Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 40 / Биз яшайдиган уй

Беларусь хаусмастер амалиётига 7 йилда етиб келди. Ўзбекистон учун бу йўл қисқароқ бўлиши мумкин

 

Геннадий Каленов, Кўчмас мулк менежменти халқаро уюшмасининг (КМХУ) ижрочи директори (МАМН, Беларусь), Беларусь УЖКХ вазирлиги ҳузуридаги маслаҳат кенгашининг аъзоси, Promhouse лойиҳасининг Ўзбекистон сегменти хаусмастер амалиётини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ маслаҳатчиси: 

 

«Хаусмастер амалиётини УЖКХ тизимига жорий этиш учун Беларусга 7 йил керак бўлди. Ҳозир бино ва иншоотларни сақлаб туришни уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу соҳа вакилларини ҳар жойда қидиришади, улар учун курашишади. Шу йиллар давомида Кўчмас мулк менежменти халқаро уюшмаси мазкур ғояни қатъият билан илгари сурди, ҳукумат билан сиёсий мулоқотлар олиб борди. Германия тажрибасини жорий этиш, ҳаракатларимиздаги изчиллик ўз самарасини берди.

Уюшма илгари сураётган асосий ғоя: уй хўжаликларини сақлаб туриш учун уй-жой мулкдорлари биргаликда жавобгар бўлишлари лозим. Профессионал бошқарув компаниялари (БК) эса уларга бу борада кўмакчи бўлади. Мулкдорлар уларга қанчалик кўп ҳуқуқ беришса, кўчмас мулкни бошқариш бозори шунчалик тез ривожланади. Бу йўналишда катта ролни хаусмастер ўйнаши мумкин.

 

Қадамба қадам

Хаусмастер ғоясини тўлиқ инкор этишдан бошлаб, уни бирма-бир ҳаётга жорий этиб боришгача бўлган узоқлиги 7 йилга чўзилган йўл Ўзбекистон учун фойдали бўлиши мумкин. 2010 йилга қадар Беларусдаги уй-жой фонди собиқ СССР амалиётига асосан қурилди, ўшанда бу ишлар билан жэклар шуғулланган. Меҳнат самарадорлигининг пасайиб кетганлиги оқибатида охирги йилларда бу тизим умуман ишламай қўйди. Ундан на иш берувчиларга, на яшовчиларга наф тегди, хизмат кўрсатиш сифати тушиб кетди. Биз уй-жой мулкдорлари ва кўчмас мулк объектларини бошқарувчилар учун Уюшмамиз ташкил этилгандан бошлаб (2010 йил) Германиядаги хаусмастер амалиёти ҳақида ахборот ташвиқотини бошлаб юбордик. 2012 йилда Минскда давлат корхоналари раҳбарлари учун уй-жойдан фойдаланиш масалаларига доир халқаро семинар ўтказилди. Тадбирда спикер сифатида «Vegis» бошқарувчилар ва сервис компаниялари гуруҳи (Германия) директори, Кўчмас мулк менежменти халқаро уюшмаси бошқарувининг раиси Вернер Меркель иштирок этди. Аудиториядагилар биргина киши – Германияда бирорта ўқув юрти тайёрламайдиган, лекин уйга хизмат кўрсатишнинг 85 турдаги ишини бажара оладиган хаусмастер борлигидан ҳайратда қолишди. «Бу мумкин бўлмаган иш ва бизда ҳам бу амалга ошмайди», – дейишарди семинар иштирокчилари. – «Бизда бошқача қонунлар ишлайди! Одамларимиз бундай ишлашга қодир эмас».

Босиб ўтилиши лозим бўлган энг мураккаб жараён – бу одамларнинг онгидаги ўзгаришдир. Биз матбуотда хаусмастернинг жамият учун фойдали эканлигини кенг тушунтиришни бошладик. Қарабсизки, бир йил ўтибоқ УЖКХ вазирлиги Таълим вазирлигига мутахассисларни қайта тайёрлаб беришга буюртма берди. Шу тариқа учта касб – сантехник, дурадгор ёки электромонтёр ихтисосликлари асос сифатида олинди. Улар ўқитилгандан кейин хаусмастер касби вужудга келди. Хаусмастерларнинг илк авлоди бизда 2015 йилда учирма қилинди, лекин хатоликлар талайгина эди. Ўшанда ҳатто юқори мансабдор шахслар ҳам ғоянинг мақсадини тузукроқ англаб етмадилар. Ойнаи жаҳон орқали чиқишларда улар киноя қилиб, яқинда машҳур кинофильмдаги Афоняга ўхшаганлар квартирама-квартира юриб, сантехника, электрика ва бошқаларни таъмирлашни бошлайди энди, дейишарди. Биз бу улар айтгандай эмаслигини тушунтирдик. Хаусмастер фақатгина умумий мол-мулкка хизмат кўрсатади. Уй ичидаги ишлар – улар ваколатига кирмайди.

2016 йилда Ишлар ва касбларнинг ягона тариф-малака маълумотномаси янгиланди. Унга ишларнинг янги тавсифи – бино ва иншоотларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича ишчи, халқ тилида қисқа қилиб айтганда хаусмастер деб аталувчи ишчи киритилди. Ана ўша вақтда Минскдаги архитектура-қурилиш коллежи негизида ёшларни ўқитиш учун касбий таълим стандарти ва намунавий ўқув режаси ишлаб чиқилиши ҳамда тасдиқланиши бошланди.

Германияда хаусмастер – бу ҳаётий тажрибага эга бўлган ёши улуғ киши бўлса, Беларусдаги хаусмастерларни асосан ёшлар ташкил этади. Улар ушбу касбнинг талабгирлиги ва истиқболига умид боғлаганлар. Беларусдаги кўп квартирали уй-жой фондининг салмоқли қисми давлат БКлари томонидан бошқарилади. Бюджетда ўқиган битирувчилар йирик давлат компанияларига ишга жойлашади. Коллежда 9-синфдан кейин 3 йилу 9 ой ўқилади. Ишчи мутахассислигига эга бўлган хаусмастерларнинг бир қисми қайта ўқитиш йўли билан тайёрланади. Курсларни тугатгандан кейин улар разряд берилган гувоҳномаларни қўлга киритадилар. Қайта тайёрлаш жараёни хаусмастерларнинг иш фаолияти давомида ҳам олиб борилади.

2017 йилда Беларус Президентининг хаусмастер амалиётини барча кўчмас мулк объектлари, шу жумладан қишлоқ жойларда жорий этиш бўйича топшириғи тайёрланган эди. Бир йил ўтиб – хаусмастер ишини ҳисобга олган ҳолда барча сериядаги кўп квартирали уйлар учун технологик хариталар ишлаб чиқилди. Модомики Беларусь бу йўлни 7 йилда босиб ўтган экан, Ўзбекистон учун бу анча қисқа бўлиши мумкин, сабаби тайёр тажриба бор, мақсадлар шаклланиб бўлган. Ҳозирги кунда Уюшма кўчмас мулк объектларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда маслаҳатчи сифатида иш юритмоқда.

 

Хаусмастерлар борлиги эвазига Беларусда 7 йил давомида ККУга техник хизмат кўрсатиш тарифлари ошмади

Уюшма хаусмастер жамиятга нима учун кераклигини аниқ-тиниқ кўрсата олди. У уйда яшовчилар учун фойдали, БК учун зарур институт эканлигини исботлай олди. УЖКХнинг совет тизимида хаусмастерни жорий этиш ғояси мағлубиятга учраган бўларди. Уюшмамизнинг роли – хаусмастер каттагина маблағларни иқтисод қилиб қолиш имкониятига эга эканлигини кўрсатиш бўлди. Натижада – Беларусда сўнгги 7 йилда ККУга техник хизмат кўрсатиш тарифлари кўтарилгани йўқ, ҳар йили бунга кетадиган харажатлар камайиб борди. Бунда асосий ролни хаусмастер амалиётининг жорий этилиши ўйнади. Уларнинг иши туфайли жорий таъмирлашга харажатлар 2 бараварга қисқарган.

Одамлар уларнинг уйларида доимо иш жойида ўтирадиган, муаммоларни дарҳол бартараф этадиган киши борлигидан кўнгиллари тўқ. Истаган вақтингизда унга қўнғироқ қилишингиз мумкин. Уюшма бу жараёндаги камчиликларни тузатиб борди. Унинг фаолиятида қандай хатоларга йўл қўйилаётгани, уларни қандай тузатиш кераклиги ва ишни қай йўсинда пухта ташкил этиш лозимлигини тушунтирди.

 

Талаб таклифдан ортиб кетди

Бугун беларуслик хаусмастер УЖКХ тизимига бирикиб кетди, ўз вазифаларини яхши билади. Уларга бўлган талаб таклифдан ортиб кетди. Интернетда «талаб қилинади» деган эълонлар ҳамма ёқни босиб кетган. Хаусмастер ўзи иш қидирган ҳолатни кам учратиш мумкин. Қишлоқ жойларда ҳам унинг хизматидан фойдаланиш ўзини оқламоқда. Қаерда бино ва иншоот қад ростлаган бўлса, ўша жойда бу касб эгаларига талаб бор, улар хизматига ҳамма муҳтож.

Беларусь хаусмастерининг ваколат доирасига кўчмас мулк объектига техник хизмат кўрсатишнинг барча жиҳатлари киради, яъни уйни кузатиб бориш, уй бўйича майда ишлар. Бунинг натижасида бошқарувчи маблағларни иқтисод қилишда салмоқли самарага эришаётир. Бундай уста уйда турар жой кўчмас мулкига хизмат кўрсатишнинг энг кичик бўғини ҳисобланади. Юқори малакали мутахассислар юқори касбий даражага, катта маошга эгалар ва улар мураккаб вазифаларни бажаришади. Масалан, кўп миқдордаги симлар, автоматларга эга бўлган электршчит куйган бўлса, хаусмастер бу иш билан шуғулланмайди. Бинобарин, лампочка куйса, розетка, включатель ишдан чиқса, ёритгични илиб қўйиш ёки электршчитдаги 1 та автоматни созлаб қўйиш бўлса, марҳамат – бу иш айнан хаусмастерники. Майда-чуйда ишларга мутахассислар бригадасини чақиртириш бошқарувчи учун манфаатли эмас – иш учун нарх-наво ошиб кетади. Хаусмастер эса арзимаган носозликларни бартараф этади ва ўртача маошга ишлайди. Иш берувчи учун бу жуда қулай ва арзон. Бу ҳам БКга қўл келади. Компания менежери ҳар доим жойида ўтириб уйда нималар содир бўлаётганини назорат қилиши шарт эмас. Бу назоратни хаусмастернинг ўзи қойиллатади.

Хаусмастернинг уқуви етмайдиган ишлар чиққудек бўлса, у бу ҳақда иш берувчини хабардор қилади, шундан сўнг жорий таъмирлаш ишлари бўйича бригадага буюртма юборилади. Хаусмастер мутахассисларни уй бўйлаб олиб юради, сабаби у бу жойларни ипидан игнасигача яхши билади-да: ертўла қандай очилиши, калитни қаердан олиш кераклиги, сув етказиб берилишини ўчириб туриш ва ҳоказолар хаусмастер иштирокисиз бўладиган ишлар эмас. Яъни у уйдаги икир-чикирларни билганлиги учун муаммоларни ҳал этишда кўмаклашади. Бу авария вақтида вақтни тежайди, эҳтимолий зарарни камайтиради ёки олдини олади. Катта ҳажмдаги ишларга давлат БКлари танлов асосида хусусий компанияларни жалб этади.

Иш берувчини уйда юзага келган муаммолардан воқиф этадиган муайян тартиб бор. Менежер бу ҳақда ахборот олгач, жойига чиқмасдан турибоқ вазиятни таҳлил этади ва қарор қабул қилади. Уй бўйича устанинг мажбуриятлари лавозим йўриқномалари, техник кодексда батафсил баён этилган. У жавобгарлик чегарасини, унинг иши қаерда бошланиб, қаерда тугашини яхши билади. БК фаолият туридан келиб чиққан ҳолда бу рўйхатни кенгайтириши ёки қисқартириши мумкин. Жамоат хавфсизлиги билан боғлиқ жиҳатлар ҳам бор. Агар хаусмастер бирор-бир хатарни сезса, лекин бу иш унинг зиммасидаги иш бўлмаса-да, унинг ҳаракатсизлиги оқибатида зарар каттароқ бўлиши эҳтимоли юзага келса, у мазкур ишни ўзи уддалашга ҳаракат қилади.

Беларусда бир хаусмастерга ўртача юклама – 7–8 та уй-жой. Яшовчилар ўз уйдаги усталарини яхши танишади. Уларнинг фотосурати телефон рақамлари ва вазифалари билан бирга кўп қаватли уйлардаги пештахталарга осиб қўйилган. Улар смартфонлар билан юришади, шу туфайли уйда яшовчилар ва бошқарувчи компаниялар билан доимо алоқада бўла олишади.

 

Универсал ишчи

Беларусда ижара уй-жойлари кўп қурилмоқда, шунинг учун ижарага берувчиларга хаусмастерлар хизмат кўрсатаётир. Бошқарувчи ижарачини қидиради, уй устаси эса уларнинг кўчиб келиши-кўчиб кетишини назорат қилади, жойларни кўрсатади, қабул қилади. Ижаранинг намунавий шартномалари унда туради. Мол-мулкка зарар етказилган тақдирда уларни қайд этади, майда носозликларни ижарачининг ҳисобидан созлаб ёки таъмирлаб беради. Мол-мулкка каттароқ шикаст етказилган бўлса, БК менежерини бундан хабардор қилади. Квартираларни сотиш вақтида ҳам менежер хаусмастерни жалб этиши мумкин. Яъни бу универсал ишчининг ёрдамидан ҳатто маъмурий вазифаларни бажаришда ҳам фойдаланса бўлади.

Шунга қарамасдан Беларусда хаусмастернинг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олишаётгани йўқ. Бу ишчиларнинг, ваҳоланки хаусмастер ҳам улар қаторига киради, ҳуқуқлари ҳаддан зиёд ҳимояланганлиги ва тартибга солинганлиги билан боғлиқ масаладир. Германияда бу анча оддий йўлга қўйилган. Иш берувчи хаусмастер билан шартномалашади, у ерда барча вазифалар назардан қочирилмаган. Шу биргина ҳужжат муносабатларни тартибга солади. Беларусда уй устасини фақат унда касб гувоҳномаси бўлган тақдирда ишга қабул қилишлари мумкин. Меҳнат муҳофазаси бўйича инспекция йўналишида чигалликлар кўп. Мана шу чекловлар хаусмастер салоҳиятидан фойдаланишни ортга суриб турибди.

Назаримда, хаусмастер ғоясини олға суришнинг «қадамба қадам» жараёни собиқ совет тузумидаги мамлакатлар учун энг тўғри йўналишдир. Ўзбекистон Германия ва Беларуснинг бу борадаги тажрибасини ўрганган ҳолда ушбу жараённи ўз шароитига тезда ўзлаштира олади. Мен ўзбекистонликларга ҳар турли чекловлар йўлидан бормасдан, оддий ва самимий муносабатларни ўрнатишни маслаҳат бераман. Ишга тўғри ёндашилганда қатъий қонунчилик чекловларисиз ҳам ушбу касбни тараққий эттирса бўлади».

Прочитано: 326 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика