Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 25 / Эксперт-криминалист ён дафтаридан

Экспертиза сифатини қандай яхшилаш мумкин

 

Бир томондан автомобиль саноатининг ривожланганлиги, бошқа томондан – криминал гуруҳларнинг устомонлиги, жиҳозланганлиги, қолаверса уларнинг транспорт воситаларини маркалаш тузилмаси ва хусусиятларидан яхши хабардорлиги кўп ҳолларда экспертга кузовга қўйилган маркалаш белгиларини тадқиқ этиш йўли билан транспорт воситаси идентификация рақами мазмунини аниқлаш имконини бермайди. Бундан ташқари, жиноятчилар автомобилларни маскировка қилишда устаси фаранг бўлиб кетишган. Олдинлари улар кузовдаги (шассидаги) маркалаш рақамларини шунчаки уриб чиқишган бўлса, кейинги вақтларда бу мақсадлар учун компьютер технологияларидан фойдаланишмоқда. Масалан, транспорт воситаларининг электрон бошқарув блокларида идентификацион рақамларни алмаштиришади.

 

Автомобиль маркасини ўзгартиришнинг асосий усуллари

 

Маркалаш белгиларини атайлаб, онгли равишда ишлаб чиқарувчи заводлардан ташқарида ўзгартириш усулларини ишлаб чиқарувчи корхонада хатолик билан қўйилган айрим белгилар ёки барча маркалашни тузатишдан фарқлай билиш лозим.  Унинг ўзгартирилгани тўғрисида гувоҳлик берувчи аломатлар аниқланган тақдирда, бундай ўзгартириш ниманинг натижасида юзага келганини аниқлаш муҳим масала ҳисобланади.

Бундай тузатишларнинг бир қисми хатолик туфайли ишлаб чиқарувчи корхонада қўлда ўйиб киритилганда ёки шу билан бирга маркалаш маълумотларини қалбакилаштиришда ҳам юзага келади. Тузатишларнинг бошқа қисми – фақатгина қалбакилаштиришда амалга оширилади. Қалбакилаштирилганларни эксперт-криминал бўлинмасида тегишли текширувларни ўтказгандан кейин аниқлаш мумкин бўлади. 

Маркалашни ўзгартиришнинг асосий усулларини шартли равишда 2 та гуруҳга ажратса бўлади.

Бирламчи маркалашни йўқ қилишга қаратилган биринчи гуруҳ усулида маркалаш панелининг маълум участкаси, қисми ёки бутунлай ўзи йўқ қилинади ва улар бошқалари билан алмаштирилади. Автомобилни бу ҳолда идентификация қилиш учун комплекс таҳлил зарур бўлади.

Иккинчи гуруҳдаги ўзгартириш усуллари қўлланилганда бирламчи маркалаш ва унинг аниқлаш мумкин бўлган излари сақлаб қолинади. Бу гуруҳга маркалаш маълумотларини ўзгартиришнинг қуйидаги кенг тарқалган усуллари киради:

  • бирламчи маркалаш белгиларида етишмовчи унсурларни ҳосил қилиш, улар бирламчи маркалаш белгиларининг устки қисмида талаб қилинадиган (иккиламчи) маркалаш белгиларига ўхшаш чизгиларга эга бўлади (масалан: 1-4, 6-8, 3-8);
  • бирламчи маркалашнинг алоҳида белгиларини зарблаш (зарб қилиш) ва улар ўрнига бошқа белгиларни қўйиш. Белгиларнинг ортиқча унсурлари пластик массалар билан тўлдирилади ёки эритиб қуйилади ва бўялади (масалан: 4-1, 8-3);
  • маркалаш участкасининг ўйилиши, бирламчи маркалаш устига металл қоплама ёки пластик массани ётқизиш ва ҳосил қилинган талаб қилинаётган (иккиламчи) маркалаш рельефи устига кейинчалик кузов участкасини бўёқлаш орқали ўрнатиш;
  • маркаланган участканинг ўйилиши ва бу жойга бошқа маркага эга бўлган панель участкасини ўрнатиш (пайвандлаш ёки елимлаш орқали).
  • Кузов маркаланишининг ўзгартирилишидан дарак берувчи аломатларга қуйидагилар киради:
  • белгиларнинг ноаниқ қўйилганлиги, уларнинг вертикал алмашинуви, турли интерваллар ва ўйимлар, белгилар конфигурациясининг намуналардан фарқланиши, белгилардаги бегона штрихлар;
  • эмаль қопламаси тагида устки қисмга ишлов берилганлик излари, қоплама қалинлигининг катталашуви, шунингдек маркалаш участкасида шпаклёвка қолдиқлари ёки бошқа материалларнинг мавжуд бўлиши;
  • маркалаш панели ва унга ёндош участкалар лок-бўёқ қопламасидаги фарқланишлар, яқин турувчи деталларда эмаль қипиқлари (парчалари) изларининг бўлиши;
  • маркалашнинг унинг панель орқа томонидаги тасвири билан мос тушмаслиги, белгиларнинг зарб қилиниши излари, панель қалинлигининг катталашуви;
  • маркалаш панелида пайванд чок­ларининг бўлиши, панелларнинг пайванд чоклари билан уланганлиги, пайванд нуқталарини парламаш излари ва нуқтали контакт пайвандлаш имитацияси (ёриқларнинг қалай эритмалари ёки жез билан тўлдирилиши) ва ҳ.к.

