Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 32 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

 

Бизнес ва тадбиркорлик, корпоратив ва лойиҳа бошқаруви, менежмент соҳасида бошқарув кадрлари ва мутахассисларни тайёрлаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқ тубдан такомиллаштириш ва уларнинг профессионал савиясини ошириш, шунингдек, бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини бошқаришнинг замонавий усулларини жорий этишни илмий-методик қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 мартдаги ПФ-5975-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига (кейинги ўринларда – Иқтисодий тараққиёт вазирлиги) ўтказилганлиги ва уларнинг негизида Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби (кейинги ўринларда – Олий мактаб) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Олий мактабнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

республика иқтисодиётини ривожлантиришга зарур бўлган бошқарув кадрлари, шу жумладан олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

кичик бизнес ва тадбиркорлик, рақамли иқтисодиёт, рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш, маркетинг, менежмент ва иқтисодиётнинг талаб юқори бўлган бошқа йўналишлари бўйича магистрларни, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;

иқтисодиётда эркин рақобат муҳитини шакллантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, товар ва молия бозорларида монопол мавқега эга бўлган корхоналарга қўлланилган имтиёз ва преференциялар самарадорлигини баҳолаб бориш ва тегишли масалалар бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;

ҳалқаро эътироф этилган хорижий олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда, корпоратив ва лойиҳа бошқаруви ҳамда бошқа соҳаларда бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорликда дастурларни (joint programs) амалга ошириш;

аҳолининг тадбиркорликка қизиқиши бўлган қатламларини ҳамда тадбиркорларни бизнес ва тадбиркорлик кўникмалари бўйича қисқа муддатли пулли, хусусан, кейинчалик бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ўқитишни ташкил этиш;

оилавий тадбиркорлик дастурлари орқали кредит олишни мўлжаллаган аҳоли қатламлари учун қисқа муддатли ўқитишни ташкил этиш;

аҳоли ҳамда тадбиркорларга тадбиркорлик ва бизнесга оид ўқув материалларини (жумладан, электрон шаклда) тайёрлаш.

3. Қуйидагилар:

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг тузилмаси 1-иловага** мувофиқ;

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий филиалларининг намунавий тузилмаси 2-иловага** мувофиқ;

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг Васийлик кенгаши таркиби 3-иловага** мувофиқ;

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистратурасига ўқишга қабул қилиш ва уни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага** мувофиқ;

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистратурасини тамомлаганлик тўғрисидаги давлат дипломининг намунаси 5-иловага** мувофиқ;

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг қисқа муддатли малака ошириш курсларини тамомлаганлик тўғрисидаги сертификат намунаси 6-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки:

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги Олий мактабнинг муассиси ҳисобланади;

Олий мактаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув олий мактаби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика марказининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Олий мактаб корпоратив бошқарув ва лойиҳа бошқаруви, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича олий таълим муассасаси ҳисобланади;

Олий мактаб директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

5. Олий мактабга Иқтисодий тараққиёт вазирлиги билан келишган ҳолда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб вазирликлар, идоралар ва тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёжлари ва стратегик ривожланишидан келиб чиққан ҳолда, соҳавий хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма «икки диплом» (double degree) модели асосида магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишни ҳамда илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни ташкил этиш ҳуқуқи берилсин.

6. Қуйидагилар Олий мактаб фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолияти, хизматларни тижоратлаштириш ва экспорт қилиш, инновацион фаолият натижалари, стартап лойиҳалар асосида тушадиган маблағлар;

бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига ва молия бозоридаги бошқа воситаларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Олий мактаб раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари), профессор-ўқитувчилари ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш, илмий даражага бериладиган қўшимчалар ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш мақсадида Олий мактабнинг бюджетдан ташқари Ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Олий мактаб жамғармаси) ташкил этилсин ва унинг молиявий манбаи этиб тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар белгилансин.

Олий мактаб жамғармаси бюджет маблағлари (бюджет ташкилотлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш учун меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида назарда тутилган) билан бир қаторда тўлов-контракт асосида тушадиган маблағлари ҳисобидан Олий мактаб раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари), профессор-ўқитувчилари ва ходимларни моддий рағбатлантириш учун меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 185 фоизигача миқдорида ташкил этилсин.

Олий мактаб жамғармасининг маблағлари Олий мактаб штатидаги бошқарув, профессор-ўқитувчилар ва ходимларга тариф ставкасининг 200 фоизгача миқдорда ҳар ойлик устамалар белгилашга йўналтирилсин.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) мазкур қарор 2-бандининг олтинчи—саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган вазифалар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

б) Олий мактаб ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан аҳоли ва тадбиркорлар учун ўқув курсларини ташкил этишда фойдаланиладиган давлат мулки бўлган бино ва хоналарнинг майдонларига ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари аудиторияларида текин фойдаланиш асосида ва коммунал хизматлар тўловисиз ўқув курсларини ўтказишга рухсат этилади;

в) Олий мактаб магистратурасида таълимнинг кечки шаклида таҳсил олаётган тингловчилар билан тузилган амалдаги шартномалар белгиланган муддатгача ўз кучида қолади.

9. Иқтисодий тараққиёт вазирлиги:

а) икки ҳафта муддатда Олий мактаб уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

б) бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Олий мактаб ҳудудий филиалларини жойлаштириш чораларини кўрсин;

в) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда Олий мактабнинг профессор-ўқитувчилари таркибини танлаб олиш тартибини белгиланган тартибда тасдиқласин;

бир ой муддатда Олий мактаб ходимларини аттестациядан ўтказсин ва юқори даражадаги зарур замонавий билимларга ва кўникма ҳамда иш тажрибасига эга бўлган раҳбар ва педагогик мутахассислар билан таъминласин;

икки ой муддатда Олий мактабда ўқитишнинг кредит-модуль тизими тўғрисидаги низомни, олий таълимнинг сиртқи ва масофавий таълим шаклида ўқув жараёнини ташкил этиш тартибини ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув режаларини, фан дастурларини ва бошқа ички меъёрий ҳужжатларни танқидий қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.

10. Олий мактаб:

а) қуйидаги мажбурий жўнатмалар реестрига киритилсин:

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, Давлат статистика қўмитаси, молия, иқтисодий тараққиёт, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура, Олий суд, бошқа вазирликлар ва идораларнинг статистик маълумотлари;

ижтимоий-иқтисодий соҳадаги хорижий матбуот шарҳлари, шу жумладан Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институтининг таҳлилий маълумотномалари;

б) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда қўшимча ҳукумат алоқаси ва зарур алоқа канали ҳамда кенг полосали Интернет тармоғи билан таъминланади;

в) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан «Электрон таълим» миллий тармоғига ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фондига ва етакчи хорижий лицензияланган ахборот-кутубхона ресурслари фондларига кириш имконияти билан таъминланади.

11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Иқтисодий тараққиёт вазирлиги йиғимлар ва бошқа тўловлар ундирмасдан икки ҳафта муддатда қайта ташкил этилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабининг ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика марказининг:

Олий мактабга ўтказилаётган автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги идораларида қайта рўйхатдан ўтказсин;

кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини Олий мактабга белгиланган тартибда ўтказилишини таъминласин.

12. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Иқтисодий тараққиёт вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

13. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 7-иловага** мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 30 июль

460-сон. 

Прочитано: 629 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика