МЧЖ 3 таъсисчига эга: улардан иккитаси жисмоний шахс, учинчиси эса юридик шахс. Таъсисчилардан бири - жисмоний шахс жамиятдан чиқиб кетмоқчи. У ўз улушини бошқа жисмоний шахсга беғараз ўтказяпти, қолган таъсисчиларнинг эътирози йўқ. Бунда устав капитали камаймайди.
МЧЖ учун ушбу ҳолатда солиқ оқибатлари юзага келадими?
– МЧЖнинг устав фондидаги улушни беғараз ўтказиш бўйича битим икки жисмоний шахс ўртасида содир бўлади: жамиятни тарк этувчи муассис ва унинг улушини текинга олган жисмоний шахс. Бунда ҳадя шартномасини тузиш керак.
Ҳадя олувчи улушни текинга олаётганда ЖШДС солинадиган даромад олади. У ҳадя қилувчининг яқин қариндоши бўлган ҳолат бундан мустасно (СК 377-м. 3-б., 378-м. 17-б.). У жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқни мустақил равишда тўлаши керак (СК 393-м. 1-қ.). Корхона бу ҳолда солиқ агенти ҳисобланмайди.
Корхонанинг муассислари ўзгармоқда, бунда унинг учун солиқ оқибатлари юзага келмайди. Таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг қуйидаги ўтказмани амалга ошириш зарур:
● 8330-«Пай ва улушлар» счёти дебети – чиқиб кетаётган муассис;
● 8330-«Пай ва улушлар» счёти кредити – янги муассис.