Маркалаш маълумотларининг қалбакилаштириш усулларини лок-бўёқ қатлами остидаги металл таркибида «ташқи бузулишлар»ни излаш ва таҳлил қилиш услублари белгилаб беради, уларга пайванд чокларининг мавжуд бўлиши, белгиларнинг шпаклёвка қилинган унсурлари, нуқтали пайванднинг имитацияси ва шунга ўхшашлар киради.

Тадқиқотда замонавий имкониятлар

Транспорт воситаларини маркалаш белгиларини экспертизадан ўтказиш ҳолатига илмий-техник тармоқларнинг ютуқлари таъсир кўрсатади, улар экспертизадан ўтказилаётган объектларни тадқиқ этишда қўлланиладиган замонавий услубларда акс эттирилади.

Бир қатор ҳолатларда маркалаш ўзгартирилганлигини аниқлаш мушкуллик туғдирмайди, уни эътибор билан назар ташлаганда кўз билан кўриш мумкин бўлади. Ўзгартирилган маркалаш белгиларининг бирламчи аломатларини аниқлаш мураккаброқдир. Бундай вазиятларда, аввало, тадқиқотнинг инструментал услублари сифатида назоратнинг объектни бузмайдиган замонавий жиҳозларидан фойдаланилади. Тадқиқот мазкур услубларининг, масалан дейлик, кимёвий услубдан яққол афзал томони шундаки,   унда объектнинг бирламчи хоссалари йўқ бўлиб кетмайди, уларни кўп маротаба қўллаш мумкин бўлади. Яъни такрорий тадқиқотлар ўтказилган ҳолларда уларни қайта текшириб олиш имкониятининг борлигилир.

Инструментал услубларнинг яққол афзаллиги – оддийлиги ва кўзга ташланиб туришида. Шу билан бирга кимёвий услуб бирламчи маркалаш белгиларини қайта тиклашнинг энг кенг тарқалган  классик усули ҳисобланади.

Лекин биргина ўзгаришга юз тутган белгилар ва завод лавҳларига эга маркалаш майдончаларини тадқиқ қилиш амалиёти маркалаш маълумотларини қалбакилаштириш борасидаги масалани ҳал этиш, транспорт воситасини ҳисоблар бўйича текшириш ва ҳ.к. учун зарур бўлган ахборотни олиш имкониятини пасайтиради. Транспорт воситаларининг маркаланган маълумотларини тадқиқ этиш масаласига кенгроқ ёндашиш керак. Фақат комплекс ёндашувгина тадқиқот натижаларининг ишончлилиги ва тўлиқлилигини таъминлаб беради. Бунда мазкур автомобилни тавсифлайдиган хусусиятларнинг муайян мажмуасини пухта таҳлил қилиш назарда тутилади. Яъни:

  • транспорт воситасининг рўйхатга олиш ҳужжатларини тадқиқ этиш;
  • автомобиль ишлаб чиқарилган йил, унинг модели, ва агар имкони бўлса, модификациясини, шунингдек кузов деталлари ва асосий бутлов узеллари ва автомобиль модели агрегатларининг у ишлаб чиқарилган йилга мувофиқлигини ўрнатиш;
  • лок-бўёқ қопламаси ва қайта бўяш ёки таъмирдаги бўёқлашни кўздан кечириш ҳамда зарурат бўлса, тадқиқ қилиш;
  • транспорт воситасининг модели ва ишлаб чиқарилган йилидан келиб чиқиб маркалаш жойлашувини аниқлаш;
  • маркаланадиган деталларнинг (панелларнинг) уларга туташ деталлар билан уланишини, заводдаги лавҳлар маҳкамланишини тадқиқ этиш;
  • қўшимча ва ёпиқ маркаларни тадқиқ этиш;
  • маркаланадиган деталлар бутлигини тадқиқ этиш;
  • маркаланадиган майдончалар хусусиятларини, юза қатламлар фактураларини тадқиқ этиш;
  • маркировканинг ўзини тадқиқ этиш (мазмуни, уни амалга ошириш усули, конфигурацияси, ўзаро боғлиқ ҳолда жойлашуви ва ҳ.к.);
  • унинг ўзгарганлиги аломатлари мавжуд бўлганда бирламчи маркалашни аниқлаш.

Шу муносабат билан транспорт воситаларидаги маркировкалашни тадқиқ этишга ёндашувни қайта кўриб чиқишга зарурат юзага келди. Ҳозирги вақтда транспорт воситаларининг маркировкаланадиган белгиларини эксперт тадқиқ этиш мустақил мақомга ҳам, суд экспертизаларини таснифлашда алоҳида ажратилган тегишли ўринга ҳам эга эмас, автомобилнинг бирламчи маркалаш белгиларини ўрнатиш бўйича замонавий хусусий услубияти ҳам ишлаб чиқилган эмас. Бундан ташқари, шундай тадқиқотларни ўтказишда, шунингдек экспертизаларни ўтказиш учун аҳамиятли бўлган маълумотларни олиш мақсадида халқаро ҳамкорлик соҳасида ҳуқуқий ва ташкилий хусусиятдаги ечилмаган масалалар мавжуд.

Ваҳоланки, транспорт воситаларининг маркировкаланадиган белгиларини тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати янги услубиятларни ишлаб чиқиш ҳамда ўғирланган транспорт воситаларини идентификация қилиш учун экспертиза имкониятларидан кенг фойдаланишга имкон беради. 

Эксперт амалиётига янги илмий ютуқларнинг жорий этилиши билан транспорт воситаларининг маркировка белгиларини тадқиқ этишда ҳар турли тадқиқотларнинг мажмуаси кўпроқ қўлланила бошлади. Комплекс ёндашув трасология, автотехника, кимё билимларидан фойдаланиш, ҳужжатларнинг техник-криминалистик тадқиқотини ва транспорт воситаларини ишлаб чиқариш технологиясини, шунингдек компьютер-техник экспертизани қўллашни талаб қилади. Тадқиқотга комплекс тарзда ёндашилганда турли хил илм-фанларнинг ўзаро мувофиқликда қўлланиши таъминланади. Тадқиқот ўтказиш учун экспертларнинг бисотида ҳам аввалдан мавжуд бўлган, ҳам нисбатан яқин вақт орасида аҳамиятли мавқега эга бўлган қуйидаги комплекс услубият ва усуллар бор: расмий дилерларнинг маълумотлар базасидан фойдаланиш, хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларни бошқаришнинг электрон блокларини диагностика қилиш техник услубияти, магнит толали услуб ва бошқалар. Шунинг учун транспорт воситалари маркировка белгиларини тадқиқ этишни экспертизанинг мустақил турига ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Бундай тадқиқот маркалаш асллиги ва бирламчи маркалаш белгиларининг мазмуни масаласини ҳал этиш, ва, зарурат бўлган тақдирда, транспорт воситаларини олиб қочилган ва ўғирланган автомобиллар ҳисоби бўйича текшириш учун сўровномани тузиш имконини беради. 

 

Таисия Ромаданова,
Х.Сулаймонова номидаги

РСЭМнинг суд-баллистик

ва трасология экспертизаси лабораториясининг етакчи

эксперти.

Прочитано: 481 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика