Ўзбекистоннинг «А» компанияси айланмадан олинадиган солиқни тўловчи ҳисобланади. Ўзбекистоннинг бошқа «В» компанияси умубелгиланган солиқларни тўловчи ҳисобланади ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади. «А» компанияси «В» компанияси билан воситачилик шартномасини тузди, унга кўра «А» компанияси – воситачи, «В» компанияси – комитент. «А» компанияси сотувчи сифатида комитентнинг тайёр маҳсулотини экспорт қилишга хорижий компания (харидор) билан шартнома тузди. Сотувчи ва харидор билан тузилган шартномага мувофиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчининг (комитент) омборидан берилди. Комитент воситачига маҳсулотни реализация қилганлиги учун ҳақ тўлайди.
1. Компания-комитентнинг маҳсулоти воситачи томонидан реализация қилинганда, у экспорт қилувчи ҳисобланадими?
2. Бундай реализация қилиш ҚҚС ҳисоб-китобига қайси иловада акс эттирилади ва харидор сифатида ким кўрсатилади: воситачими ёки хорижий харидорми?
1 Комитентнинг маҳсулоти воситачи орқали экспортга реализация қилинганда, комитент-компания экспорт қилувчи ҳисобланади. Бошқа ҳужжатлар қаторида воситачи орқали амалга ошириладиган экспорт операцияларини тасдиқлаш учун солиқ органларига воситачилик шартномаси ҳам тақдим этилади (СК 261-м. 2-қ.).
2 Воситачи орқали экспортга маҳсулот реализация қилинганда комитент реализацияни Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига (1-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-«Қўшилган қиймат солиғидан озод этилган ва солиқ даврида ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар» иловасининг 040, 041-сатрларида ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган товарларни реализация қилиш сифатида акс эттиради. Шунингдек Ҳисоб-китобга 7-«Йил бошидан товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар» иловаси тўлдирилиши лозим, сабаби товарларни экспортга реализация қиладиган солиқ тўловчилар учун ушбу илова автоматик тарзда тўлдирилмайди (my.soliq.uz сайтидаги Ҳисоб-китобга 7-иловага изоҳ).
Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактураларда (ҳисобварақ-фактуралар ўрнини босувчи ҳужжатларда) (Ҳисоб-китобга 5-илова) комитент харидор сифатида унинг маҳсулотини сотиб олган хорижий компанияни кўрсатади. Воситачи харидор ҳисобланмайди.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.