Республика Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 19 июнь куни Тошкент шаҳрида видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар бир қатор қонунларни кўриб чиқишди ва маъқуллашди.
Улар қаторида қуйидагилар бор:
- «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Қонун. Мазкур ҳужжат «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг мантиқий давоми бўлиб, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигини таъминлайди. Инновацион маҳсулотлар ва хизматларни яратиш ҳамда қўллаш учун қулай муҳитни шакллантириш, инновацияларни жорий этишдан манфаатдорликнинг ташкилий-ҳуқуқий тизимини такомиллаштириш, инновацион инфратузилмани ривожлантириш ҳамда инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали инновацион фаолият соҳаси ривожлантирилади. Қонунда инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатлар тартибга солинади. Бугунги кунда бор салоҳиятини намоён этиш, янги ғоя ва ишланмалари билан жамият ривожига ҳисса қўшиш ниятида бўлган, баъзан ўз ишланмаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этишда қийналаётган жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, олимлар, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, айниқса, шижоатли ёшлар учун ҳуқуқий асос бўлади. Қонунда инновация ва инновацион фаолиятга оид асосий тушунчалар, инновацион фаолиятнинг принциплари ва уни давлат томонидан тартибга солиш механизмлари белгиланмоқда;
- «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун. Ҳужжат билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги каби қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодексининг сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари айланиши билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар учун жавобгарлик кўрсатилган моддасига қўшимча киритилмоқда. Яъни таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиб, айбдор 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши белгиланмоқда. Агар болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилинса, БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима белгиланиб, жавобгарлик кучайтирилмоқда;
- «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун. Ҳужжат энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва бошқа ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада янада оқилона ва самарали фойдаланиш, қолаверса, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлиги ва замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадларини ўзида акс эттирган.
Шу билан бирга, Қонунда энергия самарадорлиги кўрсаткичларига товарларнинг мувофиқлиги бўйича мажбурий сертификатланиши тўғрисидаги норма белгиланмоқда. Бунда мутасаддиларга энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш кўрсаткичларини аниқлаш методикасини ҳамда мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлаш, энергиядан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш юзасидан қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати тартибини белгилаш вазифалари юклатилмоқда;
«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун. Мазкур Қонунда киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни назарда тутади. Хусусан, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларида чекловлар бекор қилинмоқда. Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланмоқда. Маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида 4 марта муддати 5 суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, шунингдек, манзилли колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилмоқда. Маҳкумларни жазо ўташи даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллаш комиссиясининг иш фаолияти ва уларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилмоқда.
Шунингдек, Қонун билан жазо муддатини ўташ давомида маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилмоқда. Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида уларни тинтув қилиш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишининг олди олинмоқда.
Қонун билан Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддаси тўлдирилиб, маҳкумларнинг илтимосига кўра учрашувлари ва телефон орқали сўзлашувларини кўпайтириш ҳамда видео-учрашувлар билан алмаштириш тизими жорий этилмоқда.
- «Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида»ги Қонун муҳокамасида унинг аксарият нормалари реал ҳаётий муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга солмаслиги, уларнинг асосий қисми тўлиқ ифодаланмаганлиги, белгиланган тадбирларнинг амалга ошириш механизмлари мавжуд эмаслиги алоҳида қайд этилди. Хусусан, Қонуннинг 7-моддасида фуқаролар жамоат тартибини сақлашда иштирок этганда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилиши белгиланган бўлса-да, Қонунда уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилмаган.
Шу билан бирга, жамоат тартибини сақлашда иштирок этувчи шахсларнинг реестри ва уни юритувчи органлар фаолияти билан боғлиқ масалалар назарда тутилмаган ҳамда Қонуннинг 8-моддасида жамоат тартибини сақлашда фуқароларнинг иштирок этиши билан боғлиқ чекловлар тўлиқ кўрсатилмаган.
Шунингдек, Қонунда фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш мақсадида жамоат тузилмалари тузиш ва уларнинг фаолиятида қатнашиш, жамоат тартибини сақлашда якка тартибда ёки жамоа бўлиб иштирок этиш билан боғлиқ шакллар баён этилмаган.
Сенаторлар томонидан Қонуннинг айрим моддаларида фуқароларнинг бевосита ҳуқуқларига оид масалаларни очиб бермасдан, давлат органлари ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши белгилаб ўтилганлиги ҳамда тўғридан-тўғри амал қилиши лозим бўлган қонун нормаларининг қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши ёки қонунда акс эттирилмаслиги тор доирадаги идора манфаатларини ва қисқа муддатли мақсадларни кўзлаши мумкинлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, аксарият ҳолларда ижтимоий муносабатлар қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши қонунларнинг мақоми кучсизланишига, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларнинг йўқлигига, масалаларни комплекс ёндашмай тарқоқ ҳолда ҳал этишга олиб келади. Қонун нормаларини тўлиқ очиб бермаслик ва амалга ошириш механизмларини акс эттирмаслик ҳуқуқий зиддиятлар ҳамда суиистеъмолчиликларни келтириб чиқариши, бюрократик тартиб-таомилларни кучайтириши, қонунларни четлаб ўтишга қаратилган кўплаб қарорлар қабул қилинишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу жиҳатдан сенаторлар томонидан Қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Юқори палата аъзолари Вазирлар Маҳкамасига чиқиндилар билан боғлиқ масалаларда вужудга келган муаммолар ва уларнинг аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Қайд этилганидек, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонуннинг жойларда ижро этилиши ҳолатини ўрганиш жараёнида соҳада зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлиги аниқланган. Хусусан, масъул давлат органлари томонидан атроф-муҳитни асраб-авайлаш, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, уларни қайта ишлаш, чиқинди полигонларини санитария талаблари асосида ташкил қилиш ишлари етарлича мувофиқлаштириб борилмаган. Чиқиндиларни саралаш, тўплаш, зарарсизлантириш ва утилизация қилиш тўғри ташкил этилмаган.
Ҳосил бўлаётган саноат ва қурилиш чиқиндиларини ҳисоб-китоб қилиш ишлари, яъни тўплаш, жойлаштириш ва қайта ишлаш тизими бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди. Ҳар йили республикамизда 35 млн кубометрга яқин маиший, 100 млн тоннадан ортиқ саноат чиқиндиси ҳосил бўлади. Унинг 10 фоизи ҳам қайта ишланмайди. Ушбу йўналишда замонавий бошқарув шакллари ва усуллари етарлича жорий этилмаганлиги қайта ишлаш корхоналаридан самарали фойдаланиш имконини бермаяпти.
Ўрганиш жараёнида республикамизда фойдаланиб келинаётган 195 та қаттиқ маиший чиқинди полигонининг ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Натижада қаттиқ маиший чиқинди полигонларидан фойдаланиш борасида қатор муаммолар мавжудлиги ва чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари томонидан тегишли чоралар кўрилмагани маълум бўлди. Бу эса, ўз навбатида, ушбу ҳудудларда яшовчи аҳоли орасида турли юқумли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Шунга асосан ушбу масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги оқибатида биргина 2019 йилда мамлакат бўйича жами 6 млн дан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилган. Оқибатда 8 588 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 7 943 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 096 нафар шахс ҳалок бўлган. 2020 йилнинг биринчи чорагида эса 1 229 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 376 нафар фуқаро вафот этган.
Таҳлилларга кўра, қоидабузарликларни автоматик аниқлайдиган фото ва видео мосламалар, шунингдек, онлайн режимида ишловчи фото радарлар ўрнатиш билан боғлиқ ишлар суст олиб борилмоқда. Бундан ташқари, автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини ахборотлар билан таъминлаш, йўл бўйидаги инфратузилмани халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб масалаларга лозим даражада эътибор қаратилмаган.
Шу каби камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида сенаторлар янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларини такомиллаштириш кераклигини таъкидлашди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат аъзолари тегишли қарорлар қабул қилишди.
Ялпи мажлисда Сенат аъзолари 16 та масалани, шу жумладан, 9 та қонунни кўриб чиқди, шундан биттаси рад этилди.
ЎзР Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати материали асосида.
ЎзА.