Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 40 / Биз яшайдиган уй

Сизнинг кўп қаватли уйингиз Реновация дастурига тушадими?

 

Ўзбекистонда regulation.gov.uz сайтида Вазирлар Маҳкамасининг «Республика ҳудудларида эскириб қолган уй-жой фондини таъмирлаш ва янгилаш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори лойиҳасининг муҳокамаси якунига етди.  

 

Ҳужжатнинг ишлаб чиқувчиси – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги. Лойиҳанинг асосий аҳамияти унда уй-жойни реновация қилиш дастурлари бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

2021–2022 йилларда эскирган кўп квартирали уйларни таъмирлаш. 260 та бино, шу жумладан Тошкент шаҳрида 34 та бинонинг таъмирланиши мўлжалланган;

2021–2023 йилларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш. 193 та кўп қаватли уйлар, шундан 24 таси пойтахтда, ўрнида янги уй-жойлар қад кўтариши мўлжалланган.

 

Реновация тимсолида бузиб ташлашми?

Лойиҳага иловаларда аниқ манзиллари билан ККУ локацияси кўрсатилган. Тошкентда асосан 2013 йилгача қурилган уйларни таъмирлаш ва янгилаш таклиф этилади. Уларнинг қаватлари ҳар хил, лекин 12 қаватдан юқори эмас. Аварияли деб эътироф этилган, ўрнида янгилари қурилиши керак бўлган бузиладиган пойтахтдаги уйларга келсак, бу асосан 1929–1967 йилларда бино этилган икки ва уч қаватли бинолардир. Лекин 1997, 1982 ва 1991 йилларда қурилган бинолар ҳам мавжуд.

Нимаики бизда бузиш билан боғлиқ бўлса, ҳаммаси аҳолида салбий муносабат туғдиради. Сабаби кўпинча уларнинг ҳуқуқлари бузилади. Айни ҳолатда ҳам шундай хавотир бор: биз кутаётган реновация оқибатида ККУлар оммавий тарзда бузиб ташланиб, ўрнида қимматбаҳо бинолар қурилмасмикин? Лойиҳа ишлаб чиқувчилари хотиржам бўлишга чақиришади. Зеро, Дастурга биноан ККУларни бузиш давлат ёки жамоат манфаатларида ерларни олиб қўйиш эмас, балки авария ҳолатида яшаётган фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қилинмоқда. Яъни одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсади кўзланган. Одамлар ваъдаларга унчалик ишонмай қўйишган.

Ижтимоий тармоқларда ҳужжатни ишлаб чиқувчиларга нисбатан салбий фикр ва саволлар билдирганлар кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, уйлар қайси мезонларга кўра авария ҳолатида деб топилади ва экспертизани кимлар ўтказган? Нима учун 1982 ва 1991 йилларда қурилган уйларни бузиш керак, уларни қайта тиклаб бўлмайдими? Биноларда яшовчилар бу уйлар яшаш учун яроқсизлиги ва уларни мукаммал таъмирлаб бўлмаслиги тўғрисида хулоса олишганми? Фуқаролар авария ҳолатидаги уйлардан янги биноларга кўчириб ўтказилганда қандай кафолатлар билан таъминланади ва ҳ.к. саволлар.

УЖКХ вазирлигида ҳар қандай турар ёки нотурар жой бузилишига фақат мулкдорга белгиланган тартибда компенсация тўлангандан кейин йўл қўйилишини назарда тутувчи ВМнинг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (16.11.2019 йилдаги 911-сон) таянишмоқда. Лекин бу борадаги мазкур ва бошқа қонун ҳужжатларининг амалда кўриб турганимиздек ишлаётгани кишига умид бағишламайди. Бу ҳужжатлар кўп ҳолларда ишламайди, тез ўзгаради, фуқаролар бу ўзгаришларни кузатиб бориши эса мушкул ишдир. Бошқа давлатларнинг тажрибасига кўра, уй-жой фондининг реновацияси махсус ишлаб чиқилган ҳужжжатлар билан тартибга солинади. Унинг механизми фуқаролар учун оддий ва тушунарли бўлиши керак. Дастурни ишлаб чиқишни оммавий тушунтириш ишларидан бошлаш лозим.

Кўп қаватли уйларни реновация қилиш дастурларини хорижий мегаполислар тажрибаси асосида қабул қилиш зарурлиги хусусида мамлакатимиз Президенти 2018 йилда гапирган эди. Ўтган йилнинг охирида УЖКХ вазирлиги республика бўйлаб уларни рўйхатга олган ҳолда ККУларнинг инвентаризацияси ўтказилганини эълон қилган эди. 34 584 кўп квартирали уйлардан 455 тасида авария ҳолати аломатлари аниқланган. Вазирлик раҳбарияти бу уйларнинг ҳаммаси ҳам бузилмаслигини маълум қилган. Уйлар авария ҳолатида эканлиги тўғрисидаги қарорни мутахассислар белгиланган услубиятлар асосида аниқлашади. Реновация – бу албатта бузиш дегани эмас. Натижада Дастур лойиҳасига «авария ҳолатида» мақомини олиб тушган 193 та уй бузиладиган бўлди. Республика учун бу кўп. Лекин фуқароларни хабардор қилмасдан, улар фикрини ўрганмасдан туриб уй бузилса, масала арининг уясига ўхшаб шовқин-сурон олади.

 

Қонун ҳужжатларида «реновация» деган тушунча йўқ

Қонунчилигимизда «реновация» деган ҳуқуқий тушунча мавжуд эмас. Авария ҳолатидаги уйлар бузилиб, улар ўрнида янги уй қурилишини реновация деб бўлармикин? Фуқаролар бу масала билан қизиқишди.

Мазкур тушунчани муомалага киритишга «Урбанизация тўғрисида»ги қонун лойиҳасида илк марта ҳаракат қилинган. Реновация «мукаммал таъмирлаш, модернизация ва реставрация қилиш усулини қўллаган ҳолда турмуш сифатини оширишни назарда тутувчи чораларнинг жамланмаси» сифатида талқин қилинган, лекин бузишни эмас.

«Урбанизация тўғрисида»ги қонун ҳали қабул қилингани йўқ. Бу тушунчанинг ҳуқуқий тавсифи ҳам, реновация нима эканлиги ҳақидаги аниқ-пухта тасаввур ҳам мавжуд эмас. Ижтимоий тармоқларда муаммо муҳокама қилинганда баъзилар «бундан асосий мақсад – фавқулодда ҳодисалар олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эскирган бинолар ўрнида янги қурилишларни бошлаш. Яъни бунда шундоқ ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган бузишлар тушунилган. Бошқалар ҳамкасбларини тузатадилар: «Йўқ, реновация – бу бузиш эмас, уй-жой фондини янгилаш» дейди. Кўринадики, фикрлар турлича бўлган ва ҳуқуқий тушунча мавжуд бўлмаган бир шароитда реновацияга ҳар икки тушунча мос тушади шекилли!? Бинобарин, реновация тимсолида бузиб ташлашга дарча очилмасмикин? Чунки авария ҳолатида деб эътироф этилган бузиб ташланган икки ёки уч қаватли уй ўрнида беш ёки тўққиз қаватли уй қуриш мумкин бўлади. Уйда яшовчилар бошқа жойларга кўчирилади, ортиб қолган квартиралар сотиб юборилади. Ёки фойдали ер участкаси учун бўшатилиши мақсадида авария ҳолатида бўлмаган уй авария ҳолатида деб тан олинади. Авария ҳолатида деб айтилган уйни мукаммал таъмирлаб бўлмаслиги ҳақидаги иддаони қанчалик исботлаш қийин?

 

Бузилмасдан янгиланса-чи…

Жаҳон амалиётида реновация қандай талқин қилинади? Европа давлатларида реновация деганда – уй-жой фонди тузилмаси яхлитлигини бузмаган ҳолда янгилаш, яхшилаш, реконструкция ва реставрация қилиш тушунилади. Бунда ички коммуникациялар тўлиқ алмаштирилади, биноларнинг энергия самарадорлиги оширилади, лекин уй бузилмайди.

Москвада уй-жойларни реновация қилишга доир шов-шув бўлган дастурни амалга оширишда бошқача йўлдан боришди. Бунда одамлар бошқа жойга кўчирилиб, эски кичик қаватли уйлар бузилди ва бўшаган ҳудудга янги кўп қаватли уйлар барпо этилди. Бунда тегишли ҳуқуқий базанинг шаклланганлиги қўл келди, у мунтазам тузатиб борилади. Реновация жараёнига бутун аҳоли жалб этилди. Моск­валиклар ёқлаб ва қарши чиқиб овоз беришди, уйларининг Дастурга киритилишини ёки ундан чиқарилишини ёқлаб овозларда қатнашишди. Барча ахборотни электрон тарзда олиш мумкин бўлди.

Икки йил олдин биз Pro House лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик уй хўжалиги мутахассислари билан биргаликда Германияда бўлиб келдик. Дортмунд шаҳрида кўп квартирали уйларни реновация қилиш тажрибаси билан танишдик. У ерларда ҳар хил даврларнинг кўп қаватли иншоотлари бир вақтда қандай қилиб уйғунлашиб кетганлиги кишини ҳайратда қолдиради: урушдан кейинги давр, индустриал бино қурилиши, замонавий «осмоўпарлар»… Немислар кўп қаватли уйларни бузишмайди, балки қайта тиклашади. Бузгандан кўра, уйларни реконструкция қилиш ва янгилаш бирмунча арзон тушишини айтишади. Қадимги бинолар мукаммал таъмирдан чиққан ёки қайта режалаштирилганидан кейин биздаги янги қурилган уйларданда шинам ва нурафшон бўлганлигини ўз кўзимиз билан кўрдик. Немис экспертлари бизда уй-жой фондини реновация қилишга доир бир неча туркум семинарлар ўтказди, бизнинг уй хўжалиги билан ишлайдиган мутахассисларимиз билан биргаликда жойлардаги одамлар яшайдиган ҳудудларни бориб кўришди. Уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш, уларни бузмаган ҳолда техник ҳолатини яхшилаш бўйича қандай тадбирларни ўтказиш лозимлигини тушунтиришди. Биз ҳам шу тажрибани ўзимизда қўллармиз балки. Бунга уқувимиз етади ахир. Қолаверса, ўзгалар хатоси биз учун мактаб бўлиши мумкин-ку...

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 802 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика