Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 21 / Бухгалтерга тавсиялар

Корхона айланма маблағларини қандай тўлдириш мумкин

 

Хўжалик фаолияти қисқараётган ҳозирги шароитларда харажатларини молиялаштириш учун маблағ етишмаслиги оқибатида кўплаб корхоналар қийин аҳволда қолмоқда. Бундай мураккаб вазиятларда ҳамкор ташкилотларнинг ёрдамидан фойдаланиш мумкин. Бепул ёрдам корхоналар учун айланма маблағларини тўлдириш вариантларидан бири бўлиши мумкин.

 

Бепул ёрдам

Шерикларингиз сизга пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни (асосий воситалар, материаллар, товарлар) бериши, шунингдек бепул хизматлар кўрсатишлари мумкин.

Бепул ёрдам олиш учун ҳадя шартномаси тузилиши зарур, унда қуйидагилар кўрсатилади:

мол-мулк (хизматлар) берилишининг бепуллиги;

берилаётган пуллар суммаси, мол-мулк (хизматлар) рўйхати ва қиймати;

бошқа муҳим шартлар.

 

Беғараз олинган пул маблағлари қандай ҳисобга олинади

Пул маблағларини беғараз олиш чоғида даромад тан олинади ва қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари бажарилади:

5110-«Ҳисоб-китоб счёти», 5210-«Мамлакат ичидаги валюта счётлари» ва бошқа счётлар дебети;

9380-«Текин қайтарилмайдиган молиявий ёрдам» счёти кредити (Йўриқнома, 400-б., 21-сон БҲМСга 2-илова, АВ рўйхат рақами 1181, 23.10.2002 й.).

 

Бепул олинган асосий воситалар қандай ҳисобга олинади

Бепул олинган АВнинг бошланғич қиймати сифатида уларнинг ҳисобга қабул қилинган санадаги жорий қиймати – олиш билан боғлиқ харажатларни инобатга олган ҳолда тан олинади (5-сон БҲМС, 15-б., АВ рўйхат рақами 1299, 20.01.2004 й.).

Жорий қиймат – бу ҳисобга қабул қилиш санасидаги амал қилаётган бозор нархлари бўйича АВнинг қиймати (5-сон БҲМС, 3-б., «е» кичик б.).

Қуйидагилар АВни бепул олиш билан боғлиқ харажатлар бўлиши мумкин:

божхона божлари ва йиғимлари;

АВни сотиб олиш муносабати билан солиқлар суммалари, агар улар қопланмаса;

етказиб бериш қиймати;

монтаж қилиш ва созлаш қиймати;

давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича харажатлар;

бошқа харажатлар (5-сон БҲМС, 11-б.).

Ускунани монтаж қилиш харажатларини монтаж қилиш ким томонидан – ўз ходимларингиз ёки ташқи ташкилотлар амалга оширишидан қатъи назар, АВнинг бошланғич қийматига киритинг.

Қуйидагиларни бошланғич қийматига киритманг:

банк хизматлари, ўтказмалар учун банкка воситачилик ҳақи тўлаш;

шартномани тайёрлаш ва рўйхатга олиш харажатлари (5-сон БҲМС, 11-б.).

 

Агар кўчмас мулк ёки автотранспорт воситаси бепул олинган бўлса, олувчига уларга бўлган мулк ҳуқуқи фақат битим давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин ўтади.

Бепул олинган АВ қиймати:

бухгалтерия ҳисобида 8530-«Текинга олинган мулк» счётида ҳисобга олинади;

2-сон шакл «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот»да даромад сифатида акс эттирилмайди (2-сон илова, АВ рўйхат рақами 1209, 24.01.2003 й.).

 

Мисол. Бухгалтерия ҳисобида бепул олинган АВни акс эттириш 

ҚҚС тўловчи бўлмаган корхона ҳадя шартномасига асосан қиймати ҳадя қилувчининг ҳисобварақ-фактурасида 35 млн сўм миқдорида кўрсатилган тиббиёт ускунасини олди. Ушбу қиймат ҳадя қилиш санасидаги амал қилаётган бозор нархларига тўғри келади. Етказиб бериш ва монтаж қилиш учун олувчи ташқи ташкилотга 5 млн сўм тўлади. Ускуна АВни тан олиш мезонларига тўғри келади. Олинган тиббиёт ускунаси 40 млн сўм (35 + 5) миқдордаги бошланғич қиймат бўйича ҳисобга олинади.

 

Бухгалтерия ҳисоби

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Суммаси, млн сўм

 

Дебет

 

Кредит

 

1

 

Ускуна бепул олинди

 

35

 

0820 «Асосий воситаларни харид қилиш»

 

8530 «Текинга олинган мулк»

 

2

 

Ускунани етказиб бериш ва монтаж қилиш харажатлари акс эттирилди

 

5

 

0820 «Асосий воситаларни харид қилиш»

 

6010 «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

3

 

Ускуна фойдаланишга топширилди

 

40

 

0130 «Машина ва асбоб-ускуналар»

 

0820 «Асосий воситаларни харид қилиш»

 

 

 

Бепул олинган ТМЗ қандай ҳисобга олинади

Бепул олинган материаллар ёки товарлар товар-моддий захираларга (ТМЗ) киритилади.

ТМЗ уларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасидаги жорий қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланадиган таннархи бўйича ҳисобга олинади (4-сон БҲМС, 19-б., АВ рўйхат рақами 1595, 17.07.2006 й.).

ТМЗни олиш билан боғлиқ бўлган харажатлар ҳам уларнинг таннархига киритилади. Бундай харажатларга қуйидагилар киритилади (4-сон БҲМС, 13, 24-б.б.):

божхона божлари ва йиғимлари;

ТМЗни олиш билан боғлиқ бўлган солиқлар суммалари, агар улар қопланмаса;

сертификатлаш ва синаш бўйича харажатлар;

транспорт-тайёрлов ва бошқа харажатлар.

Бепул олинган ТМЗ қиймати:

бухгалтерия ҳисобида 8530-«Текинга олинган мулк» счётида ҳисобга олинади;

2-сон шакл «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот»да даромад сифатида акс эттирилмайди.

 

Мисол. Бепул олинган ТМЗни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш

ҚҚС тўловчи корхона ҳадя шартномасига асосан қиймати ҳадя қилувчининг ҳисобварақ-фактурасида 23 млн сўм, шу жумладан ҚҚС – 3 млн сўм миқдорида кўрсатилган хом ашёни олди. Ушбу қиймат ҳадя қилиш санасидаги амал қилаётган бозор нархларига тўғри келади.

Хом ашёни етказиб бериш учун олувчи ташқи ташкилотга 3,45 млн сўм, шу жумладан 0,45 млн сўм ҚҚС тўлади. Бепул олинган мол-мулк бўйича ҚҚС ҳисобга олинмайди (СК 267-м., 1-қ., 6-б.), етказиб бериш хизматлари бўйича тўланган ҚҚС эса барча ҳисобга олиш шартларига риоя қилинган тақдирда ҳисобга олиниши мумкин (СК 266-268-м.м.).

Олинган хом ашё 26 млн сўм (23 + 3,45 – 0,45) миқдордаги таннарх бўйича ҳисобга олинади.

 

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Суммаси, млн сўм

 

Дебет

 

Кредит

 

1

 

Хом ашё бепул олинди

 

23

 

1010 «Хом ашё ва материаллар»

 

8530 «Текинга олинган мулк»

 

2

 

Хом ашёни етказиб бериш харажатлари акс эттирилди

 

3

 

1010 «Хом ашё ва материаллар»

 

6010 «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

3

 

Хом ашёни етказиб бериш бўйича ҚҚС суммаси акс эттирилди

 

0,45

 

4410 «Бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бўнак тўловлари (турлари бўйича)»

 

6010 «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

 

Бепул олинган хизматлар қандай ҳисобга олинади

Шерикларингиз сиз учун ҳар қандай бепул хизматлар кўрсатишлари ва ишларни бажаришлари мумкин, башарти улар қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бўлса, мисол учун таъмирлаш хизматлари, қурилиш-монтаж ишлари ва бошқалар.

Бошқа шахсларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган маҳсулотларни (моддий ёки номоддий) ишлаб чиқаришга доир тадбиркорлик фаолиятининг турлари, шунингдек бошқа шахслар учун бажариладиган ишлар солиқ солиш мақсадида хизматлар деб эътироф этилади (СК 45-м., 8-қ.).

Фикримизча, бепул олинган хизматлар қиймати олувчида бухгалтерия ҳисобида ҳам, 2-сон шакл «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот»да даромад сифатида ҳам акс эттирилмайди, бироқ уларни бепул олиш солиқ оқибатларига сабаб бўлади. Бироқ, агар хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) натижасида моддий объект – асосий восита ёки бошқа мол-мулк ҳосил бўлса, уни жорий қиймати бўйича кирим қилиш зарур.

 

Бепул олинган ёрдамнинг солиқ оқибатлари 

 Қўшилган қиймат солиғи

Бепул олинган мол-мулк (хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди, бундан олувчи улар бўйича солиқ тўлаган ҳоллар мустасно (СК 267-м., 1-қ., 6-б.).

Масалан, агар сиз импорт бўйича бепул мол-мулк олган ва божхона тўловлари таркибида ҚҚС тўлаган бўлсангиз, тўланган солиқ суммасини барча ҳисобга олиш шартларига риоя қилган тақдирда ҳисобга олишингиз мумкин (СК ­266-268-м.м.).

 

Фойда солиғи

Бепул олинган мол-мулк (хизматлар) қиймати бозор қиймати бўйича жами даромадга киритилади (СК 297-м., 3-қ., 10-б., 299-м.).

Бозор қийматини ҳужжат билан тасдиқланг. Қуйидагилар тасдиқнома бўлиши мумкин:

юклаб жўнатишга, етказиб беришга ёки топширишга доир ҳужжатлар;

маҳсулот етказиб берувчиларнинг нархга доир маълумотлари (прайс-варақлар);

оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;

биржа хабарлари;

давлат статистика органларининг маълумотлари.

Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бепул олинган мол-мулк ва хизматлар даромад сифатида ҳисобга олинмайди (СК 304-м., 8-б.).

 

Айланмадан олинадиган солиқ

Бепул олинган мол-мулк (хизматлар)нинг бозор қийматини жами даромад таркибида солиқ базасига киритинг (СК ­463-м., 1-қ.).

Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бепул олинган мол-мулк ва хизматлар даромад сифатида ҳисобга олинмайди (СК 304-м., 8-б.).

 

Мол-мулк солиғи ва ер солиғи

Мол-мулк солиғи кўчмас мулк – давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва бошқалар бепул олинганда тўланади (СК 411-м.).

Агар сизнинг корхонангиз мол-мулк соғлиғи тўловчиси бўлса, йил давомида кўчмас мулк бепул олинган тақдирда солиқ органларига мол-мулк солиғи суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотномани тақдим этинг (СК 417-м., 7-қ.). Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун бўнак тўловларига солиқнинг ўзгарган суммасига тенг улушларда тузатишлар киритинг.

Бинога, иншоотга ёки бошқа кўчмас мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқ ўтган тақдирда, ушбу объектлар билан биргаликда мазкур объектлар жойлашган ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади (Ер кодекси, 22-м.).

Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи йил мобайнида ўтган ер участкалари бўйича ер солиғини тегишли ҳуқуқ вужудга келганидан кейинги ойдан эътиборан ҳисоблаб чиқаринг (СК 427-м., 2-қ.).

Солиқ базасида йил давомида ўзгариш бўлганда бир ойлик муддат ичида солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этинг. Қишлоқ хўжалиги экинзорларининг умумий майдонида ва таркибида ўзгаришлар юз берганда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини жорий йилнинг 1 декабрига қадар тақдим этинг (СК 431-м., 3, 4-қ.қ.).

 

Ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми 2020 йилнинг I чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50%дан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғини фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилган (3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармон, 6-б.).

Олег ЦОЙ,

 «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 636 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика