Ходим 20.02.2020 йилда ишга қабул қилинган ва 26.05.2020 йилда ишдан бўшатиляпти. Бунда у 30.03.2020 йилдан 22.05.2020 йилгача иш ҳақи сақланмайдиган ҳолда бериладиган таътилда бўлган.
Мазкур ҳолатда фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблашда ходимнинг корхонадаги иш стажи қандай ҳисобланади?
– Сизнинг ҳолатда фойдаланилмаган таътил учун компенсация ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ходимнинг корхонадаги иш стажига қуйидагилар киритилади (МК 142-м.):
l ходим ҳақиқатда ишлаган вақти;
l иш ҳақи сақланмаган ҳолда икки ҳафтагача бўлган муддатга бериладиган таътил даври.
Сизнинг ҳолатда иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил 2ҳафтадан кўп бўлган ва 54 календарь кунни ташкил этган. Бинобарин, умумий қоидага кўра, у меҳнат таътили ёки фойдаланилмаган таътил учун компенсация ҳисоблашда қабул қилинадиган иш стажига киритилмайди.
Жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа локал ҳужжатида ёки меҳнат шартномасида хусусан иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган муддати 2 ҳафтадан кўп бўлган таътил вақтини ҳам йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажига қўшиш назарда тутилиши мумкин. Мазкур ҳолатда иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган бутун таътил даври фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблаш учун ҳам қабул қилинади.
Азизахон Тошхўжаева,
«Norma» МЧЖ эксперти.