бироқ 2021 йилда пул маблағлари ўрнига қиймати 501 млн сўм бўлган мол-мулк берилган ҳамда корхона 1 млн сўм тўлаши ҳақида битим тузилган.
Давлатга мол-мулк ўтказилиши (чиқиб кетиши), давлатнинг бизнинг олдимиздаги қарзи, давлат томонидан янги мол-мулк берилиши, 500 млн сўм ва 501 млн сўм ўртасидаги фарқ қандай бухгалтерия проводкалари билан акс эттирилади?
– Асосий воситаларни уларнинг қийматига тенг бўлган мол-мулкни олиш шарти билан давлат ҳисобига ўтказишга АВ қийматини уларни айирбошлаш натижасида корхона балансидан ҳисобдан чиқариш операцияси сифатида қаралади (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 4-§; АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган 5-сон БҲМСнинг 8-б. «д» кичик б.).
Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда айирбошлаш йўли билан олинган АВ объектининг бошланғич қиймати берилган объектнинг қолдиқ қийматига тенг бўлган суммада акс эттирилади. АВ қўшимча тўлов билан айирбошланган ҳолатларда алмаштириш йўли билан олинган объектнинг бошланғич қиймати берилган асосий воситаларнинг айирбошлашда ўтказилган пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари суммасига оширилган (камайтирилган) қолдиқ қийматига тенг бўлади (Низомнинг 30-б., 5-сон БҲМСнинг 18-б.).
Бинони ҳисобдан чиқариш ва янгисини кирим қилиш бўйича проводкалар Низомнинг 31-бандида қайд этилган. Бунда сизнинг мисолингизда кўрсатилган 1 млн сўм корхонангизнинг кредиторлик қарзи бўлади, уни 6990-«Бошқа мажбуриятлар» счётининг кредити бўйича акс эттириш лозим. Ушбу суммани тўлашда кредиторлик қарзи сўндирилади.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.