Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 06 / Норматив лойиҳалар

Суғоришда сув тежалганлиги учун субсидия

 

Молия вазирлиги томонидан «Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ВМ қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

 

Ҳужжат ўзгартиришлар киритилмасдан қабул қилинадиган бўлса, пахта, донли экинлар, сабзавот экинлари ва картошка, полиз экинлари ва озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликларни етиштирадиган ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига 2021 йил 1 январдан бошлаб субсидиялар берилади.

Мевали экинлар ва узум учун 2019 йилда ва ундан кейинги йилларда ташкил этилган янги интенсив боғ ва токзорларда сувни тежайдиган технологиялар бўйича харажатларга субсидиялар ажратилади.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар бир марта – сувни тежайдиган технологиялардан камида 5 йил фойдаланилганда берилади.

Бунинг учун талабгорлар сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича 2021 йилда 1 мартга қадар (келгуси йилдан бошлаб ҳар календарь йилининг 1 ноябрига қадар) туман (шаҳар) ишчи комиссиясига ёзма шаклда ариза билан мурожаат қилади. Аризада талабгорнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, солиқ тўловчининг идентификация рақами, жойлашган жойи (почта манзили), фаолият амалга ошириладиган жойи, хизмат кўрсатувчи банк бўлинмаси номи ва банк ҳисобварағи, ер майдони, балл бонитети, экин тури, сув олиш манбаи, жорий қилинадиган суғориш технологияси тури, боғланиш учун маълумотлар (телефон рақами, электрон почта манзили) кўрсатилади. Талабгорни келгуси йилда манзилли дастурга киритиш тўғрисидаги қарор 3 иш куни ичида қабул қилинади.

Иккинчи босқичда – манзилли дастурга кирган талабгорлар субсидия ажратилиши учун ҳар календарь йилнинг 15 июлига қадар ариза билан ёзма шаклда мурожаат қилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

● сувни тежайдиган суғориш технологиясини қуриш бўйича пудрат ташкилоти билан тузилган шартнома нусхаси (агар сувни тежайдиган технологияни ўз кучи ва имкониятлари орқали қурган бўлса, бошқа тегишли ҳужжатлар тақдим этилади);

● сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича якунланган ишларни фойдаланишга қабул қилиш комиссиясининг далолатномаси нусхаси;

● амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси.

Комиссия мурожаатни келиб тушган кундан эътиборан 10 кун ичида кўриб чиқади.

Лойиҳа муҳокамасида 12 февралга қадар иштирок этиш мумкин. 

Прочитано: 329 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика