Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 36 / Божхона

Божхона контрабандага қарши курашишга доир ҳисобот берди

 

Яқинда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида Давлат божхона қўмитасининг «Божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг контрабандага қарши курашиш соҳасида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш бўйича чоралар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 

Божхона маъмуриятчилигида илғор ва инновацион усулларни жорий этиш бошқармасининг бошлиғи Фарҳод ОЛИМЖОНОВ божхона хизмати бўлинмаларининг тезкор ишлари якунлари ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш, товарларни ноқонуний айланмаси билан боғлиқ иқтисодий жиноятларни бартарф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди.

 

Тезкор тадбирлардан

ДБҚ Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармасининг ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида «Наманган–Тошкент» йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган, фуқаро Ш.Д. бошқарувидаги «Isuzu» русумли юк автомобили белгиланган тартибда тўхтатилади ва кўздан кечирилади.

Кўздан кечириш натижасида машинанинг юк солинадиган қисмида 220 та коробкага жойлаштирилган қарийб 3 500 кг Аргентина лимонлари борлиги аниқланди. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра 200 млк сўмлик бу товарлар аллақандай Ю.Г. га тегишли эканлиги ­маълум бўлди.

Ҳозирги вақтда аниқланган бу ҳолат бўйича божхона текшируви олиб борилмоқда.

 

2020 йилнинг ўтган даврида 5 мингдан ортиқ контрабанда ва божхона қонун ҳужжатлари бузилиши далилларига чек қўйилди. Натижада 154,6 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар олиб қўйилган. 265 ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилган, 4 517 далиллар бўйича эса маъмурий санкциялар қўлланилди.

Божхона органларининг статистикасига кўра, товарларни декларацияламаслик ёки уларни нотўғри декларациялаш божхона иши соҳасида энг кўп учрайдиган маъмурий ҳуқуқбузаликлардан ҳисобланади. Аниқланган бундай далиллар билан 102,2 млрд сўмлик қўшимча божхона тўловлари ундирилган.

Мустақил равишда ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар давомида 31,1 кг кучли таъсир этувчи гиёҳванд моддалар ва 2 140 туп таркибида наркотик моддаси бўлган ўсимликлар, 239,8 мингта психотроп таблеткалар, 19 бирликдаги қурол, 57 та патрон, 10 млрд сўмлик қийматдаги тиббий мақсаддаги ашё ва дори-дармон воситалари, 31,7 кг қимматбаҳо тошлар ва металлардан ясалган буюмлар, 24,4 млрд сўмлик тамаки маҳсулотлари, 1,5 млрд сўмлик валюта қимматликлари олиб қўйилган.

Тезкор тадбирлар якунлари бўйича контрабанда каналлари фош этилди, йирик туркумдаги товар-моддий қимматликларни ноқонуний олиб ўтиш мақсадидаги уюшган жиноят гуруҳлари ва алоҳида шахсларнинг фаолиятига чек қўйилди. Соҳа тили билан айтганда, чегарадош ҳудудлардан келтирилиб, контрабанда товарларини вақтинча сақлаш учун мўлжалланган «яма»лар аниқланиб, улардан 7,9 млрд сўмлик қийматдаги товарлар олиб қўйилган.

Шу билан бирга қўлбола усулда сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқаришга «ихтисослашган» 5 та яширин цехнинг фаолиятига нуқта қўйилди ва улардан 419,1 млн сўмлик товар-моддий қимматликлар олинди.

 

Тезкор тадбирлардан

ДБҚнинг Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда «Бобур» ТИФ божхона пости ҳамкорлигида яқинда вилоятдаги МЧЖлардан бирининг номига келтирилган «Синтетик комплекс иплардан тайёрланган газлама» товари божхона кўригидан ўтказилди.

Кўздан кечирув давомида маълум бўлишича, юклар орасида божхона декларациясида кўрсатилмаган, яъни божхона назоратидан яширилган ортиқча газламалар ҳам бор экан.

Айни вақтда умумий қиймати 1,13 млрд сўмни ташкил этувчи газламалар ҳуқуқбузарлик далилига божхоначилар томонидан аниқликлар киритилгунга қадар вақтинча сақлашга олиб қўйилди.

 

ТИФда криминал услубларга қарши курашиб…

Маълумки, Президентнинг 5.06.2020 йилдаги ПФ-6005-сон Фармони билан 2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси (1-илова) тасдиқланди. Концепцияда контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш жабҳасидаги асосий йўналишлар акс эттирилди. Шулар ҳақида ДБҚ Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармасининг бошлиғи Акрамжон ­АХЛИМИРЗАЕВ сўзлаб берди.

Ҳозирги вақтда ДБҚ автоматлаштирилган ахборот тизимларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимига интеграциялаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад – божхона иши соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни республиканинг ҳуқуқ-тартибот ва бошқа органларининг ягона марказлаштирилган ахборот тизимида тезкор рўйхатдан ўтказилишини ­таъминлашдан иборат.

Эҳтимолий жиноятлар ва божхонага оид қонун ҳужжатларининг бошқача тарзда бузилиши, содир этилган ёки айни пайтда юз бераётган ҳуқуқбузарликлар, коррупция хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги хабарларни тезкор етказиш мақсадида куну тун ишлайдиган тезкор алоқа телефони ДБҚ ва ҳудудий бошқармаларда хизматга шай қилинган.

Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш ва аниқлаш, шунингдек божхонага оид қонун ҳужжатларининг бузилиши, коррупция ҳолатлари билан боғлиқ далилларни фош этишда кўмак бераётган шахсларни рағбатлантириш дастаклари самарали ишлаб келмоқда.

«Bojxona qoidalarining buzilishi» ААТда божхона соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни қайд этадиган ҳамда ушбу ҳуқуқбузарликлар бўйича электрон шаклда иш юритувини амалга оширадиган модуль ишлаб чиқилмоқда.

Декларантга БЮДни тўлдираётганда божхона тўловларига таъсир кўрсатмайдиган хатоликларни тузатиш ҳуқуқи берилди.

Идоралараро ва халқаро ҳамкорлик доирасида электрон маълумотлар алмашиш ишлари ривожлантирилмоқда ва кенгайтирилмоқда. Дарвоқе, ҳозирги вақтда Россия Федерацияси ва Қозоғистон божхона хизматлари билан ахборот алмашинуви фаол йўлга қўйилган.

«Рақамли божхона» тамойили асосида божхона постлари фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Божхона аудити

Пост-аудит механизмини шакллантириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида ДБҚ Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармасининг бошлиғи Улуғбек ­ТЎЙЧИЕВ сўзлаб берди.

Ҳозирги вақтда назорат тадбирларини ўтказишда чегарадан товар муомалага киритилгандан кейинги босқичга кўчиришга катта эътибор берилмоқда ва бу тизим 2021 йилнинг 1 январидан тўлиқ ишга тушади. Бу товарнинг божхона расмийлаштирувини тезлаштириш ва юклар оқимини кўпайтиришдан ташқари, бизнес ва божхона ўртасидаги ўзаро муносабатларн и янги форматга чиқаради.

Мазкур иш юритуви ҳалол бозор рақобатини ривожлантиришга қаратилган. Масалан, агар сиз виждонли импортчи бўлсангиз, ишларингизда тўсқинликка учрамайсиз, лекин агар ҳуқуқбузарликка мойиллигингиз бўлса, албатта постдаги назоратнинг назарига тушасиз. Энди бу ерда инсон омили ишламайди, балки ишни ахборот технологиялари бажаради. Мазкур тизим ишга тушиши билан хуфиёна иқтисодиётнинг қисқаришига ва инсофли ТИФ иштирокчилари учун қулайликлар яратилишига эришилади.

Божхона органлари божхона аудитини ўтказиш ҳуқуқига эга бўладилар, яъни эркин муомалага чиқариш божхона режимидаги товарлар текширилади. Айни вақтда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳалари устида иш олиб борилаётир. Божхона аудити тўғрисидаги низом лойиҳаси, шунингдек «Божхона аудити» автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилган.

 

Тезкор тадбирлардан

ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасининг контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари «Трамадол» психотроп дори воситасининг ноқонуний олиб киритилишига бўлган уринишнинг йўлига ғов бўлишди. Мазкур восита Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхатига (ВМнинг 12.11.2015 йилдаги 330-сон қарорига 5-илова) киритилгандир.

Олинган тезкор маълумот асосида «Тошкент–Нукус» йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган, А.А. бошқарувидаги «Isuzu» русумли юк автомобили белгиланган тартибда тўхтатилиб, кўздан кечирилади.

Текширувда машинанинг салонида салқин ичимликларга мўлжалланган пластик бутилкаларга тўлдирилган 746 та Трамадол таблеткалари мавжудлиги маълум бўлди. Текширув давомида қўлга тушган препаратлар фуқаро Р.Р.га тегишли эканлиги аниқланди.

Ҳозирги вақтда мазкур ҳуқуқбузарлик далили бўйича терговдан олдинги ҳаракатлар бошлаб юборилган.

 

Амалдаги Божхона кодексининг устида ишлаш жараёнида унинг лойиҳасида божхона аудити тўғрисидаги нормалар мавжуд эди, лекин хатарларни бошқариш тизимларини амалга ошириш дастаклари аниқ бўлмаганлиги боис бу нормаларни жорий этишга бироз вақт борлиги аён бўлди. Бугунги кунга келиб хатарларни бошқариш тизимлари божхона органлари томонидан тўлиқ қўлланмоқда, шу туфайли маъмурий тўсиқларни бирмунча пасайтиришга имкон туғилди, ўзини оқламаган туриб қолишлар қисқарди ҳамда божхона тозалови ишлари тезлашди. Бунга олиб кирилаётган юкларни божхона назорати шаклининг йўлакларга ажратадиган тизимини қўллаш ёрдамида тартиб-таомилларни соддалаштириш орқали эришилди.

Божхона аудити тартиб-таомили ҳам хатарларни бошқариш тизими ҳамда «зангори» йўлак орқали ҳаракатланаётган ва эркин муомалага шартли чиқарилган товарларни самарали назорат қилишга асосланади. Юклар автоматлаштирилган дастур ёрдамида расмийлаштирилади ва инсон омили аралашмаган ҳолда қисқа муддат оралиғида муомалага чиқарилади. Шундан сўнг «Божхона аудити» дастури таҳлил усули билан хатар объектини танлаб олади ва божхона кўригига топшириқ беради.

Импорт бўйича товар айланмаси кўпайганлиги муносабати билан товарларнинг божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва кейинчалик ЎзР ҳудудида айланиши иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдиган шарт-шароитларни барпо этиш ўта муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Божхона операцияларини амалга ошириш вақтини қисқартириш ва пировардида ташқи савдони ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида узлуксиз назорат тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Божхонадан кейинги назорат тадбирлари ана шу мақсадга эришишда асосий дастаклардан бўлади.

Дарвоқе, Божхона маъмуриятчилигида илғор ва инновацион усулларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод ОЛИМЖОНОВ назорат тадбирларини ўтказишда ДБҚ ва ДСҚ ўзаро самарали ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиб олишганини таъкидлади. Ахборот тизимлари ривожланган сари бу ҳамкорлик янада самарали тус олиб бораверади.

Мамлакатимиз божхона аудитининг асосий йўналишлари бугунги кунда АҚШ, Россия, Япония ва Европа Иттифоқи мамлакатларининг тажрибаси асосида белгиланади. Яъни божхона аудити ҳуқуқбузарликлар статистикасини ўрганиш ва хатарларни бошқариш тизимига асосланади. Бу йўналишларни тахминан қуйидагича тасвирлаш мумкин: товарларнинг тариф таснифлагичи аудити, товарларнинг келиб чиқиши аудити, божхона божларининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланганлиги, товарлар божхона қийматининг аниқлиги таҳлили ва ҳисоб-китоби, товарлар божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартиб-таомилларидан фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг аудити.

Ф.Олимжоновнинг қайд этишича, божхона аудити ваколатли иқтисодий операторларга нисбатан амалга оширилмайди, сабаби улар ташқи савдонинг инсофли иштирокчилари тоифасига киритилган. Ҳозирги вақтда 28 та ваколатли иқтисодий операторлар рўйхатдан ўтган. Божхона идораси мутахассиси Вазирлар Маҳкамасининг «Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (24.08.2020 йилдаги 500-сон) билан мазкур мақом бериладиган юридик шахсларнинг рўйхати кенгайтирилганини таъкидлади. Олдинлари бу мақомни импортчи ва экспортчилар олган бўлса, эндиликда божхона инфратузилмаси, логистика, транспорт ва экспедиторлик компаниялари ва ташқи савдо операцияларининг бошқа иштирокчилари ҳам бу мақомни олишга даъвогарлик қила олади.

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 199 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика