СССР паспортига эга эдим, уни Қирғизистонда олганман. Ўзбекистонга 1992йил 1 апрелда келганман. ОВИРга Ўзбекистон фуқаролигини олиш масаласи бўйича мурожаат қилдим. 9-сон шаклни беришди. 1996 йилгача чўзишди ва яшаш гувоҳномасини беришди. Ҳозирга қадар ҳар 5 йилда унинг муддатини узайтираман.
Нега ҳозирга қадар менга Ўзбекистон фуқаролигини беришмаяпти, ушбу вазиятда қандай йўл тутишим керак?
– «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ 1996 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига келган ва доимий прописка қилинган, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахслар учун яшаш гувоҳномасига асосан яшаб келаётган шахслар фуқароликни олиш истагини билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб эътироф этилади.
Шу тариқа, Ўзбекистонга 1992 йилда келиб, 1996 йил 1 январга қадар республика ҳудудида доимий прописка қилинмагансиз ва 9-сон шакл бўйича яшаб келгансиз, ушбу шакл ички ишлар органларида паспорт йўқолганлиги тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш даврида берилган вақтинча маълумотнома ҳисобланади. Бу сизнинг эмас, паспорт столидагиларнинг айбидир, Ўзбекистонга Қонун кучга киргунига қадар – 1992 йил 28 июлга қадар келганингиз сабабли улар сизни доимий пропискадан ўтказиши ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини бериши лозим эди. (Қонуннинг 4-моддаси).
Шу муносабат билан фуқаролиги бўлмаган шахс мақомини қайта кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш ҳуқуқига эгасиз, сабаби фуқаролик масалаларига оид аризаларни қабул қилишдан асоссиз бош тортганлик, аризани кўриб чиқиш муддатлари бузилганлик, шунингдек мансабдор шахсларнинг фуқаролик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартибини ва фуқаролик масалаларига оид қарорларни ижро этиш тартибини бузадиган бошқа ноҳақ хатти-ҳаракатлари хусусида улар бўйсунадиган юқори мансабдор шахсга ёки судга қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин (Қонуннинг 44-моддаси).
Санжар Хўжааҳмедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.