Ташкилотнинг солиқ тўловчи шахсий кабинетига солиқ хизматидан етказиб берувчилардан бири «шубҳали» солиқ тўловчи эканлиги ҳақида мактуб келиб тушди. Бундан кейин телефон орқали уни ҳисобдан чиқариш ва қўшимча тўлов тўлашни сўрашди.
Солиқ инспекцияси котрагент ташкилот уларнинг фикрича «шубҳали» эканлигини кўрсатиб, суммани ҳисобдан чиқаришни ва уни тўлашни талаб қилишга ҳақлими?
– Солиқ инспекцияси ёзма хабарномасиз телефон орқали қўшимча ҳисоблашни талаб этишга ҳақли эмас.
Товарлар ёки хизматларни олиш бўйича битимлар қалбаки ёки кўзбўямачилик билан тузилганлиги натижасида ҳисобга олиш ҳуқуқи пайдо бўлганлигининг исботи бўлса, солиқ инспекцияси ҳисобга олинган суммани бекор қилишга ёки унга тузатиш киритишга ҳақлидир (СК 266-м. 12-қ.).
Бунда ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан амалга оширилади. Солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади (СК 14-м. 8-қ.).
Шу боисдан, солиқ инспекциясининг талабларидан норози бўлсангиз, битим қалбаки эмаслигини тасдиқловчи маълумотларингизни юборган ҳолда уларнинг талабларини рад этишингиз мумкин. Бунда солиқ инспекцияси судда ҳақлигини исботлаши лозим бўлади.
Альберт Сафин,
«Norma» МЧЖ эксперти.