Самарқандга кейинчалик институтлардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаш мақсадида қариндошларимникига доимий яшаш учун келдим. Бухоро шаҳридаги паспорт столида ҳисобдан чиқдим. Бироқ Самарқандга келгач, паспортимни йўқотиб қўйдим ва карантин туфайли янги яшаш жойимда рўйхатга тура олмадим. Ҳозирги пайтда паспортсиз яшаяпман ва рўйхатга турмаганман.
Нима қилишим керак?
– Республиканинг бошқа ҳудудларидан доимий яшаш жойига келган ва янги яшаш жойи бўйича рўйхатга олингунга қадар паспортини йўқотиб қўйган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларнинг аризаларига кўра ички ишлар органлари томонидан паспорт йўқолгани ҳақидаги иш очилади. Паспортлар фуқаро доимий яшаш мақсадида келган жойдаги ички ишлар органлари томонидан уларни рўйхатга қўйиш асослари мавжуд бўлган тақдирда берилади.
Янги яшаш жойи бўйича рўйхатга олишга асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда паспорт олиш тўғрисидаги ариза рад этилади. Бундай ҳолларда паспорт рўйхатдан чиқишни бекор қилган ҳолда фуқаронинг олдинги рўйхатдан ўтган жойидаги ёки рўйхатга қўйишга асослар мавжуд бўлганда бошқа янги рўйхатдан ўтиш жойидаги ички ишлар органи томонидан берилади (Низомнинг 35-4-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).
Шу тариқа, Самарқанд шаҳрида рўйхат туришингиз мумкин бўлган яшаш жойингиз бўлса, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига паспорт йўқолганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш лозим. Бундан кейин сиз рўйхатга турган жойингиз бўйича паспорт олишингиз мумкин.