Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 40 / Биз яшайдиган уй

«Мастер» – немисчасига уста дегани

 

Кристиан Томас, Европа уй-жой таълим маркази академиясининг ўқитувчиси (ЕБЦ) Германия, Бохум шаҳри: 

 

«Германияда хаусмастер – бу кўчмас мулкнинг сақловчиси, бошқарувчиси, кузатиб турувчиси, уйнинг хўжаси ва ташриф қоғози деганидир. Одатда, бу ёши улуғ, ҳаётий тажрибага эга киши бўлади. Уйда майда-чуйда муаммолар юзага келган тақдирда биринчи бўлиб унга мурожаат қилишади. Хаусмастерни ё мулкдорлар ёллайди ёхуд бошқарувчи компания. Бундай одам мулкдорлар ёки бошқарувчилар томонидан унга юклатилган, шартномада белгиланган вазифаларни ўз зиммасига олади. Умумий қилиб айтганда, унинг вазифаси – кўчмас мулк объектини назорат қилиш, унинг техник ҳолатини сақлаб туриш, уй атрофидаги ҳудудни кузатиш, тозалик ва хавфсизлик учун жавоб бериш. Хаусмастер доим жойида бўлиши, одамлар кўз ўнгидан узоқлашмаслиги, мулкдорлар, ижарачилар, ишга ёлловчилар ва БК ўртасидаги боғловчи бўғин бўлади. Турар жой мажмуаларида у кўп квартирали уйда истиқомат қилиш қоидаларига риоя этилишини кузатиб боради.

 

Германияда хаусмастер касби мавжуд эмас

Германияда хаусмастерга талаб ўта кучли бўлса-да, лекин бундай касбнинг ўзи йўқ. Ҳеч бир ўқув юртида бундай соҳага ўқитишмайди, аммо бу иш билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун ўқув курслари талайгина. БК биринчи навбатда бу соҳа кишисидан базавий техник таълимни ва коммуникатив малакани талаб қилади. Хаусмастер кўчмас мулк объектида талабгир бўлган ихтисосликлар – сантехник, чилангар, электрик, бўёқчи сингари касблардан бирини эгаллаган бўлиши керак. Ўқув курсларида таълим олгандан кейин малакага эга бўлади ва сертификат олади.

Хаусмастер – кўп квартирали уйда мулкдорлар зиммасига юклатиладиган 17 та эксплуатация харажатларидан бири деганидир. Агар уй мулкдорлари шундай устомон кишини ишга ёллашса, демак унинг гарданига мазкур вазифаларни юклашади.

 

Гапга ҳам уста, келишишга ҳам

Германияда хаусмастернинг иши тобора муҳим ва талабгир бўлиб бормоқда. Сўнгги йилларда унга муносабат ва талаблар ҳам ўзгараётир. Авваллари асосан ишнинг техник жиҳатига – уйдаги умумий мол-мулкнинг созланганлиги, яшашнинг хавфсизлиги, уй атрофидаги ҳудуднинг тозалиги ва батартиблигига урғу берилган. Ҳозир олдинга қўйилаётган вазифалар анчайин салмоқли. Коммуникатив иқтидор: уйда яшовчилар билан мулоқот ўрната олиш ва келишиш, низоларни бартараф этиш, улар билан тил топиша олиш кўникмалари муҳим ҳисобланади. Хаусмастер кўнгли очиқ, самимий инсон бўлиши, одамлар билан суҳбатлашиш, уларнинг ҳар бирини эшитиш, ўзининг бу ишга уқуви ва одамларга ёрдам беришга хоҳиши борлигини исботлай оладиган қобилият эгаси бўлиши лозим. Мулкдорлар ҳам, ўз навбатида, уларнинг уйларида муаммоларни зудликда ҳал этадиган шундай канвойи инсон борлигидан кўнгиллари тўқ бўлиши керак.

Охирги йилларда унинг ишида янги йўналишлар вужудга келди. Сабаби бугунги кундаги турар жой мажмуалари ўзига хос ижтимоий бирлашмага ўхшайди. Бу ерда турли миллат, маданият, ҳар хил ёш ва қизиқишлардаги одамлар истиқомат қилади. Демак уларнинг ҳар бири билан тил топиша олиш, бағрикенглик билан муносабатда бўлиш ва ҳурмат қилиш керак бўлади. Германияда кекса кишилар кўпчиликни ташкил қилади. Бу ҳам ёшлардан кўра қариялар билан мулоқот қилишда ўзига хос ёндашувни талаб қилади. Хаусмастер одамларни эшита олиши, саволлар бериши, уйда яшовчиларни нималар безовта қилаётганини яхши тушуниши керак. Бир сўз билан айтганда, у боғбон, электрик ёки чилангар эмас, балки ўзининг мулоқот қилиш қобилияти билан уйдаги вазиятни ўзгартиришга қодир бўлган одамдир. Германияда биргина БКнинг бошқарувида 400 мингтагача квартира бўлиши мумкин. Ҳар бир яшовчи билан мулоқот қилиш машаққатли иш, лекин хаусмастер бу ишнинг уддасидан чиқади. Шунинг учун хаусмастер уй-жой комплексларини бошқаришда муҳим бўғин ҳисобланади. Шундай мулоқот санъатига эса махсус курсларда ўқитишади.

Мамлакатда фуқароларнинг кўп квартирали уйларда узоқ йиллар истиқомат қилишлари учун шароитлар яратиш ғояси қўллаб-қувватланади. Бунга эса уйларда нафақат фаровон яшаш, балки мунозараларсиз, ўзаро ҳурмат-эҳтиромда истиқомат қилиш муҳити омил бўлади. Ана шу муҳитнинг шаклланишида ўз ишининг устаси бўлмиш хаусмастерларнинг ўрни катта.

 

Вазифалар рўйхати

Германияда кўчмас мулкдан асосан ижара ва уй-жойни ёллаш воситасида фойдаланадилар. Хаусмастер бу жараёнларда ҳам иштирок этади. У томонлар ўртасида шартномалар тузиш соҳасида қонун ҳужжатларидан хабардор бўлиши (бунга уни ўқитишади), квартирани ижарага олаётган шахс билан ижарага берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида тасаввурга эга бўлиши зарур. Уй устаси квартирани янги ижарага олувчига топшириш жараёнларини назорат қилади, олдинги ижарага олганлар томонидан умумий мол-мулкка зиён етказилмаслигини кузатиб боради.

Кейинги йилларда биноларнинг самарали электр энергияси билан таъминланишига талаблар ошиб бораётган экан, бу ҳолат ҳам хаусмастер фаолиятида ўз аксини топди. У умумий уй коммуникациялари, лифтлар қандай ишлаётганини билиши, қурилишлардаги нуқсонларни назорат қилиб бориши лозим. Унинг ишида кўздан кечириш катта аҳамиятга эга. Унинг ваколат доирасига кирмайдиган носозликларни қайд этган тақдирда зудлик билан бу ҳақда БКга хабар бериши керак. Германияда хаусмастернинг бевосита вазифалари доирасига кирадиган ишларнинг аниқ рўйхати мавжуд. Бирор соҳа издан чиққудек бўлса, дарҳол тегишли ихтисосликдаги ташкилотларга хабар беради.

 

Қизиғи шундаки, немис хаусмастерлари уйда яшовчилар билан ҳал этаётган масалаларнинг кўпи бизда ҳам юзага келади. Масалан, уй атрофида автомобилни сақлаш муаммосини олайлик. Бу хавфсизликка таҳдид, яшовчилар учун ноқулайлик туғдирадиган масала. Ёки маиший чиқиндиларнинг ноўрин утиллаштирилиши – одамлар ахлат солинган пакетларни вақтинча эшиклари ёнида қолдиришади. Германиядаги аксарият кўп қаватли уйларнинг балконлари тувакда гуллар билан безатилади. Мабодо у қулайдиган бўлса яшовчилар ҳаётига завф туғдиради. Хаусмастернинг вазифаси – одамлар билан масалаларни низоларсиз, муроса ила ҳал этиш.

 

Ишга махсус ёндашув зарур

Хаусмастернинг одамлар билан мулоқот ўрната билиш қобилияти бошқарувчилар учун ҳам аҳамиятга эга. Шунда яшовчилар ўртасида ортиқча сўровлар ўтказишга эҳтиёж туғилмайди. БК уйларда яшовчилар билан муносабатларни хаусмастерлар орқали ўрнатадилар, худди шундай, яшовчилар ҳам БК билан мулоқотни хаусмастерлар воситасида ўрнатишади. Унинг ишида ўзига хослик бор. Бу ўзига хослик бошқарувчи компаниянинг талабларига боғлиқдир. Масалан, ижтимоий соҳада ёки бизнес тузилмаларда кўчмас мулк объектларига хизмат кўрсатиш уй-жой фондига хизмат кўрсатишдан фарқланади. Ушбу ўзига хосликларни ўзлаштириб олиш учун хаусмастер курслар ва тренингларда ҳам қайта тайёрланиши зарур.

 

Вебинар иштирокчилари хаусмастерликни бизда жорий этиш бошқа давлатлардагидан кўра осон кечиши мумкинлигини қайд этишди. Биринчи навбатда, қўшнилар билан муросаи мадора қилиш, баҳс ва мунозаралардан қочиш ва тинч-тотув яшаш – Шарқ халқларининг анъана ва одоб-ахлоқида бор нарса. Тошкентдаги «MMG Facility Management Group» БК МЧЖ унча катта бўлмаган турар жой комплексида хаусмастер тамойилини қўллайди, бошқарувдаги муваффиятни шу ҳолат таъминлаганлиги ҳам ойдек равшан.

Прочитано: 60 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика