Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 42 / Бухгалтерга ёрдам

Электрон тижорат: реализация қилиш жойи қандай аниқланади

 

Электрон тижоратнинг замонавий шарт-шароитларида талай хизматлар электрон шаклда кўрсатилмоқда. ҚҚС тўловчи бўлган корхоналар саволга дуч келишмоқда: бундай вазиятда шундай хизматларни реализация қилиш жойини қандай қилиб тўғри аниқлаш мумкин?

Buxgalter.uz тушунишга ёрдам беради. 

 

– Электрон шаклдаги хизматларни реализация қилиш жойини уларнинг харидорлари фаолиятни амалга ошираётган (турган) жой бўйича аниқланг. Бу Ўзбекистонда турган ёки фаолиятни амалга ошираётган шахслар томонидан олинган электрон шаклдаги хизматларга Ўзбекистонда ҚҚС солинишини англатади (СК 241-м. 3-қ. 10-б.).

Агар қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, Ўзбекистон жисмоний шахс томонидан электрон шаклдаги хизматларни олиш жойи деб эътироф этилади;

● харидорнинг яшаш жойи Ўзбекистон бўлса;

● харидор томонидан хизматларга ҳақ тўлаш учун фойдаланиладиган банк ёки харидор томонидан хизматларга ҳақ тўлаш амалга ошириладиган тўлов тизимларининг оператори Ўзбекистонда жойлашган бўлса;

● харидор хизматларни олиш чоғида фойдаланган тармоқнинг манзили Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган бўлса;

● хизматларни олиш ёки хизматларга ҳақ тўлаш учун фойдаланиладиган телефон рақами мансуб бўлган мамлакатнинг халқаро коди Ўзбекистон томонидан берилган бўлса.

Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда интернетдан автоматик усулда фойдаланиш орқали кўрсатилган хизматлар электрон шаклдаги хизматлар жумласига киради.

Бундай хизматларга, хусусан, қуйидагилар киради:

● дастурий таъминотдан (шу жумладан интернет орқали етказиб бериладиган ўйинлардан), шунингдек маълумотлар базаларидан, уларга киритиладиган янги маълумотлардан ва қўшимча функционал имкониятлардан интернет тармоғи орқали, шу жумладан улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни тақдим этиш;

● электрон китоблардан (нашрлардан) ва бошқа электрон нашрлардан, ахборот, таълимга оид материаллардан, график тасвирлардан, матнли ёки матнсиз мусиқа асарларидан, аудиовизуал асарлардан фойдаланиш ҳуқуқини интернет орқали, шу жумладан интернет орқали кўриб чиқиш ёки эшитиш учун улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан тақдим этиш;

● интернетда, шу жумладан электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлардан ва интернетда ишлаб турган маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда рекламага оид хизматлар кўрсатиш, шунингдек реклама учун рекламага оид майдон (жой) ва вақт бериш;

● интернетда товарларни (хизматларни) ва мулкий ҳуқуқларни олиш (реализация қилиш) тўғрисида таклифлар жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш;

● интернет орқали сотувчилар ва харидорлар ўртасида алоқалар ўрнатиш ва битимлар тузиш учун ахборот технологиялари ва тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган техник, ташкилий, ахборот имкониятларини ҳамда бошқа имкониятларни бериш бўйича хизматлар кўрсатиш. Бундай хизматлар жумласига, хусусан, интернет тармоғида реал вақт режимида ишлайдиган савдо майдончасини бериш киради, бу майдонда потенциал харидорлар автоматлаштирилган тартиб-таомил воситасида ўз нархини таклиф этади ҳамда тарафлар автоматик тарзда яратиладиган хабар орқали сотув тўғрисида хабардор қилинади;

● ўз мақсадлари учун ёки иқтисодий фаолиятни амалга ошириш мақсадида интернетда ҳозир бўлишни таъминлаш ва (ёки) сақлаб туриш, фойдаланувчиларнинг электрон ресурсларини (сайтларини ва (ёки) интернетдаги сайтлари саҳифаларини) сақлаб туриш, улардан интернетдан бошқа фойдаланувчиларнинг фойдаланишини таъминлаш, фойдаланувчиларга уларни модификациялаш имконини тақдим этиш;

● дастурнинг масофадан ва онлайн режимида ишлашини автоматик тарзда сақлаб туриш, интернетда ахборот тизимларини, сайтларни ва (ёки) саҳифаларни бошқариш бўйича хизматлар кўрсатиш;

● башарти ахборотни тақдим этган шахс ундан интернет орқали фойдаланиш имконига эга бўлса, ушбу ахборотни сақлаш ва унга ишлов бериш;

● ахборот тизимида ахборотни жойлаштириш учун реал вақт режимида ҳисоблаш қувватини тақдим этиш;

● домен номлар бериш, хостинг хизматларини кўрсатиш;

● интернет орқали харидор томонидан маълумотлар киритилаётганда автоматик усулда юзага келадиган ахборотни етказиб бериш, маълумотларни қидириш, сўровларга кўра уларни саралаш ва ажратиш, телекоммуникация тармоқлари орқали мазкур маълумотларни фойдаланувчиларга тақдим этиш бўйича автоматлаштирилган хизматлар кўрсатиш. Бундай етказиб беришлар жумласига, хусусан, фонд биржасининг реал вақт режимидаги маълумотлари, матнларнинг автоматлаштирилган таржимасини реал вақт режимида амалга ошириш киради;

● потенциал харидорлар тўғрисидаги ахборотни қидириш ва (ёки) буюртмачига тақдим этиш бўйича хизматлар кўрсатиш;

● интернетдаги қидирув тизимларидан фойдаланиш имконини бериш;

● интернетдаги сайтларда статистикани юритиш (СК 282-м. 1-қ.).

Электрон шаклдаги хизматлар жумласига қуйидагилар кирмайди:

● агар интернет орқали буюртма берилганда товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) аслида интернетдан фойдаланмаган ҳолда амалга ошириладиган бўлса, товарларни (хизматларни) реализация қилиш;

● компьютер (шу жумладан компьютер ўйинлари) учун дастурларни ва моддий жисмлардаги маълумотлар базаларини реализация қилиш (улардан фойдаланиш ҳуқуқларини тақдим этиш);

● электрон почта орқали маслаҳат хизматлари кўрсатиш;

● интернетдан фойдаланиш имконини бериш бўйича хизматлар кўрсатиш (СК 282-м. 2-қ.).

 

МИСОЛ. ҚҚС тўловчи бўлган Ўзбекистон корхонаси компьютер дастурини ишлаб чиқди ва хорижий компанияга интернет орқали ундан фойдаланиш ҳуқуқини берди

Дастурий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқини интернет орқали тақдим этиш электрон шаклдаги хизматлар жумласига киради. Бундай хизматларни реализация қилиш жойи уларнинг харидорлари фаолиятни амалга ошираётган (турган) жой бўйича аниқланади. Ўзбекистон корхонасида ҚҚС бўйича мажбуриятларнинг вужудга келиши хорижий компания Ўзбекистонда доимий муассасага эга эканлиги ва мазкур хизматлар ушбу ДМ орқали олинганлигига боғлиқ. Агар хорижий компания Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай фаолиятни амалга оширмаса, электрон хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланмайди. Бинобарин, Ўзбекистон корхонасида ҚҚС солиш объекти вужудга келмайди. Агарда хорижий корхона Ўзбекистонда ДМ орқали фаолиятни амалга оширса ва у орқали дастурдан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олган бўлса, электрон хизматни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилади. Бинобарин, Ўзбекистон корхонаси дастурдан фойдаланиш ҳуқуқини бериш чоғида ҚҚС ҳисоблаши шарт.

 

МИСОЛ. Хорижда жойлашган ташкилот буюртмасига биноан ҚҚС тўловчиси бўлган Ўзбекистон корхонаси матнларни ўзбек тилига таржима қилиш бўйича хизматлар кўрсатади. Бажарилган таржима буюртмачига электрон почта орқали жўнатилади

Таржимани электрон почта орқали жўнатиш электрон шаклдаги хизмат ҳисобланмайди. Шунга қарамай, мазкур хизматни реализация қилиш жойи харидор фаолиятни амалга ошираётган (турган) жой бўйича аниқланади. Хизматнинг буюртмачиси – хорижда жойлашган хорижий ташкилот бўлганлиги боис, уни реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланмайди. Бинобарин, Ўзбекистон корхонаси таржима бўйича хизмат қийматидан ҚҚС ҳисобламайди.

Ирина АХМЕТОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 406 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика