Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 18 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш вазирлик зиммасида

 

Президентнинг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш тўғрисидаги қарори (28.04.2020 йилдаги ПҚ-4699-сон, ҳужжатнинг матни «Норма маслаҳатчи» газетаси ушбу сонининг ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда) қабул қилинди. 

 

Ҳужжат билан қуйидаги мақсадли йўналишлар белгиланди:

  • рақамли иқтисодиётни жадал шакллантириш – 2023 йилга келиб унинг мамлакат ЯИМдаги улуши 2 бараварга кўпайиши керак;
  • рақамли инфратузилмани тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий IT-хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш – ­2020–2021 йилларда барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллалар юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланади ҳамда алоқа хизматлари сифати оширилади;
  • электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш – 2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улуши 60%гача етказилади;
  • дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва технологик майдончалар яратиш орқали «рақамли тадбиркорлик»ни ривожлантириш – 2023 йилга келиб ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 бараварга ошириш ва уларнинг экспортини 100 млн долларга етказиш зарур;
  • 2022 йилга қадар барча ҳудудларда рақамли билимларга ўқитиш марказлари очилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди. Ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг лойиҳалари ва техник ҳужжатлари ҳамда НҲҲлари лойиҳаларини мажбурий экспертизадан ўтказиш унинг ваколатига киради (крипто-активлар ва блокчейн технологиясини жорий этиш бўйича ваколатлар ЛБМАда сақлаб қолинди). Шу муносабат билан вазирлик тизимида ўзгаришлар рўй берди.

Биринчидан, унинг ҳузурида муайян вазифаларга эга бўлган иккита соҳага оид марказ ташкил этилди.

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази

 

Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази

 

  • электрон ҳукуматни ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни таъминлаш;
  • давлат органлари ва ташкилотларида рақамли ривожланишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомининг ягона идоралараро электрон тизимини жорий этиш;
  • электрон ҳукумат соҳасидаги лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш босқичларини мувофиқлаштириш.
  • иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқаришга рақамлаштириш жараёнларининг таъсирини баҳолаш;
  • экспертлар ҳамжамияти билан ҳамкорликда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасида янги йўналишлар ва замонавий технологияларни чуқур ўрганиш орқали уларни давлат органлари ва ташкилотларида кенг жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • иқтисодиётнинг турли тармоқларида «ақлли» ва бошқа истиқболли технологияларни, шунингдек, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишловчи технологияларни жорий этишнинг концептуал ва услубий асосини шакллантириш.

 

Иккинчидан, марказий аппарат тузилмасида (ходимларининг умумий чекланган сони доирасида):

  • аграр соҳани жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалаларига масъул бўлган вазир ўринбосари лавозими киритилди;
  • Аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ва Геоахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси ташкил қилинди.

Учинчидан, «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор UZINFOCOM» МЧЖдаги давлат улуши ва вазирлик ташкилий тузилмасидаги хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ўтказиб берилади.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш учун махсус ҳисобрақам очилади. Унга:

  • уяли алоқа компаниялари томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммасининг (ойига 2 000 сўм) тақсимлангунига қадар бўлган 35%и. Қолган сумма белгиланган тартибда тақсимланади;
  • ЯИДХП орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва барча турдаги тўловларнинг 11,25%и, шунингдек, Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўланган давлат божлари ва бошқа тўловлардан тушадиган маблағларнинг 0,5%и;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар келиб тушади.

Давлат органлари ва ташкилотларига ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, жорий этиш, интеграция қилиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича умумий қиймати 1 млрд сўмгача бўлган битта шартнома доирасида танловларни фақат IT-технопарки резидентлари ўртасида ўтказишга рухсат берилди.

Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида ишлатиладиган барча ахборот тизимлари ва ресурсларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги фақат «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали амалга оширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.04.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

ДХШ лойиҳаларини амалга оширишнинг ягона тартиби тасдиқланди

 

ДХШ лойиҳалари бўйича маҳсулотларга нархларни шакллантириш ва тасдиқлаш механизми белгиланди (ВМнинг 26.04.2020 йилдаги 259-сон қарори).

 

«Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш механизми қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

  • лойиҳани ташаббус қилиш, ишлаб чиқиш ва хусусий шерикни танлаш;
  • лойиҳани дастлабки баҳолаш;
  • лойиҳанинг концепциясини тайёрлаш;
  • амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ҳисобот;
  • ДХШ лойиҳаларининг реестрини юритиш.

Давлат шериги таклиф этилаётган ДХШ лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш мақсадида уни дастлабки баҳолашдан ўтказади. Бунинг учун лойиҳанинг муайян мезон ва шартларга мувофиқ бўлиши текширилади. Натижалар ижобий бўлган тақдирда лойиҳани ташаббус қилиш ва тайёрлаш амалга оширилади.

Лойиҳани ташаббус қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • лойиҳанинг концепциясини ишлаб чиқиш, баҳолаш, келишиш ва тасдиқлаш;
  • ваколатли давлат органи томонидан концепцияни кўриб чиқиш ва маъқуллаш;
  • келишиб олинган концепциянинг давлат шериги ёки Ҳукумат томонидан тасдиқланиши;
  • лойиҳанинг концепциясини ваколатли давлат органи томонидан ДХШ лойиҳаларининг реестрига киритиш.

ДХШ лойиҳалари бўйича нархлар (тарифлар)ни асослантирувчи маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш харажатлари Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан белгиланади.

Монопол маҳсулотлар ёки табиий монополиялар маҳсулотларига нархлар (тарифлар) Молия вазирлиги ва унинг топшириғи бўйича молия бошқармалари томонидан давлат шеригининг ёзма мурожаати асосида тасдиқланади ёки Президент қарорларига мувофиқ муайян товарлар турларига белгиланган ёки чекланган нархлар (тарифлар) ва устамалар кўринишида белгиланади. ДХШ лойиҳалари бўйича қолган маҳсулот (ишлар, хизматлар) нархлари давлат шериги томонидан хусусий шерик билан келишилган ҳолда белгиланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 27.04.2020 йилдан кучга кирди. 

 

 

 

ЭҲНАТни жорий этиш жадаллаштирилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 27.04.2020 йилдаги 260-сон қарори билан Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тасдиқланди (ҳужжатнинг матни «Норма маслаҳатчи» газетаси ушбу сонининг ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда).

 

Ҳужжатда қайд этилганидек, маҳаллий компаниялар – «Toshelectroapparat» МЧЖ ва «Elektron Хisoblagich» МЧЖдан 2,1 млн дона электр ҳисоблагичлар харид қилиниб, республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ўрнатилмоқда. Бироқ асбоб-ускуналар учун тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилмай қолганлиги натижасида етказиб берувчилар олдида жами 636,9 млрд сўм миқдорида қарздорлик юзага келган.

Шу муносабат билан «Ўзинжиниринг» РЛИ томонидан ишлаб чиқилган Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (ЭҲНАТ) жорий этиш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини қайта кўриб чиқиш вақти келди. Энди қуйидагилар лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифалари бўлади:

  • республика бўйича истеъмол қилинадиган электр энергиясини тўлиқ ҳисобга олишнинг ҳамда электр энергиясининг технологик сарф меъёрларини белгилашнинг шаффоф тизимини ўрнатиш;
  • қарздор истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беришни тўхтатиш ҳамда электр тармоқларига ноқонуний уланган истеъмолчиларни аниқлаш;
  • истеъмолчилар гуруҳлари кесимида йиллик, ойлик ва кунлик истеъмол қилиш «хулқ-атвори»ни (consumer behaviour) таҳлил қилиб бориш ва ушбу таҳлиллар натижасида республика энергия тизимининг ишлаш режимини энг самарадор тарзда шакллантириш;
  • электр энергиясининг табақалаштирилган тарифларини қўллаш учун зарур бўлган аниқ маълумотлар билан таъминлаш;
  • электр тармоқларининг ишлаш режимларидаги нуқсонларни, шу жумладан электр энергиясининг технологик сарфининг меъёрдан ортиб кетиш ҳолатларини аниқлаш.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг (ҲЭТ) мавжуд биллинг тизими ўрнига ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳаси доирасида замонавий электр энергияси ҳисобини юритиш, таҳлил ва прогноз қилишнинг комплекс дастурий таъминоти барпо этилади. Янги биллинг тизимини 2022 йилнинг июнь ойига қадар ишга тушириш режалаштирилмоқда.

10 кун муддатда Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги билан электр энергетика соҳасидаги «ислоҳотлар матрицаси» келишилади ва ижроси бўйича «йўл харитаси» тасдиқланади.

«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасини молиялаштириш учун ҲЭТга 1 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли тўлов даври билан йиллик 7% устама тўлаш шарти асосида 30 млн eвро миқдорида кредит ажратади.

Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасининг дастлабки молиявий параметрлари;
  • лойиҳани молиялаштирилиши учун ажратиладиган маблағлар миқдори;
  • лойиҳа бўйича режалаштирилган чора-тадбирларини амалга ошириш графиги. Хусусан, жорий йилнинг 30 майига қадар маълумотларни қайта ишлаш маркази ишга туширилади ва электр ҳисоблагичлар ва қўшимча асбоб-ускуналарни харид қилиш учун молиялаштириш очилади. Ҳисоблагичларни ўрнатиш ишларини 2021 йил 1 июлга қадар, уларни ЭҲНАТга улаш ишларини эса 2021 йил 1 сентябрга қадар якунлаш кўзланмоқда.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 28.04.2020 йилдан кучга кирди. 

 

 

 

Оилавий пудрат учун тутзорларни олиш қоидалари

 

Тегишли тартиб қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғи билан тасдиқланди (АВ томонидан 27.04.2020 йилда 3230-сон билан рўйхатдан ўтказилган). 

 

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг бошида «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ҳудудий «Агропилла» МЧЖга тегишли бўлган тутзорларни тажриба синов тариқасида аҳолига оилавий пудрат асосида 1 гектардан 3 гектаргача тақсимлашга қарор қилинган (17.01.2020 йилдаги ПҚ-4567-сон қарор). 1 ноябрга қадар тажриба синов натижаларига асосан бундай амалиётни барча ҳудудларда жорий этиш бўйича таклифлар киритилади.

Тутзорлар «Агропилла» МЧЖ томонидан хоҳиш билдирган оилаларга пилла етиштириш мавсуми бошланишидан олдин танлов асосида ажратиб берилади. Танлов комиссияси «Агропилла» МЧЖ ходимлари жумласидан ташкил этилади. Оила бошлиғи ёки оиланинг вояга етган бошқа аъзоси маҳаллий ОАВда танлов эълон қилингандан кейин бир ой ичида комиссияга ёзма ёки электрон шаклда ариза билан мурожаат қилади. Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

  • меҳнатга лаёқатли доимий иш жойига эга бўлмаган оила аъзолари сони ҳақида;
  • тутзорларга ишлов бериш ва тут ипак қуртини парваришлаш учун зарур билим ва тажрибаси ҳамда талабгорда тут ипак қуртини парваришлаш учун зарур бино ва иншоотлар ҳамда шарт-шароитлар мавжудлиги ҳақида.

Талабгорлар айнан шу мезонлар бўйича баҳоланади. Аризалар 7 кун муддатда, зарур ҳолларда жойига бориб ўрганган ҳолда кўриб чиқилади.

Комиссия ижобий қарор қабул қилган тақдирда оилага тутзорлар 1 гектардан 3 гектаргача ва 5 йил муддатга фойдаланиш учун ажратилади. «Агропилла» МЧЖ раҳбари ва талабгор ўртасида оилавий пудрат шартномаси тузилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

  • тутзорлардан фойдаланиш шартлари;
  • тут дарахтларининг барг ҳосилдорлиги, ерни мелиоратив ҳолати, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар;
  • етиштириладиган тирик пилла маҳсулотининг микдори ва сифати, унга ҳақ тўлаш ва уни сотиш шартлари;
  • сув ва моддий-техника ресурслари билан оилавий пудратчини таъминлаш ва ҳ.к.

Етиштирилган пилла ҳосилини сотишдан ташқари тутзорлар орасига қўшимча экинлар экиш орқали олинадиган даромадлар етиштирувчиларнинг ўзида қолади. Шунингдек, уларга тутзорларни янгилаш учун тут кўчатлари ва пилла мавсумларида ипак қурти уруғи бепул етказиб берилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 27.04.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 384 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика