Яқин дўстларим – хорижий давлат фуқаролари. Ҳозирги пайтда улар ҳуқуқлари бузилиши сабабли ватанига қайтмоқчи эмаслар. Ўзбекистонда чет эл фуқароларига бошпана тақдим этиш тартиби назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари мавжудми?
– Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана ўзининг фуқаролиги бўйича мансуб давлатда ёки доимий яшаш жойида ижтимоий-сиёсий фаолияти, диний эътиқоди, ирқий ёки миллий мансублиги учун тақиб қилинаётган ёки тақиб қилишнинг жабрланувчиси бўлишига реал таҳдиддан, шунингдек халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари бузилишининг бошқа ҳолатларидан бошпана ва ҳимоя излаётган шахсларга ва уларнинг оида аъзоларига берилади (29.05.2017 йилдаги ПФ-5060-сон билан тасдиқланган Низомнинг 2-банди).
Қуйидаги ҳолатларда Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилмайди (Низомнинг 4-банди):
- шахс Ўзбекистонда жиноят деб тан олинадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун тақиб қилинаётган бўлса ёки БМТнинг асосий мақсад ва принципларига зид ҳаракатлар содир этишда айбдор бўлса;
- айбланувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган ёки унга нисбатан қонуний кучга кирган ва Ўзбекистон Республикасида ижро этилиши лозим бўлган суднинг айблов ҳукми мавжуд бўлса;
- тақиб қилиниш хавфи бўлмаган учинчи давлатдан келган бўлса;
у тақиб қилинмаётган учинчи давлатнинг фуқаролигига эга бўлса;
била туриб ёлғон маълумотлар берган бўлса;
- иқтисодий, экологик ёки ижтимоий сабабларга кўра, шунингдек табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар муносабати билан фуқаролиги бўйича мансуб давлатга ёки доимий яшайдиган давлатига қайтиш имкониятига эга бўлмаса ёки қайтишни хоҳламаса.
Сиёсий бошпана қидираётган шахс вақтинча прописка расмийлаштирилгандан кейин ёхуд ушбу шахсга фуқаролиги бўйича мансуб давлатга ёки доимий яшайдиган давлатга қайтиш имкониятини бермайдиган ҳолатлар вужудга келган пайтдан бошлаб етти кун ичида ўзи турган жой бўйича ҳудудий ички ишлаш органларига Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига ички ишлар томонидан тасдиқланадиган шаклда ёзма илтимоснома билан шахсан мурожаат қилиши керак. Илтимосномада Низомнинг 2-бандида кўрсатилган ҳолатлар баён этилиши лозим (Низомнинг 5, 6-бандлари).
Илтимосномага қуйидагилар илова қилинади:
- анкета-ариза 2 та нусхада;
- таржимаи ҳол 2 та нусхада;
- 3,5 х 4,5 см ўлчамли 4 та фотосурат;
- Ўзбекистон Республикасининг тиббий муассасаларидан олинган тиббий маълумотнома;
- шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси илова қилинади.
Илтимосномага ушбу масалага тааллуқли бўлган бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин (Низомнинг 6-банди).
Илтимоснома кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди (Низомнинг 14-банди).
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссия материалларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилиши учун Президентга таклиф киритади. Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан берилади (Низомнинг 15, 16-бандлари).
Санжар Хўжааҳмедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.