Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 51 / Амалий бухгалтерия

Онлайн-НКМга ўтишни йил охирига қадар якунлаган маъқул

 

Онлайн-НКМга ўтувчилар учун имтиёзнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январда тугайди (6.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармон). Шу боис ушбу масалани тезроқ ҳал қилиш учун қандай ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида buxgalter.uz шарҳидан билиб оласиз. 

 

Имтиёз тадбиркорнинг онлайн-НКМни харид қилиш ва ўрнатиш бўйича харажатларини сезиларли даражада қисқартиришга, айрим моделлар ёки фискал хотирали НКМни модернизация қилиш варианти танланганда моддий харажатларни умуман четлаб ўтишга имконият яратади.

Сиз онлайн-НКМни харид қилишингиз ёки мавжудларини модернизация қилдиришингиз, ишга туширишингиз лозим, кейин эса ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган солиқларни ҳар бир онлайн-НКМни харид қилиш, ўрнатиш, ишга тушириш харажатлари суммасига, бироқ 10 БҲМдан ошмаган миқдорда камайтиришингиз керак.

Буни қуйидаги тартибда акс эттиришингиз мумкин:

● сиз фойда солиғи тўловчиси бўлсангиз – Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 101-сатрида;

● сиз айланмадан олинадиган солиқни тўловчи бўлсангиз – Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 0901-сатрида.

Сиз қатъий белгиланган миқдорда ЖШДС тўлайдиган бўлсангиз, солиқ органига имтиёз тақдим этишларини сўраб ариза беринг. Аризада онлайн-НКМ харид қилиш ва ишга тушириш харажатларини кўрсатинг, унга тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинг, шунингдек имтиёздан фойдаланиш учун солиқ тўламайдиган даврингизни кўрсатинг.

ДСҚ матбуот хизмати buxgalter.uz сўрови бўйича қуйидагича тушунтириш берди: 6.09.2019 йилдаги ­ПФ-5813-сон Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 январга қадар онлайн-НКМни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш имтиёзни қўллашнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Йил охирига қадар онлайн-НКМга ўтмаган тадбиркор имтиёздан фойдаланишга улгуриши мумкин. Бироқ бунга ҳаракатни бугун-эрта бошлаб юбориш лозим.

Имтиёз виртуал кассага ўтадиганларга татбиқ этилмаслигига эътибор беринг. Қандай техникани – онлайн-НКМ ёки виртуал кассани қўллашни ўзингиз танланг.

Buxgalter.uz онлайн-НКМга ўтишнинг қуйидаги мақбул ва тезкор режасини таклиф этмоқда:  

Онлайн-НКМ реестридан ўзингизга маъқул келадиган вариантни танланг. Реестрда ишлаб чиқарувчиларнинг (импорт қилувчиларнинг) сайтлари ва телефон рақамлари, ҳар бир модель бўйича қўшимча маълумотни қаердан олиш мумкинлиги, шунингдек сиз танлаган модель билан шуғулланадиган техник хизмат таъминоти марказларининг телефон рақамларини қандай аниқлаштириб олиш кўрсатилган. Барча ТХМ муайян моделга ихтисослашган бўлиб, у ерда ушбу моделни сотиб олиш мумкин. 

2

ТХМга қўнғироқ қилинг ҳамда улардан яқин атрофингизда жойлашган ҳамкор ташкилотларини ёки вакилларининг манзилини аниқлаштириб олинг. Бу муҳим, сабаби барча бош ТХМ пойтахтда жойлашган бўлади, барча ҳудудлар бўйича эса уларнинг ҳамкорлари фаолият юритади.

3

ТХМ вакили билан ўзингизнинг ўтиш режангизни муҳокама қилиб олинг ҳамда узоғи билан бир ҳафта ичида онлайн-НКМга ўтиш ишларини якунлаш учун сиздан нималар талаб этилишини сўраб-суриштиринг. Вакил ҳузурида:

● онлайн-НКМни сотиб олишга (модернизация қилишга) доир шартномани ҳамда техник хизмат кўрсатиш шартномасини тузинг;

● фискал модуль ва унга хизмат кўрсатилиши учун 1 БҲМ миқдорида ҳақ тўлаш мақсадида фискал маълумотлар оператори (ФМО) реквизитларини аниқлаштириб олинг.

4

Шу куннинг ўзидаёқ тузилган шартномалар бўйича тўловни ҳамда фискал маълумотлар операторига 1 БҲМни тўланг. Вақтдан ютиш учун кўп марталик тўлов тизимидан фойдаланинг. Счётлар бўйича тўловларни тўлаганингиздан кейин ТХМдаги устага қўнғироқ қилинг ва сиз томондан барча тўловлар амалга оширилгани ҳақида хабар беринг. Муддат охирлаб бораётганини эслатиб қўйишни унутманг.

5

Онлайн-НКМни олишга борадиган ташкилотингиз вакилида ишончнома бўлиши керак.

6

Сизга тегишли солиқ тўловчининг шахсий кабинетига онлайн-НКМ солиқ органларида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги хабар келган онданоқ қурилма билан ишлашни бошлашингиз мумкин.

7

Сўнгра, онлайн-НКМ ишга тушгач, фискал хотирали эски аппаратни ҳисобдан чиқаришни унутманг. Буни тезроқ амалга ошириш лозим.

Онлайн-НКМ реестрида сиз фойдаланаётган фискал хотирали НКМ маркасидаги НКМни топсангиз, сиздаги назорат-касса машинасини онлайн-НКМга модернизация қилиш мумкин бўлади.

Онлайн-НКМга ўтишни мураккаблаштирадиган ёки ортга сурадиган сизга боғлиқ бўлмаган қуйидаги омиллар ҳам мавжудлигини инобатга олинг:

● ТХМдаги устанинг юқори даражадаги иш юкламаси. Мазкур ҳолатда у билан келишиб олиш ёки бошқа иши камроқ устага мурожаат қилиш лозим;

● омборда фойдаланишга тайёр онлайн-НКМ мавжуд эмаслиги. Мазкур ҳолатда бошқа моделни танлаш ёки танлаган моделингизни кутишга тўғри келади.

Олег ГАЕВОЙ.

Прочитано: 467 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика